Сариосиёда зарарли чигирткаларга қарши ҳимоя тадбирлари амалга оширилди

Сурхондарё вилояти Чигиртка ва тут парвонасига қарши кураш хизмати томонидан 2025 йилги кузги ва 2026 йил эрта бахорги зарарли чигирткаларнинг тухум кўзачаларини аниқлаш бўйича ўтказилган кузатув натижаларига кўра, жорий йилда вилоят туманлари ҳудудларида 109,4 минг гектар майдонда тарқалиши ҳамда қишлоқ хўжалиги экинларига иқтисодий зарар бериши мумкин бўлган 106,7 минг гектар майдонда зарарли чигирткаларга қарши курашиш ишлари ўтказилиши режалаштирилган.
Хозирги кунга келиб вилоятимизнинг Сариосиё тумани яйлов ҳудудларида 2026 йил мавсумида зарарли чигирткаларнинг тарқалиши ва уларга қарши олиб борилаётган кураш тадбирлари юзасидан туманда 1-отряд шакланган бўлиб тезкор маълумотларга кўра ҳудудда фитосанитар вазият доимий назорат остида эканлигини кўрсатмоқда. Олиб борилган мониторинг ишлари давомида туманда жами 3060гектар яйлов майдонлари тўлиқ кузатувдан ўтказилди.
- Натижада, 1750 гектар майдонда зарарли чигирткалар мавжудлиги аниқланиб, бу кўрсаткич зараркунандалар маълум ҳудудларда кенг тарқалганини билдиради. Кузатувлар жараёнида чигирткалар зичлиги асосан 1 квадрат метр майдонда 180–240 дона атрофида қайд этилди. Бу эса айрим участкаларда зарарланиш даражаси ўртача ва айрим жойларда юқорироқ эканлигини англатади ҳамда тезкор чоралар кўришни талаб этади. Аниқланган зарарланган майдонларда ўз вақтида кимёвий ишлов бериш ишлари йўлга қўйилиб, жами 1614 гектар ҳудудда ҳимоя тадбирлари амалга оширилди. Кунлик ўртача ишлов бериш ҳажми босқичма-босқич ва режа асосида олиб борилаётганини кўрсатади. Амалга оширилган тадбирлар зараркунандалар сонини камайтириш ва уларнинг кейинги тарқалишининг олдини олишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Мазкур жараёнларга жами 7 та моторли қўл пуркагич, 1 та ВП-1 трактор пуркагичлари ва 1 та УЛВ-1200 техникалари жалб этилди. Шунингдек, 1 та сув ташувчи махсус транспорт воситалари ишлов жараёнининг узлуксизлигини таъминлашда муҳим роль ўйнади. Дала шароитида 15 нафар ишчи-ходим фаолият олиб бориб, кимёвий ишлов бериш ишларини ташкил этиш ва назорат қилишда бевосита иштирок этиб келишмоқда.
Умуман олганда, Сариосиё туманида зарарли чигирткаларга қарши курашиш ишлари аниқ режа ва қатъий тартиб асосида йўлга қўйилган бўлиб, барча тадбирлар босқичма-босқич ва самарали амалга оширилмоқда. Ҳудудларда олиб борилаётган мунтазам мониторинг ишлари орқали зараркунандаларнинг ҳолати доимий назоратда ушлаб турилиб, янги аниқланган ўчоқларда зудлик билан зарур чоралар кўрилмоқда.
Бу эса яйловлар ҳамда қишлоқ хўжалиги экинларини зараркунандалардан самарали ҳимоя қилиш, уларнинг салбий таъсирини камайтириш ва ҳудудда экологик мувозанатни сақлашга хизмат қилмоқда. Келгусида ҳам ушбу йўналишда олиб борилаётган ишлар узлуксиз давом эттирилиб, мавжуд хавфларни олдиндан бартараф этиш ва ҳосилдорликни оширишга қаратилган чора-тадбирлар изчил амалга оширилади.
Ф.Менгқобилов. Сурхондарё вилояти Чигиртка ва тут парвонасига қарши кураш хизмати Чигиртка ва тут парвонасининг ривожланиши ва тарқалишини прогнозлаштириш ҳамда мониторинг қилиш бўлим этакчи мутахассиси



