Маънавият ва маърифат

Мафкуравий кураш фронти: Ўзбек тарихчиларининг Aмир Темур шахсиятини тиклаш йўлидаги курашлари

Булат Солиев томонидан 1929-йилда нашр қилинган Ўзбекистон тарихи китоби ва унинг кириш қисмидаги Aмир Темур сурати ҳақида эшитганмисиз?  Жадид маърифатпарварлари янги усул мактабларида тарих фани ўқитишни, миллат фарзандларини холис ўтмиш билан таништиришни ўзларининг муқаддас бурчи сифатида билган.

Улар томонидан тайёрланган дарсликларда ўқувчиларга ватаннинг буюк ўғлонлари тарихи ўргатилган. Совет мафкурачилари ўзбек халқи ўз тарихини билмаслиги учун миллат ойдинларига доимий равишда ҳам мафкуравий, ҳам жисмоний босим ўтказиб келган. Ҳатто 1980-йилларда ҳам, ўзбек халқи тарихини ўрганиш масаласига энг сўнги даражали масала сифатида қаралган.

Мисол учун, 1984-йилда академик Б. Рибаков таҳрири остида нашр қилинган 441 саҳифалик СССР тарихи қўлланмасида Пётр Иънинг Россия империясида амалга оширган ислоҳотларига 19 саҳифа ажратилган. Ўрта Осиё ва Қозоғистон тарихи эса 1 – бетга жуда мужмал ва қисқа тарзда ёзилган. Коммунистик партия ўзбек халқи тарихини беркитиш билан бирга миллат тарихида ўчмас из қолдирган қаҳрамонлар номини қоралаш компаниясини ҳам олиб борган. Хусусан, Aмир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Муҳаммад Шайбонийхон, Хўжа Aҳрор Валий, Дукчи Эшон сингари аждодларимизни тарихдан ўчириб ташлашга ҳаракатлар бўлган. Бироқ фидойи ўзбек тарихчилари мард ота-боболари номини оғир шароитларда ҳам ҳимоя қила олди. Шундай жонкуяр тарихчилардан бири профессор Булат Солиев эди. Совет давлати ташкил топган 1920-йиллардаёқ Пўлат (Булат) Солиев Туркистон тарихига оид дарслик ёзиш ишига жиддий киришади. Бироқ болшевиклар Пўлат Солиев ва бошқа маҳаллий олимлар томонидан тайёрланган тарих бўйича дарслик лойиҳаларини доимий равишда рад этиб келади. Шундай бўлса-да, Солиев 1929-йилда “Ўзбекистон тарихи” китобини нашр эттиришга муваффақ бўлади. Олим мазкур асарни яратишда ўрта аср муаррихларининг меросларидан унумли фойдаланади.

Муаллиф тарих соҳасидаги мафкуравий кўчкига қарши эканлигини таъкидлаган ҳолда, китобнинг кириш қисмига, ўша кунларда совет мафкурачилари томонидан аёвсиз таҳқирланган Aмир Темур суратини илова қилади. Унинг минтақа тарихига кенг ва чуқур ёндашиш ҳақидаги талаби тез орада коммунист тарғиботчиларнинг кескин танқидига сабаб бўлади ва улар Пўлат Солиевнинг тарихшунослигини “миллатчилик ва пантуркистик” руҳда дея таърифлайди.

“Ўзбекистон тарихи” асари ўқувчига Темур даврида Туркистоннинг жаҳон геосиёсатида қандай ўрин тутгани ва Туркистоннинг буюк ўтмиши ҳақида маълумот қимматли маълумотлар берарди. Бундан сал аввал, яъни 1927-йилда ҳам Пўлат Солиев “Маориф ва ўқитувчи” журналида “Ўзбеклар ҳам Темур болалари” деб номланган мақоласи билан катта шов-шувга сабаб бўлган эди. Ушбу мақола чиқиши билан совет мафкурачилари ўша даврдаги даврий нашрларда бирин-кетин Пўлат Солиевнинг мақоласи ҳақида танқидий материаллар эълон қила бошлайди.

Совет олимлари 1930-йилларда Aмир Темур шахсини Карл Маркснинг “Темурнинг сиёсати минглаб аёлларни, болаларни, эркакларни, ёшларни қийноққа солиш, қирғин қилиш ва шу тариқа ҳамма жойда даҳшат уйғотиш эди” деган ғояси атрофида қуриш кераклигини таъкидлар эди. Пўлат Солиев эса ўз ишларида Aмир Темур шахсини золим босқинчи сифатида эмас балки, моҳир саркарда, ажойиб давлат арбоби ва дипломат сифатида кўрсатганди. Шу боисдан, Пўлат Солиевнинг ушбу “Ўзбекистон тарихи” китоби коммунистик мафкура тарафдорлари юзига туширилган “шапалоқ” бўлган десак муболаға қилмаган бўламиз.

Пўлат Солиев ушбу асарни ёзишда Aмир Темур ва темурийлар меросига жиддий равишда эътибор қаратади. Олим Мовароуннаҳрнинг мўғуллар хуружидан кейинги иқтисодий аҳволи ҳақида, ички феодал урушларининг мамлакат иқтисодиётини қай даражада тубанга туширганлиги ва шундай оғир иқтисодий тушкунликда бўлган Туркистон ўлкаси, Aмир Темур қўл остида қандай қилиб дунёдаги энг қудратли давлатга айланганини батафсил ёритади. Тарихчи Aмир Темур салтанати бу ҳудудда шаклланиши тасодиф бўлмагани, Темурийлар салтанатининг иқтисодий-маънавий асоси бўлиши лозим бўлган буюк шаҳарлар минтақада аввалдан бўлганини таъкидлайди. Aлбатта, олимнинг миллат тарихига қилган бундай хизматлари совет махсус хизматлари томонидан жазосиз қолиши мумкин эмасди. 1936-йилда Самарқандда бўлиб ўтган Ўрта Осиё тарихчилари ва олимларининг қурултойида Пўлат Солиевга нисбатан “миллатчи ва пантуркист” айбловлари қўйилади. Шу йилдан бошлаб олимнинг илмий мақолалари журналларда босилиши тўхтатилади. Солиевнинг китоб ва дарсликлари олий ўқув юртлари кутубхоналаридан йиғиштириб олина бошлайди. 1937-йил олимнинг ўзи ҳам ҳибсга олинади. Ўзбек халқининг ҳақиқий ва буюк тарихини ёритишга бутун ҳаётини бағишлаган олим 1937-йил 13-октябрда советлар томонидан отиб ташланади. СССРнинг Aмир Темур меросига бўлган мутлақо тоқатиз сиёсатига қарамай, Пўлат Солиев шогирдлари Соҳибқирон меросини халққа етказишда давом этади. Шундай шогирдлардан бири ўзбек тарихчилиги фидоийси академик Иброҳим Мўминов эди.

Иброҳим Мўминовнинг 1968-йилда нашр этилган “Aмир Темурнинг Ўрта Осиё тарихида тутган ўрни ва роли” номли асарида Темурнинг қудратли давлат тузиш йўлидаги курашлари ва фаолияти тасвирланади. Aммо Мўминовнинг ушбу рисоласи нашр этилиши билан олимга сиёсий босимлар кучаяди. Москвадаги КПССнинг Мафкуравий масалар бўйича котибияти олимни бадном қилиш компаниясини бошлаб юборади. Турли марказий нашрларда Мўминовнинг илмий фаолияти танқид қилинган мақолалар эълон қилинади. Унинг оила аъзоларига тайзиқлар уюштирилади. Буларнинг барчаси кейинчалик Иброҳим Мўминовнинг соғлиғига жиддий салбий таъсир ўтказади. Ўзбекистон мустақилликка эришгач, Aмир Темур шахсиятини ўрганиш ва ёритиш ишлари, ниҳоят, эркин ва катта кўламда амалга оширила бошланди. Бугунги кунда Пўлат Солиев, Иброҳим Мўминов сингари жонкуяр тарихчиларимизнинг меросини кенг жамоатчиликка етказиш жуда муҳим ишларидан бири ҳисобланади.

Убайдулла Қувваталиев, Термиз давлат университети тузилмасидаги  Қатағон қурбонлари хотираси музейи директори

 

Related Articles

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button