Маънавият ва маърифат

ОҒРИҚЛИ НУҚТАЛАРИМИЗ…

Бир вақтлар алоҳида ёрдамга муҳтож, имконияти чекланган болалар билан ишлаган эдим.  Менга: «Бу мактаб ўқувчилари тўрт қатор шеърни эплаб ёдлашса ҳам катта гап», дейишган эди. Сабаби бу мактабда 4 хил даражадаги ақлий ривожланишдан орқада қолган болалар таълим олар эди. Ростини айтсам, мен ўша мактаб болаларида ҳақиқий соғинч, меҳр ва оппоқ дунёнинг ҳақиқий рангини кўрдим, ҳис қилдим. Ўша тўрт қатор шеър ёдлаши амримаҳол дейилган ўқувчилар билан кузатишни, таҳлил қилишни ва ўзларига хос дунёни ўргандим. Уларнинг ўз ҳаётига оид ҳикоялари ҳамда турли мавзудаги шеърлари «Гулхан» журналида икки саҳифа қилиб чоп этилди.

Болалар ўзларининг ижод намуналари чоп этилган журнални қўлларига олганларидаги ҳолатни тасвирлаб беролмайман. Ўшанда: «Бу мактаб тарихида бўлмаган воқеа бўлди», дейишди устозлар…

Бир неча ой аввал шу мактабда таълим олаётган Гулноза исмли ўқувчи менга қўнғироқ қилди. Аввал у гапира олмай йиғлади, сўнг: «Устоз, мен битирувчи синфман. Яқинда мактабимиз ўқувчилари билан суҳбат бўлди. Менга ҳам саволлар беришди. Лекин мен саволларга атайин нотўғри жавоб бердим. Сабаби, агар тўғри жавоб берсам, мени оддий болалар ўқийдиган мактабга юборишарди», деди. У оддий болалар деганда соғлом болалар мактабини назарда тутаётган эди. Гулнозага қандай савол берилганини сўрадим. У: «Мендан бир йилда нечта фасл бор, деб сўрашди. Уларга бир йилда учта фасл бор, деб жавоб бердим», деди. Мен бу оддий саволга Гулноза тўғри жавоб бера олишини билардим. Чунки у барча топшириқларни ҳаммадан олдин бажарар, катта ҳажмли шеърларни ҳам тез ёдлаб, ифодали ўқиб берарди. «Ахир нега ундай қилдингиз?» деган сўроғимга у: «Агар тўғри жавоб берсам, мени ўша аввалги мактабимга ўтказиб юборишарди. У мактабда эса синфдошларим мени жуда кўп камситиб, ҳақорат қилиб,  йиғлатишарди. Ҳозирги мактабимда камситилмай, йиғламай ўқияпман», деди. Кейин у мактабни тамомлагач фақат махсус коллежда ўқиши мумкин эканлигини айтиб яна йиғлади…

Мени ўша кундан бери бир савол қийнайди. Нега бу қиз кимларнингдир озоридан қочиб ақлий ривожланишдан орқада қолган болалар орасида ўқиши керак?! Аслида бизнинг вазифамиз, бурчимиз бири кам бўлиб дунёга келган болаларни соғлом жамиятга қўшиш эмасми?!  Таассуфки, ҳаётим давомида икки қарама-қаршиликка — тиббиёт хулосасига кўра дардман деб ҳисоблангану, лекин фикрати тоза, руҳияти соғлом инсонларни, аксинча, қоғозда соғлому аслида руҳияти чиркин, дунёқараши тор, раззил кимсаларни кўп учратдим.

Хўш, энди ҳақли савол туғилади. Аслида қандай одамлар ақли заиф ҳисобланади?!  Бировнинг ҳаққидан қўрқмайдиган, ўзгалар кўнглини оғритишни одат қилиб олган, бундан эса ҳузур топадиган, пул, мансаб боқий деб ўйлаб манманлик ва кибр отига минганлар, сизнингча соғломми?!  Ўз жинсини аниқлаштира олмай,  аросатда юрган эркакларчи?!  Бугунги куни билан яшаётган, маблағ учун, мансаб учун ор-номусини ер қилаётган аёлларчи?! Ўз фарзандининг қотилига айланаётган ота-оналарчи?! Кунида, одамига қараб «ниқоб»ларини олмаштиравериб, аслини унутган кимсаларчи?! Соғломми?!

Буларни фақатгина иймони заиф кимсаларгина қила олади. Аслида ана шулар ҳақиқий ақли заифлардир! Мен биргина қизнинг изтиробини эшитиб, бу бизнинг атрофимиздаги ҳолат эканидан ўкиндим, ўксиндим, оғриндим.

Ҳурматли ота-оналар! Рўзаи Рамазон кунларида шунчаки саҳарлик ёки ифторлик қилманг. Фарзандингизга бировни ҳақорат қилиш, таҳқирлаш, камситиш ва  дилини оғритиш энг оғир гуноҳлардан эканлигини тушунтиринг. Танасидаги ёки имкониятидаги чекланишни тенгдошининг юзига солмай, унга тиргак, далда, суянч бўлишни ўргатинг. Биз ота-оналар устозлар билан бирлашиб, ҳамфикр бўлиб миллатимиз келажаги учун ҳозирданоқ фарзандларимизни тўғри тарбия қилишимиз керак. Зеро, миллатимизга, келажагимизга соғлом ҳаёт, меҳр-оқибат, раҳм-шафқат нафаси кўпроқ керак.

Нилуфар ЖАББОРОВА, журналист, публицист

Related Articles

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button