ПФ-175-сон Фармон мазмун-моҳияти ходимларга тушунтирилди

Президентнинг “Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан VI очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони (ПФ–175-сон, 27.08.2026 й.) қабул қилинди. Фармон билан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, текширувларни қисқартириш, молиявий жавобгарликни енгиллаштириш ҳамда бизнес юритиш учун қўшимча кафолатлар яратишга қаратилган қатор янгиликлар белгиланди.
Сурхондарё вилояти Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги бош бошқармасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 27 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан VI очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-175-сон Фармони мазмун-моҳиятини ходимларга етказишга бағишланган йиғилиш ўтказилди.
Йиғилишда бош бошқарма бошлиғи У.Турапов сўзга чиқиб, мазкур Фармонда белгиланган вазифаларнинг аҳамиятига тўхталиб ўтди. Таъкидланганидек, давлат органлари ва ташкилотлари ходимлари мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан мунтазам хабардор бўлиб бориши зарур.
Шунингдек, ходимларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, қабул қилинаётган қонунчилик ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини чуқур ўрганиш ҳамда уларда белгиланган талабларга қатъий риоя қилиш муҳимлиги қайд этилди. Йиғилиш давомида ПФ-175-сон Фармоннинг асосий мазмун-моҳияти ва унда белгиланган вазифаларни ходимларга кенг ва атрофлича тушунтириш мақсадида бош бошқарманинг бош юрисконсульти О.Имамовга сўз берилди. О.Имамов ўз маърузасида мазкур Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган очиқ мулоқоти доирасида кўтарилган масалаларни ҳал этиш, тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаш, бизнес субъектларининг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга қаратилган муҳим чора-тадбирларни қамраб олганини таъкидлади.
Маърузачи томонидан қайд этилганидек, тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ҳамда уни ташкил этиш доирасида ўтказилган учрашувларда 14 мингга яқин мурожаат келиб тушган бўлиб, уларда кўтарилган тизимли муаммоларни ҳал этиш бўйича таклиф ва ташаббуслар мазкур Фармонда ўз ифодасини топган.
Йиғилишда Фармонда белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлашда ҳар бир ходимнинг масъулияти, фаолиятида қонунчилик талабларига қатъий амал қилиши, тадбиркорлар билан муносабатларда очиқлик, шаффофлик ва қонунийлик тамойилларига риоя этиши муҳимлиги алоҳида таъкидланди.
Тадбир давомида барча туман бўлимлари ходимлари Zoom платформаси орқали онлайн иштирок этиб, мазкур Фармонда белгиланган вазифалар, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, улар учун яратилаётган имконият ва имтиёзлар билан танишдилар. Шунингдек, Фармонда белгиланган вазифаларни амалиётга самарали татбиқ этиш, ходимларнинг ҳуқуқий билим ва масъулиятини ошириш юзасидан тушунтиришлар берилди.



