
Бугун хорижда Ўзбекистонда етиштирилган қишлоқ хўжалик маҳсулотларига талаб юқори. Агрологистика хизмати, мева ва сабзавотларни халқаро стандартлар асосида қадоқлаш, чет элдаги харидорларга жўнатиш босқичма- босқич жаҳон стандартлари даражасига кўтарилмоқда. Агар юқори сифатли ва хавфсизлик кўрсаткичлари талабларига жавоб берадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириб ва етказиб бера олсак, жаҳоннинг ҳар қандай мамлакатига экспорт қилиш имконияти пайдо бўлади, мева-сабзавот маҳсулотларининг экспорти географиясини кенгайтириш имкониятлари ортади. Мамлакатимиздаги мавжуд табиий-иқлим шароити қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун катта имкониятдир. Ундан оқилона фойдаланилса, маҳсулотларни чуқур қайта ишлаш кенгайтирилса экспорт ҳажмини оширишга эришамиз.

Бугун Ангор туманинг “Баҳор” маҳалласида «Бир ҳудуд-бир маҳсулот» мавзусида бўлиб ўтган семинарда деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқасидан самарали фойдаланиш ҳақида сўз борди. Тадбирда вилоят ҳокими У.Б. Қосимов иштирок этиб, Ўзбекистан Республикаси Президентининг 2021 йил 23-ноябрдаги ПҚ-20-сонли ва 2022 йил 10 сентябрдаги ПҚ-373-сонли қарорларига мувофиқ деҳқон хўжаликларини ташкил этиш учун вилоятда 16 минг 273 гектар майдонда “Бир ҳудуд-бир маҳсулот” ва кооперация тамоиллари асосида сердаромад ва экспортбоп экинларни оқилона жойлаштириш, маҳсулотлар ишлаб-чиқариш ҳажмини ошириш ва кафолатли харид қилиш, ички ва ташқи бозорларга тизимли етказиб бериш орқали озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва экспорт салоҳиятини ошириш бўйича илғор тажрибаларни оммалаштириш ҳақида маъруза қилди.

Семинарда туман ҳокимининг Қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарлари, вилоят қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиқлари, вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси мутахассислари, туман Фермерлар кенгаши раислари, Қишлоқ хўжалигида хизматлар кўрсатиш агентлиги туман бўлимлари, туманда фаолият юритаётган кооперациялар, экспартёр корхоналар ва “Томорқа хизмати” МЧЖ раҳбарлари ва деҳқон хўжаликлари раҳбарлари иштирок этиб, бугуннинг долзарб вазифалари муҳокома қилинди. Мева–сабзавот, полиз ва дуккакли маҳсулотларни сараланган ва қадоқланган ҳолда экспорт қилиш тизимини кенг жорий этиш, янги истиқболли хориж бозорларини топиш ҳамда маҳсулотлар экспортини девирсификация қилиш орқали юқори қийматда сотилишига кўмаклашиш, шунингдек, фитосанитар тоза маҳсулотлар етиштиришни таъминлаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Таъкидлаш жоизки, бугун воҳа тадбиркорлари томонидан 21 та мамлакатга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилинмоқда. Келгусида Хитой, Япония, Корея, Вьетнам, Сингапур, Таиланд, Индонезия, Малайзия, Жанубий ва Шимолий Америка, Европа ва Араб мамлакатларига маҳсулот экспортини йўлга қўйиш режалаштирилган.

Тадбиркорларимизнинг биргина қўшниларимиз Қирғизистон ва Тожикистон республикасига қилаётган экспорт маҳсулотларининг хажми ва ассортименти камида икки баробарга ортди. Боғдорчилик ва полиз маҳсулотлари экспорти салмоғи ҳам ортмоқда.

Бир сўз билан айтганда, халқаро ҳамкорликни кучайтириш орқали экспорт ҳажмлари нисбатан қиммат бозорларга йўналтирилади. Экспортчиларнинг халқаро бозорларда эгаллаган позицияси мустахкамлиги уларнинг ишлаб чиқарган маҳсулотлари рақобатбардошлиги ҳамда рақобатлаша олиш имкониятлари билан ўлчанади. Бугунги кунда жаҳон озиқ-овқат бозорларига ўз маҳсулотларини экспорт қилувчи товар ишлаб чикарувчилар олдида турган энг муҳим вазифалардан бири бу маҳсулотларнинг рақобатбардошлик даражасини бахолай олиш ва туғри аниқлашдир. Семинарда шу каби масаларга ҳам кенг урғу берилди, тадбиркорлар таклифлари тингланди, муаммолари муҳокама қилинди.
УСМОН ТУРОПОВ, Сурхондарё вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқамаси бошлиғи



