Халқаро ҳамкорлик йўлидаги бизнес форум

Самарали халқаро ҳамкорлик — бу дунёда барқарор, ишончли ва фаровон тараққиётнинг энг муҳим омилидир. Айнан шундай ёндашув замонамизнинг долзарб муаммоларини баҳамжиҳат ҳал этиш, янги хавф-хатар ва ижтимоий ларзалардан ҳимояланиш учун энг аниқ, мақбул ва самарали йўл ҳисобланади. Бугун Термиз халқаро савдо марказида икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга қаратилган муҳим бизнес форум бўлиб ўтди. Воҳага Афғонистон Савдо ва инвестициялар палатаси раиси бошчилигидаги 80 нафар тадбиркорлардан иборат делегация ташриф буюрди. Форумда Сурхондарё вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов иштирок этди.

Вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан ўтказилган мазкур учрашувда Сурхондарё вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бошлиғи Усмон Туропов, Савдо-саноат палатаси Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармаси ҳамда вилоятнинг фаол тадбиркорлари ҳам иштирок этиб, ўзаро манфаатли ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Таъкидландики, вилоятда жами 528 та хорижий инвестиция иштирокидаги корхона фаолият юритмоқда. Сурхондарё вилоятида фаолият юритаётган хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг статистик таҳлилига кўра, Афғонистон етакчи давлатлар қаторидан жой олиб, мамлакатимизда 311 та корхона дадил одимламоқда. Ушбу тадбир қишлоқ хўжалиги соҳасида савдо алоқаларини кенгайтиришда яна бир муҳим қадам бўлди. Географик жиҳатдан чегарадош ҳудуд ҳисобланган Сурхондарё бундай тадбирлар учун стратегик аҳамиятга эга бўлиб, у нафақат савдо, балки логистика ва инвестиция марказига айланиб бормоқда.

Форум доирасида ҳар икки мамлакатдан фермерлар, экспортёрлар, қайта ишлаш корхоналари ва савдо ташкилотлари иштирок этди. Улар ўзаро ҳамкорлик йўналишлари, маҳсулот алмашинуви ва янги бозорларга чиқиш имкониятларини муҳокама қилдилар. Айниқса, мева-сабзавот, дуккакли экинлар, дон маҳсулотлари ҳамда озиқ-овқат саноати маҳсулотлари бўйича ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Воҳанинг экспорт салоҳияти ҳам бор бўйича таништирилди.
Иккала давлат ўртасидаги аввалги учрашувларда ҳам Сурхондарёда етиштирилаётган юқори сифатли маҳсулотлар — узум, лимон, карам, брокколи карами, сабзавотлар ва полиз экинлари Афғонистон бозорида талабгир эканлиги таъкидланган эди. Афғонистонлик тадбиркорлар бу галги учрашувда ҳам воҳа ишбилармонларининг янги агросаноат салоҳияти, қайта ишлаш корхоналари имкониятлари ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлди. Шунингдек, жараёнларда икки мамлакат ўртасидаги логистика, сертификатлаш, фитосанитария талаблари, соҳага оид қонунчилик нормалари ҳақида ҳам сўз борди. Маърузачилар томонидан икки томон тадбиркорларига ҳам экспорт-импорт операцияларини соддалаштириш, транспорт харажатларини камайтириш ва савдо жараёнларини тезлаштириш бўйича аниқ тавсиялар берилди.

Форум доирасида Сариосиё туманидаги “Ҳусфа” МЧЖ ҳамда 10 дан ортиқ ишбилармонлар томонидан ҳамкорлик шартномаси имзоланди. Ушбу келишув икки томонлама савдо-иқтисодий алоқаларни янги босқичга олиб чиқиши кутилмоқда.Ушбу ташриф ва имзоланган шартнома — нафақат Сурхондарё вилояти, балки бутун мамлакатимиз иқтисодий тараққиёти учун муҳим қадамлардан бири ҳисобланади. Бу каби учрашувлар ҳудудлар ўртасида ишончли ҳамкорликни мустаҳкамлаб, барқарор ривожланишга хизмат қилади. Ушбу форум инвестицияларни жалб қилиш нуқтаи назаридан ҳам катта аҳамиятга эга бўлди. Зеро, бундай форумлар экспорт жараёнидаги муҳим муаммоларни ҳал этишга ҳам хизмат қилади.
Усмон Туропов, Сурхондарё вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бошлиғи



