«Устоз берган сабоқ — ҳаёт йўлимга чироқ» мавзусида челленж ўтказилди

Сурхондарё вилоят озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги бош бошқармасида устоз ва шогирд анъаналарини асраб-авайлаш, ёш авлодга касбий тажриба ва билимларни етказиш, устозларга бўлган ҳурмат ва эҳтиромни янада мустаҳкамлаш мақсадида «Устоз берган сабоқ — ҳаёт йўлимга чироқ» мавзусида челленж ташкил этилди.

Мазкур челленж давомида ходимлар ўзларининг касбий фаолиятида муҳим ўрин тутган устозлари, улардан олган сабоқлари ва ҳаётий тажрибалари ҳақида сўз юритдилар. Шунингдек, устозларнинг меҳнати, берган билимлари ва ҳаёт йўлида кўрсатган йўл-йўриқлари алоҳида эътироф этилди. Ҳазрати Алишер Навоий бобомиз айтганларидек, дунёнинг бор бойлик ва хазинаси билан ҳам устозларнинг олижаноб меҳнатингиз ҳақини адо этиб бўлмайди. Ҳақиқатан ҳам, ҳар бир ёш авлодни ўз фарзандидек ардоқлаб, ёш авлод тарбияси учун кўз нури, қалб қўри, бутун борлиғини бахш этадиган ўқитувчи ва мураббийлар том маънода фидоий касб эгаларидир.

Зеро, устоз — нафақат билим берувчи, балки инсонни эзгуликка, ҳалолликка ва масъулиятга етакловчи мураббийдир. Устоздан олинган сабоқлар эса шогирднинг келгуси фаолиятида муҳим ҳаётий дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

Ушбу челленж устозларга бўлган ҳурматни намоён этиш, авлодлар ўртасидаги маънавий ришталарни мустаҳкамлаш ҳамда устоз-шогирд анъаналарини давом эттиришга қаратилди.



