Янгиланиш ва бирдамлик тимсоли — Наврўз шукуҳи юртимизда

Янгиланиш ва яшариш фасли — баҳор нафаси юртимизга кириб келиши билан халқимиз энг қадимий ва ардоқли байрамлардан бири — Наврўзни катта шоду хуррамлик билан кутиб олади.
Айни пайтда ушбу улуғ байрамга саноқли кунлар қолди. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида байрам шодияналари ҳукм сурмоқда. Уч минг йилдан зиёд тарихга эга бўлган Наврўзи олам — шарқона янги йил сифатида янгиланиш, баҳор нафаси ва табиат уйғонишини ифода этади.

Хусусан, бошқарма томонидан Наврўз муносабати билан катта тайёргарлик кўрилиб, тизимдаги барча ташкилот ва бўлимларда ҳашарлар уюшқоқлик билан ташкил этилди. Атроф-муҳитни ободонлаштириш, ҳудудларни тозалаш ва кўкаламзорлаштириш ишларига алоҳида эътибор қаратилди. Бу жараёнларда ходимларнинг фаол иштироки нафақат иш жойларининг обод бўлишига, балки жамоадаги ҳамжиҳатлик ва бирдамликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Шунингдек, тизимда узоқ йиллар самарали меҳнат қилиб келаётган, ўз вазифасига сидқидилдан ёндашган бир гуруҳ фидойи ходимлар бошқарма бошлиғининг фахрий ёрлиқлари билан тақдирланди. Бу эса меҳнат аҳлининг қадрланиши, уларнинг келгуси фаолияти учун янада катта рағбат ва илҳом бағишлаши билан аҳамиятлидир.
Наврўз байрами доирасида ташкил этилган маданий тадбирлар, миллий таомлар сайллари ва дўстона учрашувлар байрамга янада файз бағишлади. Айниқса, деҳқон ва боғбонлар учун бу айём алоҳида аҳамият касб этиб, улар янги мавсумга катта умид ва орзулар билан қадам қўймоқдалар. Зеро, “Қадаминг қутлуғ келсин, Наврўз” деган эзгу тилаклар халқимизнинг қалбидан чуқур жой олган.

Байрам шукуҳи бугун ҳам юртимиз бўйлаб давом этмоқда. Бир сўз билан айтганда, Наврўз — гўзал ва самимий ниятлар, кўтаринки руҳ, меҳр-оқибат ва эзгулик байрами сифатида нишонланмоқда. Зеро, у ўз бағрида баҳор нафасини, яшариш ва янгиланишни мужассам этган муқаддас айёмдир.
Рахмиддин Қодиров, Сурхондарё вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бош мутахассиси



