
Бугунги қишнинг сўнгги қор-қировли кунларида Сурхондарё вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси Қизириқ туман бўлими ходимлари аҳоли хонадонларида бўлиб, улар билан мулоқот ташкил этиб, иссиқхоналарда етиштирилаётган маҳсулотларни мониторинг кузатув ишларини олиб боришаётир. Уларга керакли тавсиялар берилмоқда. Биргина туманнинг “Янгикент” маҳалласи аҳолисининг ҳосилдорликда каттагина фойда олишларида карантин инспекторларининг ҳиссаси катта.
Қизириқ тумандаги “Янгикент” маҳалласи аҳолиси йилнинг тўрт фаслида ҳам ердан мўл ҳосил олишади. Таъкидлаш муҳимки, аҳоли даромадини ошириш, меҳнатга муносиб рағбат топишда, устига устак, маҳаллий бозорни сифатли ва ҳамёнбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан мунтазам таъминлашда иссиқхоначилик кун сайин ривожланмоқда. Ушбу маҳалла аҳли томорқага бошқача кўз билан қарайди. Йилда бир неча бор ҳосил олиб, даромадини оширишга тутинганлар кўп. Ишлаб чиқариш, аҳолига хизмат кўрсатиш соҳасида ҳам фаолият бошлаган ташаббускор фуқаролар сафи тобора кенгаяётир.
Айни чоғда бозорга чиқиб, бодринг, памидор, ҳатто қулпунайга қўл узатсангиз етадиган даврлар келиб, нарх наво анча ҳамёнбоп бўлаётир.
– Маҳалла оқсақоли бу ерда истиқомат қилаётган фуқаролари меҳнати ортидан яхши даромад кўраётгани, эҳтиёжманд оилаларга кўмак беришда ҳам фуқаролар ташаббускор ва фаоллигини алоҳида таъкидлаб, уларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашга шайлигини кўриб рости, ҳавасландик, – дейди туман бўлими инспектори Жалолиддин Эшпўлатов. Бугун маҳаллаларда хонадонларда бўлиб томорқалардаги иссиқхоналардаги маҳсулотларни кўздан кечиряпмиз. Таъкидлаш муҳимки, бодринг ўсимлиги иссиқхонада ўсиши даврида озуқа элементлари ва тупроқ эритмаси концентрацияси мутаносиблигини ушлаб туриш лозим. Кўчатни экиб бўлгандан кейин юқори сифатли иссиқхона тупроғи тезда озуқанинг зарурий унсурлари билан ўсимликни тўлиқ таъминлайди. Шунинг учун биринчи ойда илдиз тизими ривожланиб, меваларнинг ўсиши бошлангунча ўсимликлар тупроқдан етарли миқдорда керакли моддаларни олади. Унчалик унумдор бўлмаган ерларда ўсимлик ўзини тутиб олиши билан 12-15 суткадан кейин ўсимлик қўшимча озиқлантирилади. Бу вақтда экишга қадар тупроққа солинган асосий элементларнинг миқдори камаяди. Уларни ўсимликлар томонидан истеъмол қилиниши эса ортади. Озиқлантиришда ўғитларнинг меъёри ва нисбатини аниқлаш учун ҳар икки ҳафтада тупроқдан наъмуна олиб тахлил қилинади. Олинган маълумотларга мувофиқ, моддаларнинг керакли миқдори солинади. Бир марта қўшимча озиқлантириш учун илк ёшида минерал моддаларнинг юқори меъёри 1 м кв майдонга 7,0 г ни ташкил қилади, – дейди карантин инспектори.
Бугун ишбилармонлар ва тадбиркорлар замони келди. Томорқадан рўзғорлар катта даромад ҳам кўради. Албатта, томорқада рўзғор бошлиқлари ота-оналар ишлайди. Уларга кўмакдошлар ҳам деҳқончилик сирларини обдон ўрганишади. Халқимизда “Ҳамма бойликларнинг онаси – ер,отаси – меҳнат” деган нақл бор. Биз меҳнатсевар бўлсак, томорқада турли туман озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириб рўзғоримизни обод қилсак келажагамиз ҳам фаравон бўлиши аниқ.
– Томорқамиздан иссиқхона қурайлик, бодринг, помидор, булғор қалампири экиб, кузнинг хазонрезги палласида, қишнинг совуқ кунларида ҳам уйдан чиқмаган ҳолда, томорқадан даромад топайлик, дея оилабошини тадбиркорликка бошлаган Мунирахон Камолова бугун ўз хаётидан мамнун. Унинг қайнотаси ҳам ҳеч иккиланмай, томорқасининг икки ярим сотих ерида шинамгина иссиқхона қуриб, “калити”ни келинига топширди.
— Бодринг кўчатларини сентябрнинг бошларида ерга яхши ният билан қадагандик, 25-октябдан бозорда сотишни бошладик, — дейди Мунирахон. — Бодринглар уруғи, ўғити зарурий озуқаси учун 560 минг сўм сарфлагандик. Бироқ биринчи бор териб бозорга 25 килограм бодринг олиб чиқиб сотиб келдим. Биринчи мартадаёқ сарфланган харажатини оқлади. Бодринг сувни яхши кўргани учун тез-тез суғориб турамиз. Ҳар икки кунда теримга тайёр бўлади. 20-25 килограмча ҳосилни эрта саҳардан бозорга элтаман. Турмуш ўртоғим Россияда ишлаб юрибди, мен ҳам бекор ўтирмасдан, томорқада ишлаб рўзғорнинг ками-кўстига яратарман, деб иш бошлагандик. Меҳнатларимиз мева бериб, етиштирилаётган ҳосил ҳам, харидорлар ҳам тайёр. Иссиқхонага экилган 720 дона бодринг кўчатлари бугун бир оила дастурхонини тўкин қилиб, уй бекасини меҳнат билан банд этди. Иссиқхонани истиш ҳам ушбу ишбилармон оила учун мушкул эмас. Хонадонда боқилаётган товуқлар иссиқхонада ҳам донлайди, ҳам таббий “печка” вазифасини бажаради.
Келиннинг уддабуронлиги қайнотанинг ҳам томорқага қизиқишини оширди. Эндиликда иссиқхонани кенгайтириб, бодринглар қаторида помидор, болгар қалампири ҳам эксакмикин, деб турибди. Томорқада ишлаш кайфиятимни кўтаради, — дейди Мунирахон.— Ўзим экиб, парваришлаган кўчатларимнинг ҳосилга кирганини кўриб дилдан қувонаман. Янада кўпроқ меҳнат қилгим келади.
Хулоса ўрнида таъкидламоқчи бўлганимиз – меҳнат қилган олтин теради. Ўз хонадонидаги унумдор тупроқдан ҳосил олишга, уни яшнатиб қўйишга тиришади. Унинг бу ҳаракати фарзандларига ҳам ўрнак бўлади. Бундай хонадонда боқиманда эмас, инсон фақат тинимсиз меҳнат ва тадбирлилиги билангина яхши яшаши мумкинлигини англаган фарзандлар улғаяди. Фарзандларимизни меҳнатга, томорқада ишлашга ўргатайлик, азизлар!
Акрам Абдусаматов, Сурхондарё вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бошлиғи ўринбосари



