Сурхондарё янгиликлари

“Ҳудудгаз Сурхондарё”: 2023 йилнинг 6 ойи вилоят бўйича  47 мингдан ортиқ маиший газ баллонлардан оғир қолдиқ тўкиб олинган.

 

Бугунги кунда сурхондарёлик газ истеъмолчиларининг 475 мингдан ортиғини суюлтирилган газ истеъмолчилари ташкил этмоқда. “Ҳудудгаз Сурхондарё” газ таъминоти филиали томонидан барча истеъмолчиларга бир маромда суюлтирилган газ етказиб бериш тизими йўлга қўйилган бўлиб, йил бошидан  бери аҳолига 38 минг 840 тонна суюлтирилган газ етказиб берилди.

Маълумки, совуқ об-ҳаво вақтида суюлтирилган углеводородли газнинг бир қисми оғир қолдиққа айланади ва ёнувчанлигини йўқотади. Шу боис ундан фойдаланиш мумкин эмас. Бугунги кунда “Ҳудудгаз Сурхондарё” газ таъминоти филиалининг барча газ тўлдириш иншоатларида   оғир қолдиқ тўкиш ишлари доимий равишда олиб борилмоқда.

“Ёз кунларида кунига ўрта ҳисобда 30–40 дона газ баллонидан оғир қолдиқларни тўксак, куз-қиш мавсумида бу сон 70–80 донани, баъзида 95 донани ҳам ташкил этади, – дейди “Узун” газ тўлдириш шохобчасининг оғир қолдиқ тўкувчи чилангари Сайфиддинов Бахром Икромиддин ўғли – Оғир қолдиқни тўкишда ҳар бир тўкилаётган маиший газ баллони аввал тарозидан ўтказилади, оғир қолдиқдан бўшатилгач, яна тортилиб, сўнгра махсус китобга қайд этиб борилади”.

Ўтган йил давомида “Денов” газ тўлдириш иншоотида 21 минг 538 дона маиший газ баллонларидан 12,552 тонна оғир қолдиқ тўкиб олинган бўлиб,  13,980 тонна утилизация қилинган.  “Жарқўрғон” газ тўлдириш шохобчасида 2023 йилнинг 6 ойи давомида 6 минг 598 дона баллондан 6,642 тонна оғир қолдиқ тўкилганини кўрсатмоқда. “Музработ” ГТШда эса ўтган йил давомида 420 мингга яқин маиший газ баллонга суюлтирилган газ тўлдирилди. Шундан 16 минг 805 донасида оғир қолдиқлар борлиги аниқланган. Тўкилган қолдиқ миқдори 10.941 тоннани ташкил этиб,  12.180 тонна утилизация қилишга эришилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, “Ҳудудгаз Сурхондарё” газ таъминоти филиали “Денов-Хайрабод” ва “Қумқўрғон-Оқжар” газ тўлдириш станциялари хизматидан фойдаланади ва у ерда ҳам ҳар бир маиший газ баллондан оғир қолдиқ тўкилиши назоратга олинган. Жорий йилнинг 6 ойи давомида вилоят бўйича 47 минг 442 тадан ортиқ маиший газ баллонлардан оғир қолдиқ тўкиб олинган.

“Тўкиб олинган оғир қолдиқлар биржа орқали савдога қўйилиб, самарали фойдаланилмоқда, – дея маълумот берди “Ҳудудгаз Сурхондарё” газ таъминоти филиалининг суюлтирилган газ бўйича ўринбосари Ферузбек Атамуродов. – Натижа эса газ тўлдириш шохобчаларини янада мукаммаллаштириш, ишчи-ходимларга шароит яратишга йўналтирилган…”

Маиший газ баллондан фойдаланишда унинг яроқлилик даври мавжуд бўлиб, маиший газ баллонлари хар 5 йилда синовдан ўтказилади. Ҳозирда, ҳар бир ГТШ қошида махсус синов цехлари мавжуд бўлиб, ўтган йилда 50 642 дона маиший газ баллонлари синовдан ўтказилган.

– Синовдан ўтказишдан олдин маиший газ баллони оғир қолдиқдан бўшатилиб, махсус ускунага ўрнатилади. Сўнгра баллон сув билан тўлдирилади. Маиший газ баллон 25 кг босим остида 7–10 дақиқа синалади. Босим остида синаш вақтида маиший газ баллон ҳолати кўздан кечирилади. Агар баллонда сув сизиб чиқиши, ишиш ҳолати сезилса, ушбу баллон яроқсиз ҳисобланади ва утилизация қилинади. Синовдан ўтган баллонларга тепа қисмидаги махсус ёрлиққа синов муддати муҳрланади. Барча иш якунига етгач, уларни бўёқлаб, сўнг фойдаланиш учун топширяпмиз, – дея ўртоқлашди “Жарқўрғон” ГТШнинг синовчи мутахассиси Юнусов Алишер.

Шу ўринда истеъмолчиларга алоҳида таъкидлашни истардикки, суюлтирилган газ баллонида ҳосил бўлувчи оғир қолдиқни ўзбошимчалик билан тўкиш мумкин эмас, уни тўкиб олувчи махсус жойлар ва ускуналар бор. Оғир қолдиқни тўкманг ва ҳаётингизни хавф остига қўйманг.

А. Машрапов

Related Articles

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button