«3 ОЙ СИНАБ КЎРАМИЗ»: БУ ҚОНУНИЙМИ?

Меҳнат шартномаси тузилмасдан ходимни дастлабки синов муддати билан ишлатиш мумкинми?
Ишга қабул қилиш жараёнида баъзан фуқарога: «Аввал 3 ой ишлаб кўринг, ишингиз маъқул келса, кейин меҳнат шартномасини расмийлаштирамиз», деган таклиф билдирилиши мумкин. Бир қарашда бу оддий амалиётдек туюлади. Аммо меҳнат қонунчилиги нуқтаи назаридан бундай ҳолатга жиддий эътибор қаратиш лозим.
Дастлабки синов — шартномасиз ишлаш дегани эмас
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексига кўра, дастлабки синов ходимнинг муайян ишга лаёқатлилигини текшириш ҳамда ходимнинг ушбу ишни давом эттириш мақсадга мувофиқлиги ҳақида қарор қабул қилиши учун белгиланиши мумкин.
Энг муҳим жиҳати шундаки, дастлабки синов меҳнат шартномаси билан боғлиқ бўлади. Яъни «синов муддатида шартнома керак эмас» деган қоида мавжуд эмас. Меҳнат шартномасида дастлабки синов ҳақида шарт кўрсатилиши лозим.
Шунинг учун ходимни меҳнат шартномасини расмийлаштирмасдан 3 ой ишлатиб, кейин уни ишга қабул қилиш ёки қилмаслик ҳақида қарор қабул қилиш — дастлабки синовнинг қонунчиликда белгиланган тартиби эмас.
3 ойлик дастлабки синов белгиланиши мумкинми?
Ҳа, қонунчиликда бундай имконият мавжуд. Меҳнат кодексининг 130-моддасига мувофиқ, оддий ҳолатда дастлабки синов муддати уч ойдан ошмаслиги керак. Ташкилот раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари, бош бухгалтерлар ҳамда ташкилот алоҳида бўлинмаларининг раҳбарлари учун эса дастлабки синов муддати олти ойгача бўлиши мумкин.
Демак, ходим учун 3 ойлик синов белгиланиши мумкин, лекин бу муддат меҳнат муносабатлари расмийлаштирилган ҳолда амалга оширилади.
Синов даврида ходимнинг ҳуқуқлари борми?
Албатта. Дастлабки синов даврида ҳам ходимга меҳнат қонунчилиги ва меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар тўлиқ татбиқ этилади. Бундан ташқари, дастлабки синов даври меҳнат стажига, шу жумладан ҳар йилги меҳнат таътили олиш ҳуқуқини берувчи иш стажига ҳам киритилади.
Шу сабабли «синовда ишлаяпти, шунинг учун унинг меҳнат ҳуқуқлари ҳали бошланмаган» деган қараш нотўғри.
«Синовда ишлагани учун ҳақ тўланмайди» деган гап-чи?
Дастлабки синов ходимни ҳақ тўланмайдиган ишчига айлантирмайди.
Синов даврида ходимга меҳнат қонунчилиги тўлиқ татбиқ этилгани сабабли, меҳнат муносабатлари расмийлаштирилган бўлиши ва ходим меҳнат шартномасида белгиланган меҳнат вазифаларини бажариши лозим. Шунинг учун «3 ой текин ишлаб туринг, кейин расмийлаштирамиз» деган ёндашувни дастлабки синов сифатида баҳолаб бўлмайди.
Синовдан ўтмаса, нима бўлади?
Дастлабки синовнинг мақсади ходимнинг муайян лавозимга мослигини текширишдан иборат.
Меҳнат кодексининг 132-моддасига кўра, дастлабки синов муддати тугагунига қадар тарафларнинг ҳар бири иккинчи тарафни камида уч кун олдин ёзма равишда огоҳлантирган ҳолда меҳнат шартномасини бекор қилиши мумкин.
Агар иш берувчи синов натижасини қониқарсиз деб топса, ходимнинг синовдан ўтмаган деб эътироф этилишига асос бўлган сабабларни кўрсатиши лозим.
Ходим нималарга эътибор бериши керак?
Ишга қабул қилинаётганда фуқаролар қуйидаги жиҳатларга эътибор қаратишлари муҳим:
- Меҳнат шартномаси расмийлаштирилганми?
- Дастлабки синов ҳақидаги шарт меҳнат шартномасида кўрсатилганми?
- Синов муддати қанча экани аниқ белгиланганми?
- Иш ҳақи ва бошқа меҳнат шартлари келишилганми?
- Ишга қабул қилиш тегишли тартибда расмийлаштирилганми?
Бу масалаларга эътибор қаратиш ходимнинг меҳнат ҳуқуқлари ҳимоя қилинишида муҳим аҳамиятга эга.
Меҳнат шартномаси тузилмасдан ходимни 3 ойлик «дастлабки синов» билан ишлатиш мумкин эмас.
Қонунчиликда назарда тутилган дастлабки синов — бу меҳнат муносабатларини расмийлаштирмасдан ишлатиш механизми эмас. Аксинча, у меҳнат шартномаси доирасида белгиланади ва синов даврида ходимнинг меҳнат ҳуқуқлари қонунчилик билан ҳимоя қилинади. Шу боис иш берувчилар меҳнат муносабатларини белгиланган тартибда расмийлаштириши, ходимлар эса ишга қабул қилинаётганда меҳнат шартномаси шартлари билан танишиб чиқиши муҳим.
Ҳуқуқий асос: Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси, 126–132-моддалар.
Отажон Имомов, Сурхондарё вилоят Озиқ – овқат маҳсулотлари хавфсизлиги бош бошқармаси мутахассиси



