Куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш — устувор вазифа

Куз-қиш мавсумида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, электр қурилмаларидан тўғри ва хавфсиз фойдаланиш ҳамда турли кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан биридир. Шу мақсадда Сурхондарё вилояти Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги бош бошқармасида Ўзбекистон Республикасининг «Ёнғин хавфсизлиги тўғрисида»ги ЎРҚ-226-сонли Қонуни ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 октябрдаги 649-сонли қарори талаблари ижросини таъминлаш юзасидан «Куз-қиш мавсумида электр қурилмаларидан хавфсиз фойдаланиш ва ёнғинларнинг олдини олиш» мавзусида семинар ташкил этилди. Унда Термиз шаҳар Фавқулодда вазиятлар бўлими Фавқулодда вазиятлар профилактикаси бўлинмаси инспектори, лейтенант М. Даминов, кичик инспектори, кичик сержант С. Жовлиев ҳамда бошқарма мутахассислари иштирок этди.
Семинар давомида мутахассислар томонидан куз-қиш мавсумида ҳаво ҳароратининг пасайиши натижасида электр энергиясига бўлган талаб ортиши, бу эса электр тармоқларида ортиқча юклама юзага келтириши мумкинлиги алоҳида таъкидланди. Бундай ҳолатлар электр жиҳозларининг қизиб кетиши, қисқа туташув ва ёнғин каби фавқулодда вазиятларга сабаб бўлиши мумкинлиги тушунтирилди. Шунингдек, иштирокчиларга электр қурилмаларидан фойдаланишда қуйидаги муҳим хавфсизлик қоидаларига қатъий амал қилиш зарурлиги уқтирилди. Фақат соз ва стандарт талабларга жавоб берадиган электр жиҳозларидан фойдаланиш, қўлбола ва носоз иситиш мосламаларини ишлатмаслик, электр тармоқларига бир вақтнинг ўзида бир нечта юқори қувватли қурилмаларни улаб, ортиқча юклама ҳосил қилмаслик, электр иситиш мосламалари ва бошқа қурилмаларни қаровсиз қолдирмаслик, иш якунида ҳамда бинодан чиқишдан олдин уларни электр тармоғидан узиш, электр симлари изоляциясининг бутунлигини, автоматик ҳимоя ўчиргичлари ва бошқа электр ҳимоя воситаларининг созлигини мунтазам текшириб бориш таъкидланди.
Тадбир давомида ёнғин содир бўлганда тўғри ҳаракат қилиш, ёнғин хавфсизлиги талабларига амал қилиш ва фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш борасида ҳам зарур тавсиялар берилди.
Семинар якунида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга соҳа мутахассислари томонидан атрофлича жавоблар қайтарилди. Бугун ёнғин хавфсизлиги қоидаларига амал қилиш — ҳар биримизнинг масъулиятимиз. Куз-қиш мавсумини талалафотларсиз ўтказиш, инсонлар ҳаёти ва саломатлиги, мол-мулк ҳамда моддий бойликларни асрашда огоҳлик ва эҳтиёткорлик муҳим аҳамият касб этади.



