СУРХОН ВОҲАСИДАГИ ҒЎЗА МАЙДОНЛАРИ КЎЗДАН КЕЧИРИЛДИ

Айни кунларда ғўза агротехникасида барча тадбирлар, жумладан қатор ораларига ишлов бериш, чуқур юмшатиш, бегона ўтлардан тозалаш, суспензия сепиш, ғўза зараркунандалари ва ҳашаротларга қарши кураш, биомаҳсулотлардан самарали фойдаланиш ишлари тизимли ташкил этилмоқда. Чигит қадалган ҳар бир қарич ер борки, мутахассислар назоратида.

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси назорати бошқармаси бошлиғи Дилшод Анарбаев бошчилигидаги ишчи гуруҳ мутахассислари Сурхондарё вилоятида бўлиб, ҳудудларда ғўза майдонларида олиб борилаётган ишлар билан танишди. Улар Термиз тумани далаларида ферамон тутқич, садиш ўрнатиш, экин майдонларида “қандала”, “ўргимчаккана” ва “кўсак қурти”га қарши олиб борилаётган ишларни ўрганиб таҳлил қилишди. Туманидаги мавжуд 70 та фермер хужалигига “қандала”га карши ғўзани чидамлилигини оширишга имкон берадиган тадбирлар режаси кўриб чиқилди ва тавсия этилган препаратлар билан уч кун ичида ишловлар ўтказиш топшириғи берилиб, ижроси назоратга олинди.

Ишчи гуруҳ томонидан Ангор ва Музрабод туманлари далаларида олиб борилаётган тадбирлар ҳам ўрганилди. Агротехник тадбирларни назорат килишда сусткашликка йўл қўйганлик ҳолатлари ҳам аниқланди. Шунингдек, тумандаги 2 та кластер ва 205 та фермер хўжалиги мутассадиларига ғўза майдонларига 3 кунда кимёвий ишлов бериш ва зудлик билан далага “олтинкўз” биомаҳсулотини чикариш буйича огохлантириш хатлари берилди.

Бугун Дилшод Анарбаев бошчилигидаги ишчи гуруҳ вакиллари ҳамда Сурхондарё вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Акрам Абсаматов ва бошқарманинг Фитосанитория назорати ва мониторинг бўлими бошлиғи Даврон Мирзақуловлар Жарқўрғон ва Қумқўрғон туманларида ҳам бўлишди. Мониторинг кузатув жараёнида воҳа далаларига Хитой давлатидан келтириб экилган чигитнинг унуви кутилгандек эканлиги таъкидланди. Аммо, Агентлик томонидан берилган кўрсатмалар, карантин инспекторлари олиб борган мониторинг кузатув ишлари, тарғибот ва ташвиқотларга қарамай, айрим хўжаликлар раҳбарларининг ишга масъулиятсизлик билан ёндошиш оқибатида ғўза майдонларида “қандала” зараркунандаси учраётганлиги ҳам айни ҳақиқат эканлиги ҳам айтиб ўтилди.

– Қандалалар билан ғўзани зарарланиши, ўсимликда нафас олиш интенсивлигининг ва оксидловчи ферментлар фаоллигининг камайишига, хосилни сезиларли йўқолишига ва сифатининг ёмонлашувига, ёш ҳосил элементларининг тукилиши ва уруғнинг яроқсизланишига олиб келади. Ўтказилган тадқиқотлар қандала билан зарарланган ғўзада шона, гул, ғунча ва кўсакларни тўкилиб кетиши ва баргларни сарғайиб, қуриб қолишини кўрсатади, -деди Ўсимликлар карантини ва ҳимояси назорати бошқармаси бошлиғи Дилшод Анарбаев.

Тахлилларга кўра “қандала”ғўзани ёппасига зарарлаганда, пахта ҳосилини 40-50 % айрим ҳолатларда 70-80% гача йўқотилишига сабаб бўлади. Бошқарма бошлиғи томонидан давлат инспекторларига кузатувни давом эттириш, зараркундалар аниқланган майдонларда қарши кураш ишловларини ташкил этиш, агротехник тадбирларни тўғри ташкил этмаган фермер хўжаликларини белгиланган тартибда жаримага тортиш бўйича кўрсатма ва топшириқлар берилди.



