ҒАЛЛА ҲОСИЛДОРЛИГИНИНГ СИРИ НИМАДА?

Сурхондарё вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармасида бўлиб ўтган семинарда айнан жорий йилда ғалладан мўл-кўл ҳосил олиш учун бугунги кунда олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар, соҳа вакиллари олдидаги ўта долзарб бўлиб турган агротехник тадбирларнинг бориши ҳақида сўз борди. Тадбир аввалида Ўсимликлар карантини ва ҳимояси вилоят бошқармаси бошлиғи Усмон Туропов сўзга чиқиб, йиғилиш иштирокчиларга 2024 йил ҳосили учун экилган ғалла майдонларида зараркунандаларга, занг ва бошқа касалликларга, бегона ўтларга бир йиллик икки паллалиларга, кўп йиллик икки паллалиларга ва бошоқлиларга қарши курашиш қай тарзда ташкил этилганлиги хусусида тўхталди. Таъкидлаш жоизки, бугун Сурхон воҳаси далаларида 89325 гектар майдонда ризқ-рўзимиз бўлган ғалла ҳосили парваришланмоқда.

Семинарда Ўсимликлар карантини ва ҳимояси назорати бошқарма бошлиғи ўринбосари Ш. Худойбердиев иштирок этиб, ғалладан мўл ҳосил олиш, шунингдек, бугунги кунда ўғитларнинг сифати, уларнинг ишлатилиши ҳақида атрофлича тўхталди. Ғалла ҳосилидан юқори ҳосил олиш учун бошоқли дон етиштиришда ҳудудларнинг тупроқ иқлим шароитидан келиб чиқиб зарур миқдордаги фосфорли ва калийли минерал ўғитлар билан озиқланиш даражаси кенг муҳокама этилди. Шунингдек, маҳаллий ўғит жамғариш ишларини бажарилишини доимий назоратга олиниб, аниқланган камчиликларни жойида бартараф этиш ишлари ўрганилди. Таъкидландики, кузги буғдой-кузда, баҳорда ва бошоқлаш даврида етарли миқдорда ўғитлар билан таъминланиши ўсимликнинг яхши туплашига ҳамда ўсиш-ривожланиш жараёнларига ижобий таъсир кўрсатади.Чунончи, ғалла майдонларига азотли минерал ўғитлар етарли миқдорда қўлланилса, буғдой бошоқлари бўлиқ бўлади, донлар сони ҳам ортади. Гўнг эса тупроқ унумдорлигини ошириш билан бирга ўсимликни зарур бўлган муҳим микроэлементлар билан тўйинтиришга хизмат қилади. Юқорида таъкидлаб ўтилганидек, ғалладан мўл ҳосил етиштиришда тупроқ унумдорлигини оширишнинг энг муҳим воситаларидан бири органик ўғитлардан самарали фойдаланиш ҳисобланади.Бу борада ҳам Ўсимликлар карантини ва ҳимояси назорати бошқарма бошлиғи ўринбосари Ш. Худойбердиев давлат карантин инспекторларига маслаҳат ва тавсиялар берди.

– Ғалланинг яхши ўсиши ва ҳосилдорлик мўл бўлишида маҳаллий ўғит билан озиқлантиришнинг ҳам фойдаси катта. Маҳаллий ўғитлар ғалла майдонларига солинганда, ернинг агрокимёвий ва агрофизик хусусиятлари яхшиланади, намлик яхши сақланади, ғалланинг ўсиш ва ривожланишига ижобий таъсир кўрсатади ҳамда ғалладан мўл ҳосил олиш имкониятини янада оширади, – деди Шавкат Худойбердиев. – Органик ўғитлар тупрокда биологик жараёнларни кучайтириб, унинг физик ва кимёвий хоссаларини яхшилайди, озиқ моддалар микдорини оширади, тупроқнинг муҳим агрономик хусусиятларига ҳар томонлама таъсир этади ва тўғри қўлланилганда барча экинлар ҳосилдорлигини кескин оширади. Яна бир муҳим жиҳат муҳокама қилиндики, айрим фермер хўжалик раҳбарлари ўғит жамғаришда лоқайдлик ва эътиборсизлик туфайли тўғри келган жойлардан камхаржликни мақсад қилган ҳолда сифатсиз, синалмаган, қўлбола, сохта брендлар остида ишлаб чиқарилган ўғитлар ва зараркунандаларга қарши перепаратлардан фойдаланиш ҳолатлари кузатилмоқда. Таъкидландики, бунинг оқибатида ғалла ҳосилдорлиги камайиб, атрофдаги далаларга ҳам касалликлар шамол ва техникалар орқали кириб бориш эхтимоли юқори. Бундай салбий ҳолатларнинг келиб чиқишини олдини олишда давлат карантин инспекторларнинг роли муҳимлиги, ҳудудларда ушбу масала юзасидан ҳам тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш топшириқлари берилди. Шунингдек, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси туман бўлими давлат инспекторлари томонидан ғалла парвариши бўйича кунлик назорат тадбирлари олиб борилиши зарурлиги яна бир бор уқтирилди.
Хислат Чориев, Сурхондарё вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бошлиғи ўринбосари
Даврон Мирзақулов, Сурхондарё вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси Фитосанитар назорати ва мониторинг бўлим бошлиғи



