ЖамиятМаънавият ва маърифат

   ИНСОН ХАЁТИ –УЛУҒ НЕЪМАТ

Инсонга берилган неъматлар беҳисобдир. Уларнинг ичида энг буюкларидан бири — ҳаёт ва тириклик неъматидир. Зеро, айнан шу неъмат инсоннинг бошқа барча неъматлардан фойдаланишига, юртга,ватанга жамиятга яхшилик қилишга   сабаб бўлади.

Дарҳақиқат, динимиз инсон ҳаётини энг улуғ қадриятлардан бири сифатида эътироф этади. Шунинг учун ҳам Қуръони каримда инсон нафақат ўз жонига, балки бошқаларнинг ҳаётига ҳам зарар етказишдан қатъий қайтарилган. Инсон нафақат ўз ҳаётини асраши, балки бошқаларнинг ҳаётини ҳам ҳурмат қилиши шарт.  Шуниси ҳам аниқки, инсон ҳаёти доим бир хил неъматлар ичида кечмайди — гоҳида енгил, гоҳида оғир, баъзида хурсандчилик, баъзида мусибатлар билан синовдан ўтади. Демак, инсон турли қийинчиликларга дуч келиши табиий ҳол. Демак, имонли кишилар ҳаётда ҳеч қачон тушкунликка тушмаслиги керак, балки яхшиликдан умидвор бўлиб, доим ҳаракатда бўлиши лозим. Афсуски, аҳён-аҳёнда ўз жонига қасд қилган кишилар ҳақидаги сўзлар қулоғимизга чалинади.

Шуни билиш керакки, бирор қийинчиликдан қутилиш ёки кимдандир норози бўлиб ўз жонига қасд қилиш – масаланинг ечими эмас. Масалан, қарз ёки молиявий қийинчилик сабабли ўз жонига қасд қилган одам қарзидан қутилиб қолмайди. Кимдир ўз жонига қасд қилиб гуноҳкор бўлади, орқасида ота-онаси ва яқинларини қаттиқ қайғуда қолдиради. Аслида фарзанд уларни хизматларини қилиб, рози ва хурсанд қилиши керак эди. Ўз жонига қасд қилишнинг охиратдаги оқибатлари яна ҳам ёмонроқдир. Динимиз таълимотида инсоннинг ўз жонига қасд қилиши катта гуноҳ ҳисобланади. Мазкур иллатни келтириб чиқарувчи энг асосий омиллардан бири ёшларимизнинг ҳаёт ҳақидаги тушунчасининг саёзлиги, турли бузғунчи ғояларни ўзида жамлаган интернет ўйинлари,  ҳаётни енгил-елпи фильмлар орқали тасаввур қилиш десак янглишмаймиз. Бундай фожеалар жамиятимиз учун жуда оғир ва ташвишли ҳолат ҳисобланади. Албатта, бу каби амални ҳеч қандай сабаб билан оқлаб бўлмайди Асосий муаммоларимиздан бири руҳий тушкунликка берилаётган бундай тоифа инсонларга яқинлари томонидан ўз вақтида эътибор берилмаслиги, бепарволик, уни қийнаётган, жавобини топа олмаётган масала ечимини ҳал қилиб берилмаслигидир. Шунинг учун барчамиз бир-биримизга нисбатан масъул эканлигимизни унутмайлик. Ўзаро эътиборли, меҳр-оқибатли бўлайлик.

Шу нуқтаи назардан, жамиятда ўзаро меҳр-оқибатни кучайтириш, бир-биримизни қўллаб-қувватлаш ва қийин аҳволга тушган инсонларга ёрдам бериш жуда муҳимдир. Чунки инсон ёлғиз эмаслигини ҳис қилса, у ҳаётнинг ҳар қандай синовини енгиб ўта олади.

Инсон ҳаёти — унга  берилган улуғ неъмат ва омонатдир. Уни асраш, қадрлаш ва ноумидликка тушмасдан яшаш ҳар бир мўминнинг бурчидир. Бу йўлда сабр, ҳалол меҳнат ва умид — энг муҳим қўлланма бўлиб хизмат қилади.

А. Хурсандов , Термиз шаҳар «Мурчбобо»жомеь масжиди имом хатиби

 

Related Articles

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button