Термиз туманида қиш мавсумига тараддуд кўрилмоқда

Мамлакатимиз иқтисодиётининг барқарор ривожланиши, аҳоли турмуш тарзининг янада яхшиланишида энергия ресурсларидан унумли ва оқилона фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга. Шу нуқтаи назардан «Ҳудудгаз Сурхондарё» газ таъминоти филиали томонидан иқтисодиёт корхоналари, ижтимоий соҳа объектлари ва аҳолини узлуксиз табиий ва суюлтирилган газ билан таъминлашда илғор ёндашувларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, табиий газ таъминотида рақамли технологияларнинг татбиқ қилиниши ва икки босқичли тизимга ўтказилиши тизимдаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш имконини бераётир.
Фикримизни Термиз тумани мисолида давом эттирсак. Қўшни Афғонистон ва Тожикистон давлатлари билан чегарадош ҳудудда жойлашган ушбу туманда жами 7 минг 805 та табиий газ истеъмолчилари мавжуд. Шундан 7 минг 631 таси аҳоли хонадонлари бўлса, 174 та эса улгуржи истеъмолчилар. Айтиш керак, илгари тумандаги кўпгина хонадонларда газ ҳисоблагичлар бўлмасди, ҳозир эса деярли уларнинг ҳаммаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш” лойиҳасини амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарорига асосан замонавий газ ҳисоблаш ускуналари билан таъминланди. Табиийки, бу билан газ таъминотидаги ҳисоб-китобларни тўғри олиб боришга, табиий газнинг беҳуда йўқотилишининг олдини олишга, уни тежамли сарфлаш ва ноқонуний уланишларга чек қўйишга эришилмоқда. Хусусан, Термиз туманида табиий газ етказиб берилаётган 12 та маҳаладаги хондонлар табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимига уланди.
Бугунги кунда 2023-2024-йиллар давомида манзилли дастурларга киритилган Термиз тумани «Нурли диёр» маҳалласидаги ер усти д-219 мм газ қувурларини ер усти Л-2300 п/М газ қувурларини мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда.
А. Машрапов



