ЯХШИ ИНСОНЛАР КЎПАЯВЕРСИН

Атрофимизда яхши инсонлар кўп. Ўша яхшилар орасида энг яхшиси, шубҳасиз, гўзал хулқ эгаларидир. Биз яхши инсон бўлишга интилишимиз зарур. Бугунги давр одамлари афсуски, айримлари молу-дунёга, биролар мансаб мавқеингизга, уй жойингизга қараб муомала қилишади. Яхшиликлардан ҳам манфаат излашади. Фақат ота-онангиз ва илм маърифат улашаётган устозларингиз яхшилиги-ю, хизматлари беминнат. Уларда миннат йўқ, меҳр бор, муҳаббат бисёр.
Бугунги мақоламда устозим ҳақида тўлқинланиб, фахрланиб гапиришга қарор қилдим. Бу меҳридарё инсон билан танишганимга ҳали кўп вақт бўлгани йўқ, аммо Дилноза опам Шамсиддиновани ҳаётимда муҳим ўрин эгаллаган инсон сифатида эътироф этаман. Устозим инглиз тили ўқитувчиси. Мен каби шогирдлари бисёр. У кишини фариштага қиёслагим келади. Қалбида ўқувчиларига нисбатдан ҳурмати бор, биздан умидлари катта. Барча тенгдошларим ўзига бўлган ишончни ўқитувчимиздан, у кишининг бизга бераётган мотивацияларидан оламиз. Дилноза опам мен каби билимга чанқоқ ёшларга тил ўргатиш баробарида, мақсадимга эришиш йўлида хеч қачон таслим бўлмасликни,осон эришилган нарсаларни қадри паст бўлишини ва энг муҳими ишонч эканини бот-бот уқтирадилар. Машғулотларда берилган топшириқларни бажаришга қийналган чоғларимда “ Латофат ҳеч қачон умидсизликка тушма”, деб далда берадилар. Қўлимдан тутиб,келажак сари дадил қадам ташлашга ундайдилар, қўллаб қувватлайдилар. Ёнингизда шундай бир – биридан меҳрли устозларингиз бўлгани қандай яхши! Ҳар гал Дилноза опамга қараганимда яхшиликнинг гўзал рангларини кўраман, унинг тантанасини кўраман. Устозимга чин дилдан хавас билан боқаман. Гўзал хулқи ҳам биз учун намуна. Баъзи одамлар ўйлайдики, гўзал хулқ чиройли гап, гўзал муомалага чекланган, гўзал хулқ деганда фақат шу тушунилади, деб. Аслида эса чиройли хулқ бундан кенгроқ тушунча! У камтарликни, кибр қилмасликни, кичикларга раҳм қилишни, катталарни ҳурматлашни, сабрни, юмшоқфеълликни, ростгўйликни ва бошқа нарсаларни ўз ичига олади.Менинг устозим ана шундай сифатлар эгаси. Бахтимга соғ бўлинг устозам!

Насиб келажакда эл корига ярайдиган журналист бўлмоқчиман. Орзуларим ушалиб Яратган эгам насиб ниятларимга етказса, тақдир саҳифамда Дилноза опам Шамсиддинованинг ўз ўрни бор! Сиз ҳақингиздаги ёзилажак гўзал сара асарларим ҳали олдинда устозим!
Латофат Ҳакимова, Термиз шаҳридаги 15 – умумий ўрта таълим мактабининг 11-синф ўқувчиси



