ХАТО ҚИЛМАНГ, КАТТАЛАР!

Сабо Маъруфжонова
Шокиржон ака Мавлуда опага севиб уйланди. Уларнинг сулоласида қариндошлар қунда анда бўлиши урфга айланганди. Мавлуда опанинг бегоналиги, ўртахол оилада катта бўлганлиги Шокир аканинг оиласига хеч ёқмади. Келинни турса ўпоқ, ўтирса сўпоқ дея камситаверди. Мавлуда опа эрини севганлиги боис бу хўрликларга чидарди. Аммо уч йил ўтса ҳам бўйида бўлмаётганлиги, бу борадаги қайнонасининг ситамларига чидаш қийин эди.
Қариндошлардан бирининг ажрашиб уйга қайтгани, Шокиржон аканинг оиласига туртки бўлди. Онасининг фикрига қарши чиқди. Аммо қовоғи осилган, бой бадавлат, бир сўзли отанинг гапи, уларнинг севгисига, гулдек турмушига нуқта қўйди. Шокиржон ака мажбуран қариндошининг қизига уйланди. Орадан хеч қанча вақт ўтмай янги келин ҳомиладор бўлди. Не ажабки, ўша кунларда Мавлуда опанинг ҳам бўйида борлиги ўртага чиқди. Шокиржон ака хотинига меҳрибон бўлса ҳам, кўнгли Мавлуда опада эди. Мавлуда опанинг оиласини қаршиликларига қарамай, ҳар куни ундан ҳабар олар эди.
Ўша йили Шокиржон ака икки фарзандлик бўлди. Аввал Мавлуда опа Нодиржонни дунёга келтирди. Ортидан иккинчи хотини қиз фарзанди Нигорани унга ҳадя қилди. Қайнона эса бўлмағур гапларни тарқатишда давом этарди.
– Ҳаромисини қаердан ортирган бўлса, ўша ерга олиб борсин. У менинг набирам эмас.
Шокиржон аканинг боши қотган. Таваккал қилиб Мавлуда опанинг уйига келди. Собиқ қайнотаси билан очиқчасига гаплашиб олди.
Аввалига унинг гапига кўнмадилар. Мавлуда опа оёқ тираб олгандан кейин рози бўлишга мажбур бўлишди. Хуллас, Шокиржон ака Тошкентдан ижарага уй топди. Ўғли ва биринчи хотинини кўчириб қўйди. Хизмат сафари баҳона улардан тез тез ҳабар оладиган бўлди.
Йиллар кўз юмгунча ўтиб борарди. Болалар мактаб ёшига етди. Шокиржон аканинг отаси вофот этган кун, Мавлуда опа ўғлини жанозага юборди. Бобонг вафот этибди, отангни ёнида тур деди. Нодиржонни аммасидан бошқа хеч ким илиқ кутиб олмади. Жаноза тугагач аммаси Нигорани етаклаб, Нодиржоннинг ёнига олиб келди.
– Нигора, бу Нодиржон. Сенинг аканг бўлади.
– Акам бўлсалар нега биз билан яшамайдилар?
– Катта бўлсанг тушиниб оласан.
Шокир аканинг хотини уларнинг ёнига келди. Важоҳат билан Нигорани қўлидан тортди.
– Бу ҳаромининг ёнида сени нима ишинг бор?
Амма орага тушди.
– Ундай деманг, келинойи. У ҳам акамнинг фарзанди. Бизнинг қонимиздан бир парча. Болаларнинг орасини бузманг. Бир бирларини таниб катта бўлишсин.
– Хеч қачон. У ҳаромини бу уйда ўрни йўқ. Ҳозироқ кетказиб юбормасанглар қизимни олиб бу уйдан мен кетаман.
Шокиржон ака бу гаплардан беҳабар қолди. Нодиржонни аммаси уйига кузатиб қўйди. Нодиржон онасидан сўради.
– Ойи, ҳароми нима дегани?
Мавлуда опа бир қалқиб тушди.
– Нима? Ким деди? Бу гапни оғзингга олма.
– Анови ёмон хотин деди. Синглимнинг онаси борку, ўша. Мени кетсин деди.
– Қўявер, болам. Даданг у билан гаплашиб қўядилар. Сен ҳафа бўлма.
Дадасининг ўрнини эгаллаган Шокир аканинг ишлари юришиб кетди. Уй сотиб олиб, ижарадаги биринчи оиласини кўчириб қўйди. Бир икки марта Нигорани ҳам олиб келди. Мавлуда опа қизга ширин гапирди. Меҳрибончилик қилди. Шокиржон ака бу уйга Нигорани яширинча олиб келар, хеч кимга айтмасликни тайинларди.
Тақдирнинг ишларига баъзан ёқа тишлаймиз. Болалар мактабни биртириш арафасида аввал Шокир ака, кейин Мавлуда опа чин дунёга риҳлат қилишди. Орадаги фарқ эса бир ҳафтагина эди. Уларни тақдирга бош эгишмаганди. Расмий бўлмаса ҳам, шаърий никоҳ билан оиласини асрашган эди. Нодиржон етим бўлмай ўсган эди. Бу жуфтлик севгиларини ҳам абадиятга бирга ташишди. Онасининг ўлимидан кейин Нодиржон қишлоққа қайтишга мажбур бўлди. Аммасининг уйида Нигора билан кўришишарди. Нодиржон Тошкентга, Нигора ўзларининг вилоятидаги олийгоҳларга киришди. Олийгоҳнинг оҳирги курсларида Нодиржоннинг тўйи бўлди. Она тарафидагилар Шокиржон аканинг оиласига таклифнома юборишди. Хеч қачон Нодиржонни тан олмаган буви тўйга хеч ким бормайди деб гапни кесди. Нигора тўйга бора олмади. Фақат аммагина яшириниб бориб келди.
Нодиржон ҳам ўқиш, ҳам оила орасида бироз қийналди. Қийналиб бўлса ҳам олийгоҳни битирди. Қишлоққа келган куни кўча бошида Нигорани кўриб қолди. Ака сингил ширин суҳбатлашиб туришганди. Осмондан тушдими, бирдан Нигоранинг онаси пайдо бўлди.
– Қизимни тинч қўй, ҳароми.
Нигора онасига бақирди.
– Нима деяпсиз, ойи? Уялмайсизми? Акам сизга нима ёмонлик қилди?
– Яна бир марта шу билан кўрсам, сени оқ қиламан.
– Ойи…
Нигора гапини тугата олмади. Юзига тушган тарсакидан ерга йиқилди. Нодиржон синглисини қўлидан тутиб турғазди. Кейин ғазаб билан аёлга қаради.
– Узоққа ишлашга кетяпман. Нигорани кўриб кетай деб келдим. Яна қачон учрашамиз билмайман. Сиз қанча чирансангиз ҳам ҳақиқатни синдира олмайсиз. У менинг синглим. Отамнинг ягона ёдгори.
– Кет, йўқол. Бир марта қаршимга чиқма.
Аёл қандай келган бўлса, яна шундай ғазаб билан узоқлашди.
Оппоқ юзларида беш панжанинг изи қизариб турган Нигора йиғлаб акасига тикилди. Бўйнидаги занжирни ечиб қўлига тутқазди.
– Олинг, ака. Буни йўқотманг. Мени эслатиб турсин. Узоқларга кетяпсиз. Аллоҳ йўлингизни очиқ қилсин. Бизнинг уйдаги тошбағирларга рўпара келманг. Аллоҳ насиб этса яна кўришармиз. Душанба куни сизни кузатишга чиқаман.
Душанба куни. Тошкент ҳалқаро аэропорти. Нодиржон юкларини топширди. Кўзи йўлда қолди. Аммасини, синглисини кутарди. Тоғаси ёнган ярасига туз сепди.
– Ҳаммаси бир гўр. Келмайди. Кеч қоласан.
Нодиржон тоғаси билан ҳайрлашди. Турмуш ўртоғининг қўлидан тутиб ичкарига йўл олди. Оҳирги маротаба, умид билан орқасига боқди. Нигора келмади. Самалёт ўриндиғига яхшилаб ўрнашиб олди. Телефонини қўлига олиб отасининг ҳамма қариндошларини қора рўйҳатга тиқди. Тарихни орқада қолдириб янги ҳаёт сари парвоз этди.
Нодиржон шартнома билан Туркия давлатига ишга келганига бу йил саккиз йил бўлди. Саккиз йиллик тажриба, қийинчилик уни етук доктор бўлиб етишишига сабаб бўлди. Истанбулнинг энг яхши клиникаларидан бирида ишлайди. Бу кунларда медицина жадал равишда илгарилаб бораётган Туркияга ҳамма давлатдан шифоталаблар келишади. Нодиржон Ўзбекистондан келган ҳар бир бемор учун алоҳида эътибор қаратади.
Бугун ҳам ишга ўз вақтида келди. Оппоқ халатини кийиб эндигина ўрнига ўтирган эди. Ёрдамчиси янги келган касаллар ҳужжатларини олиб кирди. Ўзбекистондан ҳам оғир касал борлигини таъкидлади. Нодиржон касаллар билан кўришиш учун бирма бир хоналарга кирди. Навбатдаги хонага кирганларида ёрдамчиси эслатди.
– Ўзбекистонлик бемор шу. Буйрак жарроҳлик амалиёти учун келган.
Ранглари сарғайиб, кўз қовоқлари шишиб кетган бемор аёл кўзларини очди. Кўзлар алдамайди. Кўзлар ўзгармайди. Нодиржон инграб юборди.
– Нигора….
Орадан йигирма дақиқа ўтиб йўллакка чиқди. Бир аҳволда туриб қолди. Ўриндиқда ўтирган аёллардан бири унга яқинлашди. Нодиржон Нигорани кўрганда қандай ахволга тушган бўлса, аммаси ҳам уни кўриб шундай холга тушди. Бўйнига осилиб йиғлаб юборди. Ўгай тамғаси босилган иккинчи аёл эса ўрнидан туришга ҳам мажоли етмай, бақадек қотиб ўтирарди.
Докторлар тўпланадиган хона бугун янада гавжум эди. Сабаби, жарроҳлик амалиёти ўтказиладиган беморлар кўплиги эди. Устози, тажрибали шифокор Нежатибейнинг овози қулоқларига бошқача эшитиларди. У Нигора ҳақида гапирарди.
– Беморнинг битта буйраги қуриб бўлган. Олиб ташлаш керак. Иккинчиси ҳам ишга ярамайди. Ўрнига донор буйраги қўйиш керак. Амалиёт учун тўловлар қилинган. Лекин донор йўқ. Яқинлари билан гаплашинглар. Тезроқ ҳаракат қилинмаса касални йўқотишимиз мумкин.
– Донор тайёр. Мен битта буйрагимни бераман.
Ҳамма ялт этиб Нодиржонга қаради. Устози ҳам савол назари билан тикилиб турарди.
– У менинг синглим.
– Яхшилаб ўйлаб кўр. Бу жиддий амалиёт. Кейин ярим жон бўлиб қолишинг мумкин.
– Майли. Аллоҳга таваккал. Синглимни асраб қоламиз.
– Ҳозироқ таҳлилларни бошланглар. Кеч бўлмасин.
Амалиёт жуда яхши ўтди. Нодиржон кучли бўлган учун тезда оёққа турди. Нигоранинг йиллардир касаллик билан курашиб чарчаган вужуди анча қийналди. Кунлар ўтган сари тузалишни бошлади. Бугун шифохонадан жавоб беришади. Нодиржон уни уйига олиб кетмоқчи. Аммаси, келинойиси Нигоранинг атрофида гирдикапалак бўлишди. Онаси Нодиржонга рўпара кела олмайди. Ундан қочади.
Хонага беш олти ёшлардаги болани еталаб Нодиржон кириб келди.
– Шокиржон, аммангга салом бер.
Нигора қучоғини кенг очди.
– Аммасининг бир донаси. Бобосини исмини ташиган шунқорим, кел. Битта ўпсам майлими?
Нодиржон саккиз йил сақлаган олтин занжирни синглисини бўйнига тақиб қўйди.
– Ўзингга буюрсин. Ришталаримиз узилмасин. Қани, уйга кетамиз.
Машинага ўтирганларида Нигора аммасига пичирлади.
– Ойим қанилар?
– Ҳозиргина меҳмонхонага кетди.
Нодиржон ўзини эшитмаганликка солди. Катта кўчага бурилган эдилар. Ёмғирда, бошини елкалари ичига тортганча мунғайиб меҳмонхона томон кетаётган аёлни кўришди. Нигора кўзида ёш билан онасига тикилди. Олди ойнадан уни кузатиб келаётган Нодиржон машинани тўҳтатди. Эшикни очиб ташқарига чиқди. Бир пайтлар уни камситиб, хўрлаган аёлга яқинлашди. Аёл минг пушаймон кўзлари билан Нодиржонга тикилди. Қўрқди. Нодиржон маюсгина кулимсиради.
– Юринг, ойи. Уйга кетамиз.
Аёл оғир қадамлар билан Нодиржонга эргашди. Шамол аралаш ёмғирда учаётган япроқлар эса қулоқларига шивирлаётгандек эди.
– Хато қилманг, катталар. Ҳаёт жуда қисқа. Қалбларни парчалаш бизга ярашмайди. Сизларни яхши кўраман. САБО.



