
Топармон тутармон бир одам доимо аёли ва фарзандларининг совуққонлигидан нолиб: «Аёлим менга рисоладагидай меҳр бермайди, фарзандларим ҳам серзарда, айтадиган гапини юзимга сермайди, орамизда йўқдайин парда, лекин менинг топган тутганимни еб битиришади. Нон новвойдан ош ҳавойидан, берсанг ейман, урсанг ўламан, қабилида ўтирашади», деб дийдиё қилиб юрарди. Очиғи унга раҳмим келиб аҳли оиласидан нафратланиб ҳам юрдим. Аммо кузатувларим натижасида тахир хурмонинг тагига тахир хурмо тушиши ҳаётий ҳақиқат эканига амин бўлдим.
Аҳли оиласидан мурувват кутаётган ота ўзининг зиммасидаги фарзандга муносиб она танлаш, Аллоҳ таолодан солиҳ фарзанд тилаб, дуода бўлиш, Аллоҳ таолодан солиҳ фарзанд тилаб, дуода бўлишни давом эттириш, меҳру оқибат кўрсатишда фарзандларига, аёлига ўрнак бўлиш каби ҳам шаърий ҳам маънавий мажбуриятларининг биронтасини бажармаганига яраша ўзининг ҳам фарзандларга бемеҳрлигига, совуққонлигига, ҳиссизлигига гувоҳ бўлдим. Унинг бу ҳолатини мевасиз дарахт экиб, мева кутиб ўтирган ношуд боғбон ҳолатига қиёсладим.
Райҳон Раҳимова



