Сурхон воҳасида қишлоқ хўжалик маҳсулотларини реэкспорт қилиш режалаштирилмоқда

Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси тизимида экспорт салоҳиятини ривожлантириш, маҳаллий маҳсулотларни янги ва истиқболли бозорларга олиб чиқиш ҳамда халқаро хавфсизлик талабларига жавоб берадиган маҳсулотлар улушини ошириш бўйича самарали ишлар олиб борилмоқда.
Қўмита вакиллари Бобир Ҳамроев, Улуғбек Юнусов, Хусниддин Исмоиловдан иборат ишчи гуруҳ Сурхондарё вилоятида бўлиб, ташқи бозорларга чиқиш имкониятларини янада кенгайтириш ҳамда халқаро транспорт йўлакларидан самарали фойдаланиш мақсадида экспортёр ва импортёрлар ўртасида транспорт-логистика соҳасидаги мавжуд муаммолар ва амалий таклифларни ўрганиш бўйича иш олиб борди.
✍️ Ўрганишларнинг биринчи кунида Ўзбекистон Республикаси ҳудудига Сурхондарё вилояти Термиз туманида жойлашган “Термиз халқаро савдо маркази” орқали олиб кирилаётган мева-сабзавот маҳсулотларида карантин кўриги ҳамда рухсатнома расмийлаштириш жараёнлари ўрганилди. Маълумот ўрнида таъкидлаш муҳимки, 2025 йилда 36 гектар майдонда “Термиз халқаро савдо маркази” фаолиятни бошлаган бўлиб, йиллик 22 000 та юк автотранспорт қатнови ҳамда 900 минг тонна логистика қуввати эга мазкур марказ орқали 2026 йил 1 июль ҳолатига Афғонистондан 13 турдаги 28,8 минг тонна 6,1 миллион АҚШ долларлик мева-сабзавот маҳсулотлари импорт қилинган.

Бугунги кунда Афғонистон ҳудудида етиштирилган пиёз, анор, узум, картошка ва олма маҳсулотлари соддалаштирилган тартибда карантин рухсатномасини расмийлаштириш тартиби жорий қилинган. Шу ернинг ўзида тадбиркорлар билан мулоқот ўтказилди. Мулоқотда Қўмита аъзолари билан бир қаторда Сурхондарё вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бошлиғи Усмон Туропов ҳамда бошқарма бошлиғи ўринбосари Акрам Абсаматовлар ҳам иштирок этди. Ўрганишлар доирасида Термиз “Ташқи иқтисодий фаолият маскани”да ҳам тадбиркорлик субъектларнинг вакиллари билан учрашув ўтказилиб, маҳсулотлари импортида карантин рухсатномаси ўртача 2-3 кун муддатда расмийлаштирилгани ҳамда ҳозирда 395 тонна гилос маҳсулоти фақат транзит орқали Россия ва Қозоғистонга экспорт қилингани таъкидланди.

✍️Икки кунлик ўрганишлар ва очиқ мулоқотлар давомида Афғонистонда етиштирилган гилос, ўрик, шафтоли нектарин, олхўри маҳсулотларини Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди. Унга кўра Афғонистон Ислом Амирлигидан ушбу давлат ҳудудида етиштирилган янги узилган (ҳўл) меваларни (гилос, олча, ўрик, шафтоли, нектарин, олхўри) Ўзбекистонга олиб киришга Сурхондарё вилояти Термиз туманида жойлашган “Термиз халқаро савдо маркази”да фитосанитар талабларига мувофиқ ёпиқ омборларда қайта ишлаш ва реэкспорт қилиш шарти билан карантин рухсатномаси расмийлаштириш таклифи ўрганилмоқда.
Шундан сўнг Ишчи гуруҳ вакиллари кунлик 200 та автотранспортни ўтказиш қувватига эга “Airitom” чегара – божхона постининг имкониятлари билан танишди.
Маълумот ўрнида: Сурхондарё вилояти ҳокимлиги, Божхона бош бошқармаси ҳамда бир қатор соҳа вакиллари билан ҳамкорликда Афғонистонда етиштирилган мева-сабзавот маҳсулотларини Термиз халқаро савдо марказида яратилган инфратузилмадан (сақлаш, саралаш, қадоқлаш) фойдаланган ҳолда қайта ишлаб, реэкспорт қилишни режалаштирган.



