СУРХОН ВОҲАСИ БЎЙЛАБ СЕМИНАРЛАР ДАВОМ ЭТМОҚДА

Сурхондарё вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси мутахассислари ва туман бўлимлари давлат инспекторлари учун навбатдаги семинар ташкил этилди. Унда Ўсимликлар карантини ва ҳимояси назорати бошқарма бошлиғи ўринбосари Шавкат Худойбердиев ва вилоят бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Хислат Чориевлар иштирок этишди.
Жараёнда воҳанинг шимолий ҳудудларида 2024 йил ҳосили учун экилган ғалла майдонларида зараркунандаларга, занг ва бошқа касалликларга, бегона ўтларга қарши кураш борасидаги олиб борилаётган ишларнинг бориши таҳлилий муҳокама қилинди. Куннинг энг долзарб масаласи бўлган туманлардаги иссиқхоналар ва биолабораториялардаги айни кунлардаги ҳолати бўйича соҳа мутахассислари фикрлари тингланди. Яна бир энг муҳим бўлган жиҳат экспортбоп маҳсулотлар етиштириш, жаҳон бозорларидан тадбиркор ҳамда экспортёрларни топиш ва жалб этиш масаласига алоҳида тўхталиб ўтилди.
–Давлатимиз раҳбари мева-сабзавотчилик ва озиқ-овқат тармоғини ривожлантириш масалалари бўйича ўтказган йиғилишида агентлик олдига бир қатор вазифаларни қўйдилар,- деди Ўсимликлар карантини ва ҳимояси назорати бошқарма бошлиғи ўринбосари Шавкат Худойбердиев. – Таъкидландики, 2023 йилда мамлакатида қишлоқ хўжалиги 4,1 фоиз ўсган. Бу соҳадаги экспорт қарийб 2 миллиард долларни ташкил этган. Лекин мавжуд салоҳият бундан анча юқори. Шу боис юртбошимиз 18 январь куни экспорт ва саноат масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида мева-сабзавотчиликка доир вазифаларни ҳам кўрсатиб ўтган эди. Хусусан, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигига янги салоҳиятли бозорлар топиш, экспортбоп маҳсулотлар экилишини ташкиллаштириш бўйича ҳам масъулият белгиланди. Бугун Агентлигик томонидан ўсимликларни зарарли унсурлардан ҳимоя қилиш, фитосанитар тоза маҳсулотлар етиштириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича тизимли ишлар қилинмоқда.

Бугун Сурхон воҳасида ўтказилаётган ҳар бир семинар ва тадбиркорлар билан учрашувларида жорий йилда амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар муҳокама қилинмоқда. Бунинг учун, аввало, мева-сабзавотлар, полиз экинлари, узум ва дуккакли маҳсулотлар етиштириш кўпайтирилиши лозимлиги таъкидланмоқда. Зеро, бугун мамлакатимизда экспорт салоҳиятини ошириш борасида муҳим қадамлар ташланмоқда. Сабаби экспорт салоҳиятини кенгайиши мамлакатнинг иқтисодий юксалиши ва фаровонлигининг муҳим омилларидан биридир.
Даврон Мирзақулов, Сурхондарё вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси Фитосанитар назорати ва мониторинг бўлим бошлиғи



