“Долзарб 40 кунлик” уюшқоқлик билан ўтказилмоқда

Сурхондарё вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бошлиғи Усмон Туропов бошчилигида Жарқўрғон туманида йиғилиш ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги директорининг 2026 йил 16 февралдаги 21-сонли буйруғи асосида бошоқли дон экинларининг занг ва бошқа касалликлари, бегона ўтлар ҳамда зараркунандаларнинг тарқалишини олдини олиш юзасидан “Долзарб 40 кунлик” эълон қилинганлиги, мазкур тадбирни уюшқоқлик билан ўтказиш тўғрисидаги муҳим масалага эътибор қаратилди.

Таъкидландики, жорий йил ҳосили учун ғалла майдонларида сариқ, қўнғир занг ва бошқа касалликлар, бир йиллик икки паллали, кўп йиллик икки паллали бегона ўтлар, бошоқли бегона ўтлар, зарарли хасва, шилимшиқ қурт, шира, трипс ва бошқа зараркунандаларнинг тарқалишини олдини олиш ҳамда зарарли организмлар кузатиладиган майдонларда қарши зарурий кураш чоралари кўрилмоқда. Бу борада бошқарма раҳбарияти томонидан иш режаси ишлаб чиқилган. Ҳудудларда кенг миқёсда ишлар бошлаб юборилган.
Йиғилишда “Долзарб 40 кунлик” тадбири давомида тизимли кузатувни ташкил этиш, ғалла ҳосилини етиштирувчи хўжаликлар билан биргаликда экинларни ҳимоя қилиш ишларининг ўз вақтида бажарилиши ва кимёвий воситалар захирасининг мавжудлиги ҳамда кимёвий ва биологик ишловларни ўз вақтида ўтказиш бўйича мунтазам равишда фитосанитар назорат олиб борилиш зарурлиги ҳақида сўз борди. Таъкидландики, барча ғалла майдонларини тўлиқ хатловдан ўтказиш, уларнинг ҳолатини доимий равишда мониторинг қилиб бориш ҳамда агротехник чора-тадбирларни самарали ташкил этиш мақсадида кўргазмали ўқув-семинарлари ташкил этиш ҳам бу борадаги ишлар унумдорлигини оширади.

- Сурхондарё вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бошлиғи Усмон Туропов ўз сўзида экинларни касаллик ва зараркунандалардан ҳимоя қилиш, фитосанитария талаблари ҳамда сифат назоратини кучайтириш экспортбоп маҳсулот етиштиришда муҳим ўрин тутишини таъкидлади. Жараёнда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспортга тайёрлаш ва амалга ошириш, экспорт шартномасини тузиш ва рўйхатга қўйиш, экспорт қилинаётган маҳсулотларга турли сертификатлар олиш, уларни транспортга юклаш ва ташиш, маҳсулотларни экспорт килиш, қишлоқ ҳўжалиги маҳсулотлари экспортини давлат томонидан қўллаб-қувватлашдаги имтиёзлар ҳақида сўз борди. Бундан ташқари, биоўғитлар ва органик агротехнологияларни жорий этиш, тупроқ унумдорлигини оширишга қаратилган инновацион ечимларнинг амалий аҳамияти алоҳида қайд этилди.

Маълумки, экспорт қилинадиган маҳаллий қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун халқаро фитосанитария сертификати берилиши, улар етиштирган дала, боғ ва томорқалар назорати натижасида бериладиган ички фитосанитария сертификати жорий қилинган. «e-Fitouz» автоматлаштирилган ахборот тизими базасида «даладан экспортгача» бўлган занжирни қамраб олувчи тизим яратилган ва ишга туширилган. Йиғилишда “Даладан экспортгача” тамойили бўйича тўлиқ ишлашни таъминлаш зарурлиги қайд этилди. Бугун вилоятнинг барча туманларида товарларни халқаро фитосанитария талаби асосида тайёрлаш учун маҳсулот етиштирувчи, қадоқловчи ва экспорт қилувчи ҳар бир корхонага карантин инспекторлари бириктирилган бўлиб, ҳамкорликда олиб борилаётган ишлар ўз самарасини бермоқда.
Семинар якунида бошқарма бошлиғи барча карантин инспекторларга агротехник тадбирларни ўз вақтида илмий асосда ташкил этиш, ҳосилдорликни барқарор ошириш бўйича аниқ тавсиялар берди.




