Эслатма: 20 июлдан шахсий эҳтиёж товарларини четдан божсиз олиб келиш учун хорижда камида 2−3 кун юрган бўлиш керак

Давлат божхона қўмитаси 20 июлдан шахсий эҳтиёж учун товарларни божсиз олиб киришда чет элда бўлишнинг минимал муддати жорий этилишини эслатди. Хусусан, энди пиёда ёки автомобилда мамлакатга келаётган фуқаролар божсиз товар олиб кириш учун четда камида 2 кун, самолётдагилар эса 3 кун бўлиши керак.
Давлат божхона қўмитаси 20 июлдан бошлаб шахсий эҳтиёж учун товарларни мамлакатга божсиз олиб кириш лимитидан фойдаланиш учун чет элда бўлишнинг минимал муддати жорий этилишини эслатди.
Хусусан, пиёда ёки автомобилда кираётган фуқаролар бу лимитдан фойдаланиш учун чет элда камида икки кун, самолётда қайтаётганлар эса камида уч кун бўлишлари керак. Акс ҳолда олиб кирилган товарлар белгиланган лимитдан ошган деб ҳисобланади ва уларнинг тўлиқ қийматидан 30 фоиз миқдорида ягона божхона тўлови ундирилади.
Эслатиб ўтамиз, мазкур янги тартиб Вазирлар Маҳкамасининг 20 апрелдаги қарори билан белгиланган ва қарор қабул қилинганидан уч ой ўтиб кучга кирмоқда. Айни шу қарор билан 1 майдан бошлаб жисмоний шахслар учун шахсий эҳтиёж товарларини Ўзбекистонга божсиз олиб кириш нормалари камайтирилганди.
Жумладан, 1 майдан
- ҳаво транспортида 1000 доллар (бунгача 2000 доллар эди);
- темир йўл ва дарё транспортида 500 доллар (1000 доллар эди);
- автомобиль ва пиёда ўтказиш пунктлари орқали 300 долларгача қийматдаги товарларни шахсий эҳтиёж учун божсиз олиб кириш мумкин этиб белгиланган.
Бундан ташқари, жисмоний шахсларга халқаро курьерлик жўнатмалари орқали етказиб бериладиган товарлар учун ставка ҳар чоракда 1000 доллардан ойига 200 долларгача қисқартирилган. Почта орқали қабул қилинган товарлар учун лимит 100 доллар миқдорида қолдирилган.
Аввалроқ халқаро курьерлик жўнатмаларининг 1 килоси учун БҲМнинг 2 фоизи миқдорида божхона йиғими жорий этилганди. У барча хорижий маркетплейслардан товарларни етказиб беришда ва жисмоний шахслар ўртасида жўнатмаларни юборишда амал қилади.
Божхона тўловларисиз айрим товарларни, жумладан, музлаткичлар, кондиционерлар, кир ювиш машиналари, чангюткичлар ва бошқа маиший техника воситалари, шунингдек, компьютер техникасини олиб киришга сон жиҳатдан чеклов (ҳар ойда бир дона) 2018 йил июль ойида жорий этилган эди. Шу йилнинг октябрида эса ушбу муддат олти ойгача узайтирилган. Белгиланган нормадан ва/ёки такрорий олиб кириш муддатидан ошган барча бундай товарлар учун божхона тўловлари ундирилади.
Ўша йилнинг февраль ойидан бошлаб автомобиль (пиёда) йўлаклари орқали олиб кириладиган товарларнинг умумий миқдорига — 300 доллар (темир йўл ва дарё пунктлари орқали — 1000 доллар, халқаро аэропортлар орқали — 2000 доллар) миқдорида чеклов ўрнатилганди.



