Тадбиркорлар учун янги имконият ва рағбатлар

Мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш иқтисодий сиёсатнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида белгиланган. Зеро, бизнес вакилларига қулай имконият яратилган ва уларнинг муаммоларига ечим топишга алоҳида эътибор қаратилган юртда, албатта, юксалиш бўлади.
Тадбиркорлик — қарийб барча соҳалар локомотиви, деган гапда ҳеч бир муболаға йўқ. Аҳолини сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш, юқори қўшилган қийматли маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириш, замонавий хизматлар кўрсатиш, янги иш ўринлари яратиш масалаларида асосий роль ўйнаётган ишбилармонлик ривожланса, албатта, бошқа соҳалар ҳам гуллаб-яшнайди. Бу ҳақиқатни ривожланган мамлакатлар тажрибаси тасдиқлаяпти.

Кейинги йилларда юртимиз аҳолиси ўртасида ва давлат идораларида тадбиркорларга муносабат ўзгарди. Жамиятда уларнинг обрўйи, мавқеи кун сайин ортиб боряпти. Чунки мулк ва мулкдорлар, хусусий сектор вакилларининг ҳуқуқ ва манфаатлари қонун йўли билан ҳимоя қилиниши янада мукаммаллашди. Ана шулардан келиб чиқиб, “хусусий мулк дахлсизлиги”, “иқтисодий фаолият эркинлиги” сингари фундаментал демократик тушунчалар ва ҳаётий кўникмалар янги Ўзбекистонда реал воқеликка айланиб боряпти. Давлатимиз раҳбари Президентлик фаолиятининг илк кунларидаёқ тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг самарали фаолият кўрсатишлари учун барча шарт-шароитларни яратишга катта эътибор қаратди. Ўтган қисқа даврда мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини тубдан яхшилаш, ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этишга қаратилган улкан ишлар қилинди. Мамлакатимизда тадбиркорларга муносабат бутунлай ўзгариб, давлат тадбиркорларнинг муаммолари, мурожаат ва таклифларини тинглайдиган, уларга ечим топадиган самарали тизим яратилди. Ортиқча текширишлар барҳам берилди. Бизнес билан шуғулланиш истагида бўлган минг-минглаб ёшларга фаолиятини бошлаши учун зарур шароитлар яратилди.

Соҳа ривожига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилиб, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, иқтисодиётда давлат улушини босқичма-босқич камайтиришга қаратилган аниқ манзилли чора-тадбирлар амалга оширилди. Соҳани ривожлантиришга қаратилган кўплаб қонунлар, фармон ва қарорлар қабул қилинди. Бир сўз билан айтганда бугунги давр тадбиркорлари учун барча имкониятлар эшиги очиқ.
Ушбу мақола Қумқўрғон туман статистика бўлими ходимлари томонидан тайёрланди



