Маънавият ва маърифат

АЁЛ ҚАЙТА ТУҒИЛДИ

Қўчқор НОРҚОБИЛ

ҳикоя

Раъно остонада гарангсиб турди. Уйига ўғри тушибди. У-бу нарса сочилиб ётибди. Хосхонадаги тортма очиқ. Пул йўқ. Андозойнали стол устидан тилла занжирни ҳам олиб кетишибди…
Темир эшик калити фақат эри ва ўзида-ку… Деразаларга қалин панжара ўрнатилган. Шундай бўлгач, еттинчи қаватдаги бу хонадонга ўғри қандай кира олди?
Кечқурун эр ишдан қайтди. Хомуш тортди. Чурқ этмади. Аёл хаёлига келган гапни тилига олди:
– Яхшиям уйни сипириб-сидириб бозорга кетганим. Йўқса, ўғри булар расво яшашаркан, уй ичи тўзғиб ётибди, деб ўйларди.
Эрининг энсаси қотди. Хотинига ҳуши жойидамикан, деган маънода хавотир билан боқди.
Ҳафта ўтди. Раънонинг туғилган куни. Дугоналар ресторанда йиғилишди. Ажабтовур пальтосини илгакка осаётган Гулининг бўйнидаги бриллиант кўзли тилла занжирни кўриб Раъно сесканиб кетди. Лаҳзада тош қотди…
Ҳа, худди ўша! Ўзиники! Тилла халқачалар уланган жойда, занжирнинг қоқ ўртасида мошдан каттароқ бриллиант порлаб турибди. Раъно уни бор йўғи, бир мартагина таққанди. Синглисининг тўйига борганда…
…Бугун мана, Гулининг бўйнида! Даврадаги аёлларнинг ичи куйди. Топиш-тутиши бирнави Гулида бу асаса-ю дабдаба қайдан денг. Қимматбаҳо пальтоси ҳам ана, илгакда алоҳида ажралиб турибди. Бўйнида эса, бу куйдирги… бриллиант занжир.
Даврадаги аёлларнинг кўзи Гулида. Гули гул-гул очилган! Ҳасаду ҳасрат, қизиқишу ҳайрат авжида:.
– Буюрсин, Гули!
– Бунча чиройли бу, Гули?!
– Ўзгариш катта. Пальтонг ҳам зўр. Бўйнингдагига эса гап йўқ.
– Қаердан олдинг, Гули?
Гули эса оғзини тўлдириб мақтанди:
– Ҳа, не қилай энди? Беваман деб болиш бўлиб, ўз – ўзимга нолиш бўлиб, уйдан чиқмай ётаверайми? Ишқи тушган арслоним обберди.
– Гули, бойми у?
– Чиройлими? Ёшми?
Гулининг жавоби қисқа:
– Ҳа, жуда келишган йигит. Машинасида олиб кетгани келади. Сабр қилинглар, кўрасизлар ҳали…
Туйқус Раънонинг хаёлида чақмоқ чақди. Бошига урилган ўйдан гангиб қолди: “Ахир уйнинг калити ўзида ва фақат эрида бор эди-ку…”
Ёмон ўй ўқдан ёмон. Бугун туғилган куними ё ўлган куними, фаҳмлай олмай қолди. Дунё зимистон, манови давра эса гўристон бўлди. Раъно учун бу айём азага айланди. У наинки Гулини, балки бу машмашали машваратдаги жами аёлларни шу лаҳзада қаёққадир даф бўлиши, бу бўм-бўш дунёда ув тортиб, ўкириб-ўкириб йиғлашни истарди. Ўтаётган лаҳзалар юрагига тиғдай санчиларди.
…Ташқарида дабдабаю асаса ила алламбало, ажабрусум, ойналари ҳам қорайтирилган қоп-қора машина пайдо бўлди. Ойнаванд ресторан ичидаги аҳли аёл увиллаворишди; ҳаммаси маҳлиё. Гули дик этиб ўрнидан турди-да, қимматбаҳо пальтосини эгнига илиб, ташқарига отилди. Раъно… Раъно эса шилқ этиб курсига ўтириб қолди. Силлаи мадори кетиб, оёқлари увишди. Кўз олди хира тортди, боши танасига оғирлик қила бошлади.
Гулини олиб кетгани келган машина эриники эди…
Гули соллона юриш ила машина эшигини очди. Улов жойидан жилди.
Раънонинг хаёлидан: “Худога шукр! Эрим машинадан тушиб, анови манжалақига пешвоз чиқмади. Йўқса, даврадагилар уни танишарди. Мени батамом ўлдирарди у ифлос. Бу кунимдан кўра ер ютиб кетгани яхши, эди…” – деган ўй кечди.
Кўз қирғоқларида қийноқ ёш қалқиди. Азага айланган айёмда Раъно ўзини баъзўр ушлаб турди. Бу куч қаердан келди ўзи ҳам билмайди. Бир амаллаб дугоналарини кузатди.
Ташқарига чиқди; дунё бўм-бўш, олам остин-устин. Илк бор ўзини ёлғиз ҳис қилди. Анчагача кўчада сандирақлаб юрди. Уйига қоронғу тушганда қайтди.
Раъно энди бундан кейин, дейлик, эртага қандай яшашини билмасди. Ва, айни дам ҳувиллаган ҳаётида ҳеч кимни кутмаётганди. На телефон, на эшик қўнғироғи жаранги аҳамиятсиз. Вақт алламаҳал. Ошхона курсисига чўккан кўйи бир нуқтага тикилиб, телбанамо тош қотиб ўтирган Раъно эрининг уйга кириб келганини ҳам сезмади.

– Сенга нима бўлди? Соғлигинг яхшими? Нега бундай ўтирибсан? Шунча қўнғироқ қилдим, телефонни олмадинг. Бирор гап бўлдими?
Раъно қаршисида бир қучоқ қип-қизил атиргул кўтариб турган эрига ажабсиниб қаради.
– Менга ҳамма нарса бўлди, – Раъно иқради. – Мен кўрдим… Кўзларим билан кўрдим.
– Нима? Нимани кўрдинг?
– Ҳаммасини… Қаерда юрганингизни, ким…ким… кимларга…
Аёл энди ўзини тутолмади. Ҳиққилаб йиғлай бошлади. Ўрнидан шаҳд туриб, ташқарига, йўқ, аллақаёқларга бош олиб чиқиб кетмоқчи бўлди. Уй шифти ҳозир бошига қулаб, ер билан битта қиладигандай. Нафаси қайта бошлади. Бўғриқди. Қанийди, шу тобда ўлиб қўя қолса… ҳаммасидан қутилса. Қаршисида турган манови аблаҳдан ҳам!
Эр унинг йўлини тўсди. Қўлидан маҳкам тутиб, кўзларига тикилди.
– Сенга нима бўлди? Бетобмисан? Ахир, мен ишдан келаяпман. Шу пайтгача укангни кутиб ўтирдим. Машинамни сўраб олувди. Оғайним уйланаяпти. Келин-куёвни шаҳар айлантиришимиз керак, деб илтимос қилганди. Йўқ деёлмадим.
Раъно бир нафас ҳеч нарсани англай олмай турди.
– А-а-а-а? – хаёли остин-устин бўлиб, тағин курсига ўтириб қолди.
– Ишқилиб тинчлик бўлсин! Қўнғироқ қилсам ҳам кўтармаяпти, – давом этди эр – машинага ҳужжат олиш чоғида уканга бекор ишончнома ёзиб берган эканман.
Раъно ҳардамхаёл бўлиб ўрнидан турди. Эрининг кўксига бош қўйиб, уни маҳкам қучди-да, ўкириб йиғлаб юборди.
Айни лаҳзада у ёлғиз эмаслигини ҳис қилди. Гўрдай совуқ ва қоронғу туюлган уй ичи ёришиб кетди.
Ҳа, аёл ёлғиз эмасди…
18.02.2024.Й

Related Articles

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button