«ДОЛЗАРБ 40 КУНЛИК»-ДАВР ТАЛАБИ
КУНЛИК АГРОТЕХНИК ТАДБИРЛАРНИНГ БОРИШИ КУЗАТИЛМОҚДА

Шеробод туманида ғўза агротехникаси ҳамда зараркунандаларга қарши курашиш, «Долзарб 40 кунлик» тадбирлари, шунингдек, такрорий экин экиш бўйича олиб борилаётган ишлар муҳокама қилинди.
Ўтказилган муҳокама йиғилишида вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Фарходжон Исмоилов, Сурхондарё вилояти Ўсимликлар карантини ва химояси бошқармаси ходимлари, туман ҳокимлиги мутасаддилари, вилоят прокуратураси масъуллари, туман сектор раҳбарлари, вилоят ва тумандаги бошқа қишлоқ хўжалиги корхона ва ташкилотлари раҳбарлари, ҳудуд раислари, пахтачиликка ихтисослаштирилган кластер ва фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирок этдилар.

Йиғилишда вилоят ҳокимнинг ўринбосари томонидан туманда ғўза зараркунандаларига қарши кураш бўйича олиб борилаётган ишлар ва йўл қўйилган камчиликларга атрофлича тўхталиб ўтилди ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан масъул мутасаддиларга кечиктирилмас вазифаларни белгилаб берилди. Таъкидландики, агрокластер, фермер ва деҳқон хўжаликлари кесимида барча ғўза майдонларининг фитосанитар ҳолатини ўрганиш, кимёвий воситалар билан таъминланганлик, ғўзанинг шира трипсга қарши уйғунлашган кураш чора тадбирларидан агротехник, биологик ва кимёвий кураш усулларини тўғри қўллаш, ғўзанинг ашаддий зараркунандалари бўлган ўгимчаккана ва ғўза тунлами (кўсак қурти) га қарши кураш тадбирларини тўғри ташкил этиш масалаларига алоҳида аҳамият қаратиш лозим. Ҳудудларда Фарғона усулида Садш суюқликларидан фойдаланиш уни тўғри тайёрлаш, биомаҳсулотларни миқдор меъёрларида қўллаш юзасидан тўлиқ назорат ўрнатиш ва ўз вақтида қўллаш, экин майдонларини биоҳимоялашнинг яна бир тури энтомопотоген нематодаларни қўллаш, унинг келгусида қишлоқ хўжалик экинларини зараркунандалардан ҳимоялашдаги самарадорлиги ҳақида яна бир бора мутахассислар маслаҳати тингланди.

Маълумот ўрнида туманда 2023 йил ҳосили учун 9250 гектар майдонда ғўза парвариш қилинмоқда. Далалардаги ҳар бир шона карантин инспекторлари назоратида. Кунлик агротехник тадбирларнинг бориши кузатилмоқда. Зеро, «Долзарб 40 кунлик» тадбирлари- бу эртанги мўл ҳосил олишнинг энг самарали йўли.



