Жамият

Шўрчи тумани яйловларида зарарли чигирткаларга қарши кураш давом этмоқда

# чигиртка назоратда

Сурхондарё вилояти Чигиртка ва тут парвонасига қарши кураш хизмати томонидан 2025 йилги кузги ва 2026 йил эрта бахорги зарарли чигирткаларнинг тухум кўзачаларини аниқлаш бўйича ўтказилган кузатув натижаларига кўра, жорий йилда вилоят туманлари ҳудудларида 109,4 минг гектар майдонда тарқалиши ҳамда қишлоқ хўжалиги экинларига иқтисодий зарар бериши мумкин бўлган 106,7 минг гектар майдонда зарарли чигирткаларга қарши курашиш ишлари ўтказилиши режалаштирилган.

Вилоятимизнинг Шўрчи тумани яйлов ҳудудларида 2026 йил мавсумида зарарли чигирткаларнинг тарқалиши ва уларга қарши олиб борилаётган кураш тадбирлари юзасидан туманда 3-отряд шакланган бўлиб тезкор маълумотларга кўра ҳудудда фитосанитар вазият доимий назорат остида эканлигини кўрсатмоқда.Олиб борилган мониторинг ишлари давомида туманда жами 2 8350 гектар яйлов майдонлари тўлиқ кузатувдан ўтказилди. Натижада, 1 5785 гектар майдонда зарарли чигирткалар мавжудлиги аниқланиб, бу кўрсаткич зараркунандалар маълум ҳудудларда кенг тарқалганини билдиради. Кузатувлар жараёнида чигирткалар зичлиги асосан 1 квадрат метр майдонда 200–250 дона атрофида қайд этилди. Бу эса айрим участкаларда зарарланиш даражаси ўртача ва айрим жойларда юқорироқ эканлигини англатади ҳамда тезкор чоралар кўришни талаб этади.

Аниқланган зарарланган майдонларда ўз вақтида кимёвий ишлов бериш ишлари йўлга қўйилиб, жами 9865 гектар ҳудудда ҳимоя тадбирлари амалга оширилди. Кунлик ўртача ишлов бериш ҳажми босқичма-босқич ва режа асосида олиб борилаётганини кўрсатади. Амалга оширилган тадбирлар зараркунандалар сонини камайтириш ва уларнинг кейинги тарқалишининг олдини олишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Кимёвий ишлов бериш жараёнларида турли русумдаги техник воситалардан кенг фойдаланилди. Хусусан, моторли қўл пуркагичлари ёрдамида 1193 гектар, ОВХ-600 пуркагичлари орқали 426 гектар, ВП-1 трактор пуркагичи билан 3 467 гектар ҳамда УЛВ-1200 агрегатлари ёрдамида 4779 гектар майдонларга ишлов берилди. Ушбу техникаларнинг уйғун ҳолда қўлланилиши катта майдонларни қисқа муддатларда қамраб олиш, иш самарадорлигини ошириш ва зараркунандаларга қарши курашиш натижадорлигини таъминлаш имконини бермоқда.

Мазкур жараёнларга жами 21 та моторли қўл пуркагич, 2 та ОВХ-600, 6 та ВП-1 трактор пуркагичлари ва 3 та УЛВ-1200 техникалари жалб этилди. Шунингдек, 2 та сув ташувчи махсус транспорт воситалари ишлов жараёнининг узлуксизлигини таъминлашда муҳим роль ўйнади. Дала шароитида 37 нафар ишчи-ходим фаолият олиб бориб, кимёвий ишлов бериш ишларини ташкил этиш ва назорат қилишда бевосита иштирок этиб келишмоқда.

Ҳудудлар кесимида олиб борилган таҳлиллар шуни кўрсатадики, айрим майдонларда зарарланиш даражаси юқори бўлишига қарамай, ўз вақтида ва манзилли амалга оширилган кимёвий ишловлар натижасида вазият барқарорлашиб бормоқда. Айниқса, зараркунандалар зичлиги юқори бўлган ўчоқларда қўшимча ишловлар ўтказилиб, уларнинг оммавий кўпайиб кетишининг олди олинмоқда.

Умуман олганда, Шўрчи туманида зарарли чигирткаларга қарши курашиш ишлари тизимли, изчил ва самарали тарзда йўлга қўйилган. Мониторинг ишлари мунтазам давом эттирилиб, аниқланган янги ўчоқларда тезкор чоралар кўрилмоқда. Келгусида ҳам мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, қўшимча техника ва куч воситаларини жалб этиш орқали яйловлар ва қишлоқ хўжалиги майдонларини зараркунандалардан ҳимоя қилиш, уларнинг салбий таъсирини камайтириш ҳамда экологик барқарорликни таъминлаш бўйича ишлар давом этмоқда.

А.Халилов, Сурхондарё вилояти Чигиртка ва тут парвонасига қарши кураш хизмати бош аграном.
Ф.Хушиев, етакчи мутахассис. 
А.Ўроқов. аграном 

Related Articles

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button