
(ҳикоя)
Қуёш эринибгина уфқ остига бош қўйди. Ойсулув боядан бери маъраб ётган сигирини соғиб олди-да, челакни ошхонага қўйиб келиб, бузоқнинг ипини ечиб юборди. Бузоқча орзиқиб кутиб турган экан, зудлик билан онасининг елинига ёпишиб, чипиллатиб эма кетди. Аёл ўчоқда икки соатдан бери мил-мил қайнаб ётган шўрванинг тузини тотиб кўрди, сўнг ичкарига кириб хонтахта устига дастурхон ёзди. Қайнотаси ўғиллари билан алоҳида ўтиради. Бола-бақра, қайнонаси ва ўзи алоҳида хонада ўтиришади. Бу азал азалдан давом этиб келаётган қоида. Қайнотасига қий-чув овозлари ёқмайди. Қон босими ошиб кетади, кийик ўтидан дамлаб қўйилган дамламаси ҳамиша тайёр туриши шарт. Агар шулар тайёр турмаса, кампирини, унга қўшиб, ҳаммани чапараста қилиб сўкади.
Ойсулувнинг эри сув омборида ишлайди. Ҳафтада бир марта келади. Зерикиб, диққинафас бўлиб ўтирган отаси уни гапга солгани солган. Ўғил алламбало гапларни топиб келиб, отасига ёлғон яшиқ қилиб сўзлаб беради. Иззат чол гап ичида ёлғонлар борлигини билсада, жим туриб эшитади, гапини бўлмайди. Чолнинг иккита ўғли уй-жой қилиб чиқиб кетган, шу ўғли ва яна битта уйланмаган ўғли бор. Кенжа ўғил ҳам акаси билан ишлашга кетган. Ойсулувнинг эри Назар овқатини наридан бери ейди-ю пинакка кетади. Бу оламда бир маҳаллар гўзал Ойсулув исмли аёл бўлганми-йўқми, буткул унутгандек. Ойсулув эрининг келишини эмас, тезроқ кетишини кутади. Чунки неча йиллардан бери эру хотин бўлиб яшашмайди. Эрининг оғзидан бирон тузук қуруқ гап чиқмайди. Неча замонларки шу хонадонда хизматкор, қулдек ҳис этади ўзини. Кун бўйи рўзғор ишлари билан банд, ҳатто сериаллар кўришга тоқати йўқ. Сериаллардаги турли муҳаббат тарихлари, ўлдим-куйдим, дея турли изтиробларни бошидан кечирган, қийнала – қийнала сериал сўнггида бирга топишишган қаҳрамонлар ҳаёти унинг кулгусини қистатади.”Ҳаммаси ёлғон, ҳаммаси бекор, дунёда муҳаббат деган нарсанинг ўзи йўқ, нега киночилару ёзувчилар дунёда мавжуд бўлмаган ёлғон нарсаларни тўқиб чиқаришади” деган хулосага келиб бўлган аллақачонлар.
Бундан ўн беш йиллар илгари “Эсмеральда” деган чет эл киноси чиққанида телевизор олдидан кетмасдан томоша қиларди, қаҳрамонларнинг севги изҳорлари уни баланд осмонларга парвоз эттирарди. Кўркам, келишган Хосе Армандонинг кўзлари кўр Эсмеральдага севги изҳор этишлари уни ақлдан оздириш даражасига оборар, шу қизнинг ўрнида бўлишни орзу қилган пайтлар бўлган. Ўша йиллари жуда кўпчилик бу сериалнинг барча қисмини битта қўймай томоша қилишган. Айниқса қишлоқларда барча юмушларини шоша пиша тугатиб, кўр қизнинг саргузаштлари нима билан давом этишини орзиқиб кутишарди.Турли хабарлар ҳам тарқалган ўша кезларда.
-Тоживой аканинг қўйлари сойга оқиб кетибди. Кечқурун ҳамма “Эсмеральда”ни кўриб ўтирган экан!
-Қўшни қишлоқда кўр қизнинг киноси бўлаётганида фалончининг хўкизини ўғирлаб кетишибди!
Ойсулув ҳасрат тўла кўзлари билан узоқ узоқларга тикилди. Қайнонаси ичкари уйда ухлаб ётибди, катта қизи туманга тикувчилик курсига қатнайди. Қайнотасини юмуш билан чиқиб кетган, уч кундан бери кўринмайди. Аёлнинг бутун бошли ҳаёти кўз ўнгида бор бўйича ястаниб ётарди. Унда қувончдан кўра, кўз ёшлар, андуҳлар қалашиб ётибди, ҳаётида эслашга арзигулик кунлар камлигини эслаб кўзларига ёш келди….
“Эсмеральда” сериали ҳаммани ойнаи жаҳон олдига михлаб қўйган кунларнинг бирида, сериалдан ташқари, зерикарли, диққинафас, одамнинг тинкасини қуритиб юборадиган бир хил эгизакдек кунларнинг бирида жувоннинг ҳаётини алғов-далғов қилиб юборадиган воқеа юз берди. Уларнинг рўпарасига ёш эру хотин кўчиб келишди. Иккаласи ҳам ўқитувчи экан. “Мактабда ўқитувчи етишмаганлиги учун қўшни тумандан келиб дарс беришаркан”, деди эри. Ҳовлининг эгаси ўғлига уй қуриб берган, лекин яп-янги иморатда ҳеч ким турмасди. Демак, мактаб директори уй эгаси билан гаплашиб, ҳовлини шу оилага вақтинча яшаб туриш учун гаплашиб берган.Табиий ҳолки,янги қўшнилар биринчи бўлиб уларникига танишиш учун келишди.
Мезмонлар янги меҳмонларни ҳурмат иззат билан кутиб олишди, Ойсулув елиб югуриб дастурхон тузатди, ош дамлади. Эркак инглиз тилидан, аёли эса рус тилидан дарс беришаркан.
Шундай қилиб уларнинг орасида борди – келди бошланди. Назар янги қўшниси билан шашка ўйнар, айниқса чолга гурунг қилиш учун одам топилгани хуш келди.”Эсмеральда” бошланганида қўшниси ўрнидан туриб уйига йўл олар, айтишича, у сериал томоша қилишни хуш кўрмас экан. Аёли ҳам русийзабон аёл бўлиб, Ойсулув билан опа-сингилдек бўлиб кетди. Бутун қишлоқ Эсмеральдо билан Хосе Армандо муҳаббатини кўзларида гоҳида қувонч, гоҳида кўз ёшларини оқизиб кўраётган бир паллада уларнинг бу томошани кўрмаслиги Ойсулувни ажаблантирди.
Кунларнинг бирида Ойсулув қудуқдан сув тортаётган эди. Уйдагилар қўшни қишлоққа тўйга кетган, аёл икки боласи билан уйда қолди. Ҳовлида тўсатдан иккита бўш челак кўтарганича эркак қўшни пайдо бўлди. Ойсулув салом берди ва ўзини четга тортди.
-Вааллайкум ассалом, узр, хўжайинингиз уйдалар деб ўйлабман, минг бор узр, -деди қўшни Ойсулувга суқланиб тикиларкан.- Озгина сув масаласида қийналиб турибмиз. Эртага уй эгаси келади, бизга сув масаласини ҳал қилиб беришаркан, узр, келин…
-Ҳечқиси йўқ, бемалол олаверинг, қанча керак бўлса олинг.
-Отахон қаердалар? Маслаҳатли иш бор эди.
-Тонгда онам билан қўшни қишлоққа кетганлар, ҳадемай келиб қолишади. Опам яхшимилар, болалар…
-Раҳмат, раҳмат, ҳаммалари яхши, -эркак унга ер остидан зимдан разм солиб жилмайди.
Ойсулув қўлидаги челагини ерга қўйди ва ичкарига кириб кетди. Эркак иккита челагини қудуқдан сув тортиб тўлдирди ва уйи томон йўл олди.”Тавба, бу кишининг нимасидир Хосе Армандога ўхшаб кетаркан, ўзи сериални кўрганида бунга ишонч ҳосил қиларди” деб ўйлади Ойсулув. Менимча,бу оила телевизор кўришмаса керак. Хотини ҳам телевизор деярли кўрмас, қачон қараса, хонтахтага чўккалаб олиб, китоб ўқир ёки дафтар текширгани текширган. Икки боласини онасига қолдиришган, шанба ва якшанба кунлари туманга кетишар ва душанба куни тонгда қайтиб келишарди. Ойсулув билан муаллима аёл апоқ-чапоқ бўлиб кетишди. Муаллима уларникига гоҳ сут, гоҳида қаймоқ ёки қатиқ олгани келиб турарди. Оила аъзолари ҳам уларни ўз қариндошидек яхши кўриб қолишди.
Эркак Ойсулувга чиройли муомила қилар, гоҳ гоҳида ҳазиломуз гаплар айтиб қолар, бундан аёлнинг кайфияти кўтариларди. Бора бора уларнинг орасида тушуниксиз ҳолатлар юзага кела бошлади. Эркак унга узоқдан сигарет тутатганича тикилиб ўтирадиган одат чиқарган. Бу Ойсулувга ёқади, ҳовлига чиқмай деса, иш жуда кўп. Нималар бўлаяпти ўзи? Йигирма уч ёшигача бировни севмаган жувоннинг қалбига муҳаббат деган туйғу қачон ловиллаб келиб аланга солганини билмай аросатда қолди. Мактабидаги йигитларнинг кўпчилиги гўзал Ойсулувни севиб қолишар, ҳатто талашиб орқаваротдан муштлашиб туришар, аммо қизгина шу чоққача ҳеч кимга кўнгил қўйишга улгурмаган. Эри Назарни бўлса тўйдан олдин бир марта кўрган холос. Отасининг қистови билан қўшни қишлоққа узатиб юборишган, тамом-вассалом. Бу нима бало бўлди ўзи ? У- Оилали, бу -оилали. Иккисида иккитадан бола. Қишлоқ катта эмас. Одамлар билса нима дейишади? Уларнинг кўз уриштириб, бир-бирларини кўришга интилишлари кучайиб бораётганлигини эрта индин сезмасдан қолишмайди ахир. Эркак ҳам нари борса ўттиз ёшда, келишган йигит. Айтишларича, хотини билан қаттиқ севишиб турмуш қуришган. Буни унга аёли кула кула сўзлаб берди гап орасида.
Севги алангаси ичига билиб-билмай кириб қолганини ўзиям билмай қолди. Ойсулувнинг ҳаёти тубдан ўзгарди. Қалбнинг тўсатдан ўзгариши, ногоҳонда юрагига тўфондек бостириб кирган муҳаббат уни бутунлай бошқа одамга айлантирди. Ўзига қараб чиройли кийинадиган, ўсма, сурмасини жойига қўядиган бўлди. Буни кўрган қайнонаси “Ана бу бошқа гап, мен сенга неча марта айтаман, ўзингга қараб чиройли бўлиб юр, эрингга яхши кўрин”, деб. “Анави муаллима аёлга қара, қиз боладек ораста кийинади. Шу муаллима таъсирини сенгаям ўтказибди” дегани деган. Келинининг қалбидаги туғёнларини билса, нима бўлади? Қиёмат қойим бўлади!
Шундай кунлар яқинлашдики, улар бир-бирларини кўрмаса туролмайдиган бўлиб қолишди. Ойсулув илгари ерда яшарди, энди эса осмону фалакларда учиб юрарди. Бир куни сой бўйида қўзилари учун ўт ураётганида тўсатдан забардаст қўллар уни дарахтзор ичкарисига олиб кириб кетди. Бу томонга одам унчалик келмасди. Қўшни эркак эканлигини кўрган аёлнинг ҳуши бошидан учди. Ўткир атир ҳиди анқиётган бегона эркакнинг мулойим, ширали овози уни эсанкиратиб қўйди. Доимо шу ердан ўт уриб кетадиган аёл қўшнисининг ортидан келганини хаёлига ҳам келтирмаган эди.
-Нималар қилаяпсиз, Шавкат ака? Нега ортимдан келдингиз? Одамлар кўриб қолади? Янгам…
-Ҳеч ким кўрмайди, -деди эркак унинг юз-кўзларидан ўпаркан.-Ишқингизда жинни бўлаёздим. Бу ёққа келаётганингизни кўриб қолдим, атрофда ҳеч ким йўқ. Нима қилай, сизни кўрганимдан бери… оромимни йўқотганман. Илтимос кетманг, бирпасгина ўтиринг, бу ёққа ҳеч ким келмайди!
Улар қуюқ дарахтзорлар орасида бир-бирларини қучиб жимгина ўтиришарди. Ойсулув бу бахтдан ва қўрқувдан энтикиб йиғлай бошлади.
-Илтимос йиғламанг Ойсулувим, -деди эркак унинг кўзларига тикилиб.- Мен сиз ўйлаганчалик ярамас эмасман. Нима қилай, муҳаббат қалбимга қачон келиб ўрнашганини билмай қолдим, кўргим келди, ифорингиз мени маст қилаяпти!
Узоқдан кимларнингдир гурунглашаётган товушлари эшитилгандек бўлди, Ойсулув эркакнинг бағридан зўрға қутулиб чиқди ва бир чеккада ётган ўтларни кўтариб, ҳовлиси томонга чопиб кетди. Аслида атрофда ҳеч ким йўқ эди, аёлнинг қулоғига ҳар томондан шубҳали саслар келгандек бўлди.
-Ойсулув, мен сизни эртага шу жойда кутаман, -деди эркак унинг ортидан бақириб.
-Ҳеч қачон, ҳеч қачон,-шивирлади аёл лаблари.-Эрим билса, нақ сўяди. Шарманда, шарманда аёлман!
Ҳайрият, ҳовлида ҳеч ким экан. Ўтларни қўзилар олдига ташлади, уй юмушларига киришди. Юраги муҳаббат ва бахтдан ларзага тушиб, гупиллаб уришини қўймасди. Буёғи энди нима бўлади? Севаман эмиш, кўргиси келган эмиш, суйиб олган аёли эшитса нима бўлади?! Энди нима қиламан? Эй, Худойим, қай гўрдан кўчиб келишди булар? Бошимга битган дард бўлди бу севги деганлари. Шундай севгандан кўра олдинги муҳабатсиз, аммо тинч ҳаёти яхшироқ эди. Эри совуққон, қўпол бўлсада, икки оғиз ширин сўз айтишни билмасада, дарди фикри нафс деган балодан нарига ўтмасада, кунлари тоқатни тоқ қиладиган даражада зерикарли ўтаётган бўлсада, чидарди. Энди буёғига тинчлик бўлиши қийин. Ойни этак билан ёпиб бўлмаса…
Ҳақиқатдан шундай бўлди. Ойсулув эркакнинг таъқиби остида қолди. Бир куни болаларига қийим-кечак олгани туман бозорига тушди. Бозор-ўчарини қилиб автобусга чиқаман, деб турса, ёнига қўлида калитини ўйнатиб Шавкат муаллим келди. Унга кўзлари тушган аёлнинг юраги гупиллаб ура бошлади.
-Автобусга чиқманг, -деди Шавкат.-Сизни машинада олиб кетаман, Ойсулув…
-Керакмас, -деди аёл жонҳолатда.-Илтимос, менга яқин келманг. Туманда эримни танийдиганлар жуда кўп.Эшитса эрим теримни шилади!
-Э, нималар деяпсиз?- кулди Шавкат.-Терини шиладиган замонлар ўтиб кетган. Нечанчи асрда яшаяпсиз Ойсулувим?
-Нечанчи асрда?-деди Ойсулув ва унинг кўзларига жиддий тикилди.- Суйиб олган аёлингиз нима бўлади? Менинг ҳаётимни барбод қиласизми? Ниятингиз шуми? Мени тинч қўйинг! Эрли, бола-чақали аёлман. Илтимос!
Ойсулув автобус тўхтайдиган бекат томонга югуриб кетди. Шавкат унинг ортидан хаёлчан тикилиб қолди.
Элнинг оғзига элак тутиб бўлмади. Бир куни кечқурун уйга ширакайф бўлиб қайтган Назар аёлини ичкари уйга олиб кириб ўласи қилиб калтаклади. Отаси уйда йўқ, онаси ажратаман, деб борган эди, уни итариб ташлади.
-Сен мени бутун қишлоққа, йўқ, туманда шарманда қилдинг?-бўкирди Назар.-Нега анавининг машинасига ўтирдинг? Кет, йўқол, кет, сендай хотиним йўқ! Энди қандай бошимни кўтариб юраман?
-Мен ҳеч ким билан юрмаганман, -зор -зор йиғлади аёл.-Бозорга борувдим, автобус бўлмаса обкетайми, деб сўради, йўқ, дедим, машинасига ўтирмадим, ўртамизда ҳеч нарса йўқ, Худо урсин!
-Ана, қасам ичаяптику ер ютгур, нега кўрмасдан, гувоҳинг бўлмасдан бировнинг боласига туҳмат қиласан?-деди қайнонаси ўртага тушиб.-Вой-бўй,бечорани ҳаммаёғини моматалоқ қилиб юборибсан-ку, ҳе, қўлинг синсин!
-Эна, бировлардан хотининг юрибди, деган гапни эшитишнинг ўзи шармандалик, -деди Назар .-Мен одамларнинг устидан кулиб юрардим, энди менинг устимдан кулишади. Уйига жўнатиб юборинг келинингизни. Яшамайман!
-Бекорларни бештасини айтибсан, -деди кампир.-Исботлаб берасан, сўнг кетади.
Назар бошини чангаллаб ичкари уйга кириб кетди. Келин калтак зарбилан зирқиллаётган бошини танғиб, икки боласи билан бўлак уйда ётди.
Ёмон хабарнинг қанотлари тез учади. Эртаси куни Ойсулувнинг отаси билан онаси келишди. Қудалар совуққина сўрашдилар. Ойсулувнинг отаси қизининг қўлларига нонни ушлатиб қасам ичиртирди. Жувон қишлоғига қайтиб кетмаслик учун ҳарқанча қасам ичишга тайёр эди.
-Агар шу эрингга хиёнат қилиб, бошқа биттаси билан дон олишган бўлсанг, қишлоққа, уйимга жимгина қайтиб кет. Сени ўзим тикка сўяман.
-Отаси!-деб юборди онаси.
-Ўчир!-бақирди қадди букилган ота.- Агар хиёнат қилмаган бўлсанг, бегона эркакнинг қўйнига кирмаган бўлсанг, мана шу уйда қоласан ва эрингнинг бир умр хизматкори бўласан, эшитдингми?
Қурбон оқсоқолнинг важоҳати ҳар қандай одамни хуркитарди. Ҳатто қудаси Эшқобил бобо ҳам бор ҳақиқат аниқ бўлмагунича унга қарши гап айта олмаслигини сезиб турарди. Ҳали ҳеч нарса аниқ бўлмаган бу ҳолатда эру хотинни ажраштириб юбориш ўша йилларда шунчаки гап эмас эди. Лекин бу ерда номус масаласи турибди. Шавкат муаллим оиласи ғала ғовур бошланган кундан бери негадир кўринмаяпти. Ҳовлида ғимир-ғимир юрадиган муаллима хотини ҳам эшикларини қулфлаб қаёққадир шошилиб кетганини кўришган. Назар буни хотин қилмайман, шарманда бўлдим, деб турса…Ойсулув “Ўлиблар кетай, менга бегона эркак қўлини теккизмаган, туҳмат бу!” деб турган бўлса…нима қилиш керак? Буни исбот қилиб берадиган иккита гувоҳ бўлмаса…
Ёшлар яшаб кетишди. Лекин бу воқеа ҳаммаёқда дув-дув гап бўлди. Назар ўн беш йил ўтибдики, ўғли ва қизи бўйга етишди ҳамки, аёлининг ёнига йўламади. Ойсулув ҳам отасининг бир оғизгина “Агар айбдор бўлмасанг, мана шу хонадонда қоласан, чўрилик қиласан” деган ҳукми билан яшаб кетди. Аслида яшамади,тирик ҳайкал бўлиб яшаяпти, қадрсиз, дўстсиз, меҳрсиз, муҳаббатсиз бўлиб яшаяпти. “Ундан кўра ўлдириб кетганингиз яхши эди ота, ҳукмингиз қурсин ота, дея йиғлайди Ойсулув ёлғиз қолган кезларда. Шу ҳаётми , ота? Мени ўзингиз хоҳлаган одамга узатдингиз, орзуларим билан ишингиз бўлмади, бир адашиб муҳаббат қўювдим, тиконзорга, чангалзорга кириб қолибман, ҳаммаёғим яра -чақа бўлди. Муаллимга кўнгил қўйганим рост. Аммо Худо урсин, у мени бадном қилишига йўл қўймадим. Назардан бошқа эркакнинг тўшагига кирмадим, ота?”
Қурбон оқсоқол эса ўша кундан бошлаб, қизининг юзига қарамай гаплашади, саломига алик олади холос.
Яхшиям бахтига қайнонаси ва болалари бор. Қайнонаси бақир-чақир қилгани билан унга озор етказмайди. Ўша миш-мишлардан сўнг келини ўзини бирон нима қилиб қўймасин деб, арқонларни яшириб ёстиғи тагига қўйиб ётган кунлари бўлган. Келинига олақараш қилган Шавкат муаллимни шу кунгача ичидаям, ташидаям қарғайди. Тўғри, жувон бир неча марта жонига қасд қилмоқчи кунлар бўлди, аммо икки қоракўзининг ҳоли не кечишини ўйлаб, тишини тишига босди. Шавкат муаллим эса гап-сўзлардан ҳайиқдими, Қурбон оқсоқолдан чўчидими, бир неча кун ичида бошқа жойга ишга ўтиб кетди. Лекин ўша кунларнинг бирида йиғидан кўзлари қизарган Шавкатнинг хотини уни имлаб бир четга чақирди.
-Синглим, мен сиз билан уришгани, ёқа юлишиб жанжал қилгани келганим йўқ, -деди муаллима унга синчковлик билан тикилиб.- Эрим билан учрашиб юрганингиз ростми? Айтаверинг, менинг табиатимда жанжалкашлик одатим йўқ. Кўриб турибман, эрингиз ҳамма ёғингизни кўкартириб юборибди. Урганнинг устига тепгани келганим йўқ.
-Нималар деяпсиз?- деди Ойсулув.-Сиз ҳам одамларнинг ёлғон гапларига, туҳматларига ишондингизми? Шавкат ака туманга бозорга тушганимда автобусга чиқиб ўтирманг, машинамда олиб кетаман, деганлар. Мен чиқмаганман. Шуни…Назар аканинг оғайнилари кўришгандир, эримга чақишгандир…
-Менга ростини айтаверинг, -деди муаллима қатъиятлик билан.- Агар эрим сизга шилқимлик қилган бўлса, сизда айб йўқ. Бировнинг аёлини йўлдан уриш яхши эмас. Эрим билан ажрашаман!
-Опажон, нималар деяпсиз?-деди Ойсулув жонҳолатда.-Агар эрингиз менга…зўрвонлик қилганида сизга биринчи бўлиб айтардим, нега менга ҳеч ким ишонмайди, нега ишонишмайди, бузуқ хотинга ўхшайманми? Нега тинч ҳаётингизни барбод қиласиз? Икки болангизни мени деб, аллақандай миш-мишчиларнинг бекорчи гапларига ишониб отасиз қолдирасизми, опа? Ундай қилманг, илтимос, менга ишонинг!
Ойсулув ўша кунларни хотирга олиб чуқур хомуза тортди. Муҳаббат деганлари нима эди? Мажнунни телба қилган, Лайлининг ўлимига сабабчи бўлган, Фарҳодни тоғу тошларда сарсон саргардон қилган ва Ширинни оғир азобларга қўйган муҳаббат деганлари шуми? Кўр қизни севиб, ҳам ўзини, ҳам севгилисини азобга қўйган Хосе Армандо қиссаси нима билан тугаганини билмай ҳам қолди. Ойнаи жаҳонда бу сериал бошланганида унинг анави эркак билан севги қиссаси бошланаётган эди. Ҳайрият, бошланмасдан тугади, бўлмаса аёл ҳозир қаерларда, қай ҳолатда бўлишини тассаввур ҳам қилолмасди.
Ойсулув ягона ором оладиган ва ўз ўзи билан гаплашадиган жойи томон йўл олди. Бу ўтлоқзор қишлоқдаги ўрмонзорга туташиб кетган овлоқ жой эди. Энди дарахтларнинг кўпи кесилиб кетган, янги ниҳоллар бўй чўзиб турибди. Ёдига унинг орқасидан билдирмайгина келиб қучган эркакнинг эркалагани эшитилгандек туюлиб, ўтлоққа ётди ва кўзларини юмди. Шу биргина сирдан бошқа сир йўқ ичида. Фақат шу лаҳзаларгина уни бахтиёр этиб келган. Аёлнинг кўзларидан шошқатор ёшлар оқар, хазон бўлган умрига ачиниб ўкинаётган эди у. Шу пайт кимдир унинг юзларини силади. Чўчиб бошини кўтарди. Қизи экан. Онасининг бошини ердан узиб юз-кўзларидан ўпди, сочларини тузатди.
-Онажон, сизни жудаям яхши кўраман, илтимос йиғламанг!-деди қизи ҳам йиғлаб.
-Болам, бахтинг меникидек бўлмасин, ҳеч қачон яқинларинг ҳукми билан яшама. Ўз йўлингни, ўз бахтингни ўзинг топ. Сенинг бахтсиз бўлишингга йўл қўймайман!



