ЖамиятМаънавият ва маърифат

Имом Мотуридийнинг бой мероси ўрганилмоқда

Ўзбекистон – дунё цивилизацияси ва ислом равнақига улкан ҳисса қўшган улуғ алломалар, азиз-авлиёлар юрти. Самарқанд диёри Ислом оламида азал-азалдан илм-маърифат марказларидан бири бўлиб, кўплаб уламоларни етиштирган. Шу каби уламолардан  бири  ақида ва калом  илмида буюк ўринга эга бўлган зот — Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Мотуридий ҳазратларидир. У зот ҳижрий 240 йилда Самарқандда туғилганлар ва 333-йилда вафот этган.

Имом Мотуридий ўз даврининг етук олимларидан бири бўлиб, ақида, тафсир ва калом илмида беқиёс мерос қолдирганлар. У зот аҳли сунна вал жамоа ақидасини ҳимоя қилиш ва уни илмий асослар билан мустаҳкамлаш йўлида катта хизмат қилганлар .Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Мотуридий ҳазратлари ислом уламолари томонидан юксак эҳтиром ва эътирофга сазовор бўлган буюк алломалардан биридир. Абу Мансур Мотуридий сунний эътиқодидаги икки йирик таълимотлардан бири бўлмиш мотуридия таълимотининг асосчиларидан ҳисобланадилар. У кишининг тўлиқ исми Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Ҳанафий Мотуридий Самарқандийдир. Мотуридий фиқҳ ва калом масалаларига қизиқиб, ҳанафий мазҳаби олимларидан дарс олиш давомида кўплаб машҳур фақиҳлар ва муҳаддислар билан мулоқотда бўлганлар. Ислом динини Мотуридия таълимотисиз тасаввур қилиш қийин.

  • Айниқса, глобаллашув жараёнлари кучайган ҳозирги шароитда имом Мотуридийнинг бундан бир неча асрлар олдин айтган фикрлари, динимиз софлигини асраш бўйича илгари сурган қарашлари муҳим аҳамиятга эга. Маънавий тарбияни тўғри йўналтириш, мафкуравий иммунитетни ошириш, халқни турли бузғунчи ғоялардан ҳимоя қилиш ва диний билимларни ўзлаштиришда эътиқод ҳал қилувчи вазифани бажаради. Ақида инсоннинг ўй-фикр, ҳаракатлари натижасини белгилаб беради. Яъни, жамият тараққиёти соф ақида билан чамбарчас боғлиқ. Бу борада мотуридийлик ақидаси бизга намуна бўлади. Олимларнинг мотуридия таълимоти ҳақида билдирган таърифлари фикримизни тасдиқлайди. Кафавий алайҳир роҳма Имом Мотуридий ҳақида бундай ёзади: “У мутакаллимлар имоми, мусулмонлар ақидасини тўғриловчи шахс… У бор кучини дин ҳимояси учун сарфлаган ва буюк асарлар ёзган ҳамда ботил ақида соҳибларига раддиялар берган”.

Аввало, терроризм балосининг юзага келишига ёшларнинг илмсизлик, ислом динидан бехабар эканликлари сабабдир. Худосизликнинг юзага келишига эса Ғарбнинг “оммавий маданият”ига кўр-кўрона тақлид қилиш оқибатидан келиб чиқмоқда. Бу ҳодисалар мусулмон жамиятининг илм-фандан ортда қолиши туфайли содир бўлмоқда. Ўрта асрларда ҳам Имом Мотуридий цингари забардаст олимлар илм-фанни юксалтириш учун қўлларидан келган барча ишни қилганлар. Ҳозирги кунда ёшларимизни ҳам диний, ҳам дунёвий руҳда баркамол авлод қилиб тарбиялашимиз учун уларга замонавий илм-фанларни ислом дини таълимоти билан биргаликда бериб боришимиз зарур. Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази нафақат маҳаллий аҳоли, балки башарият, мусулмон аҳли учун ҳам беминнат ёрдам кўрсатиб, дунйодаги диний ихтилофларни бартараф этиш, диний бағрикенгликни тарғиб қилишга хизмат қилади деб ўйлайман.  Шу жиҳатдан, у зотнинг илмий мероси ва ақидавий қарашлари нафақат ўз даврида, балки кейинги асрларда ҳам Аҳли сунна вал жамоа эътиқодининг мустаҳкам пойдевори сифатида хизмат қилиб келган ва келмоқда.

Бизлар Қуръон ва суннат ҳамда салафи солиҳлар йўлига таянган ҳолда мусулмонлар ақидасини жамлаб берган, фирқаланиш ва адашишларга қарши илмий курашган улуғ имом — Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳнинг меросига алоҳида эътибор қаратишимиз лозим. У зотнинг илмий асарларини ўрганиш, уларни чуқур англаш ва кенг мусулмонлар оммасига тўғри тарзда етказиш бугунги куннинг энг долзарб хамда муҳим маънавий вазифаларидан биридир.  Шу боис, ҳар бир мўмин киши ушбу улуғ Алломанинг меросни асраб-авайлаши, уни ўрганиши ва келажак авлодларга тўғри тарзда етказиши лозим.

Абдурахмон домла Хурсандов, Сурҳондарё вилояти Термиз шахри “Мурч бобо” жомеь масжиди имом хатиби

Related Articles

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button