Республика ишчи гуруҳи Сурхондарё вилоятида бўлди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 30 декабрдаги «Қишлоқ хўжалиги майдонларидаги қўшимча имкониятлардан фойдаланган ҳолда маҳсулот етиштиришни кўпайтиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-465-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида Республика ишчи гуруҳи Сурхондарё вилоятида дала четларидан самарали фойдаланиш ҳолатини ўрганди.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Б.Хамраев, Ички ишлар вазирлиги бошқарма бошлиғи А.Эргашев ва бошқа мутасадди раҳбарлар томонидан вилоятнинг Ангор, Музработ, Бандихон, Қизириқ, Термиз ва Қумқўрғон туманларида ўрганиш ишлари олиб борилди.

Кузатувларда дала четларидан оқилона фойдаланиш, маҳсулот етиштириш ҳажмини ошириш бўйича туман мутасадилари, дехқон ва фермер хўжалиги рахбарларига керакли кўрсатма ва тавсилар берилди.

Шунингдек, Президент қарорида белгиланган устувор вазифалар асосида, бу борада ер эгаларининг масъулиятини ошириш, уларга қишлоқ хўжалиги экинлари етиштиришда зарур шароитлар яратиш бўйича топшириқлар берилди.

Республика ишчи гуруҳи томонидан берилган тавсиялар асосида дала четларидан оқилона фойдаланиш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгиланди.

Бу каби амалга оширилаётган ишлардан кўзланган асосий мақсад қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш самарадорлигини кучайтириш ва уларни кўпайтириш орқали мамлакатнинг экспорт кўрсаткичларини янада оширишдан иборат.




