«ДОЛЗАРБ ҚИРҚ КУНЛИК»ТАДБИРЛАРИ ДАВОМ ЭТМОҚДА

Пахта майдонларида учрайдиган хавфли зараркунандалар, касалликлар ва бегона ўтларга қарши кураш чораларини кучайтириш мақсадида Ўсимликлар карантини ва ҳимояси Агентлиги томонидан жорий йилнинг 5-июнидан 14-июлига қадар «Долзарб қирқ кунлик» тадбирлари эълон қилинди.
Тадбирни уюшқоқлик билан олиб бориш мақсадида, Самарқанд вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси томонидан чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, унга кўра, қишлоқ хўжалигида биоҳимояни янада ривожлантириш, ҳудудларда биологик ҳимоялашни кучайтириш, ғўза майдонларига олтинкўз энтомофагларини гектарига 1000-2000 донадан тарқатилишини таъминлаш, ҳамда, ғўза тунламини аниқлаш мақсадида гектарига 1 донадан феромон тутқичларнинг ўрнатилишини амалга ошириш, ғўза тунламига қарши ҳар бир авлодига 1 гр дан 3-4 кун оралатиб 3 маротаба трихограмма энтомофагларини тарқатиш, мевали боғ, полиз, иссиқхона, дуккакли ва бошқа экинларда учрайдиган зараркунандаларга қарши олтинкўз ва бракон энтомофагларини гектарига 2000-3000 донадан 3 маротаба тарқатиш, агрокластер, фермер ва деҳқон хўжаликлари вакилларига бу борадаги мақсад ва афзалликларни тушунтириш масалаларига алоҳида аҳамият қаратмоқда.

“Долзарб 40 кунлик” тадбирларини уюшқоқлик билан ташкил этиш мақсадида Республика ишчи гуруҳлари ташкил этилди. Ишчи гуруҳ ҳар бир тумандаги секторлар доирасида фолият олиб бориб, агрокластер, фермер ва деҳқон хўжаликлари кесимида барча ғўза майдонларининг фитосанитар ҳолатини ўрганиш, кимёвий воситалар билан таъминланганлик, ғўзанинг шира трипсга қарши уйғунлашган кураш чора тадбирларидан агротехник, биологик ва кимёвий кураш усулларини тўғри қўллаш, ғўзанинг ашаддий зараркунандалари бўлган “ўргимчаккана” ва “ғўза тунлами” яъни (кўсак қурти) га қарши кураш тадбирларини тўғри ташкил этиш масалаларига алоҳида аҳамият қаратди.

Фарғона усулида Садш суюқликларидан фойдаланиш уни тўғри тайёрлаш, биомаҳсулотларни миқдор меъёрларида қўллаш юзасидан тўлиқ назорат ўрнатиш ва ўз вақтида қўллаш, экин майдонларини биоҳимоялашнинг яна бир тури энтомопотоген нематодаларни Ўзбекистон ҳудудларида қўллаш, унинг келгусида қишлоқ хўжалик экинларини зараркунандалардан ҳимоялашдаги самарадорлиги кабилар ҳақида кенг жамоатчиликни хабардор қилиш мақсадида жойларда тизимли ва манзилли тадбирлар олиб борилиб, маълумотлар ва тавсиялар берилмоқда. Шунингдек, мутахассислар томонидан ғўза майдонларида мониторинг ва фитосанитар дала назорати ҳамда фермерлар дафтарининг юритилишини ташкил этиш, ғўза майдонларида зараркунандаларнинг кучли тарқалиш ўчоқларини доимий назоратга олиш, ҳамда иқтисодий зарар миқдор мезонидан ошганда кимёвий қарши кураш ишлари ўтказилишини кучайтириш лозимлиги таъкидланаяпти.

Бугунда ғўза зараркунандаларига қарши курашишда Самарқанд вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси ҳамда унинг ҳудудий бўлим маъсуллари томонидан 2023 йил пахта ҳосилини нес-нобуд қилмай йиғиб олишгача бўлган даврда бор имкониятларини ишга солиш мақсад қилинган.
Ҳозирги кунда вилоятда жами 215 та биолабораториялар мавжуд, шундан 32 таси маъсулияти чекланган жамиятга, хусусий, ҳамда унитар корхоналар биолабораториялари ҳиссасига тўғри келади, 183 таси эса аҳоли хонадонларида ташкил этилган хонадонбай биолабораториялардир. Мавжуд биолабораториялар томонидан биомаҳсулотларни турлари бўйича 459 кг трихограмма, 290 млн. дона бракон, 322 млн. дона олтинкўз энтомофагларини кўпайтириш йиллик режаси қўйилган.
Биолабораториялар томонидан 2023 йил ҳосили учун экилган қишлоқ хўжалиги экинларида учрайдиган зараркунандаларга қарши энтомофагларни далага тарқатиш бўйича 163 224 гектар майдон билан шартнома тузилганган бўлиб,шундан, 71 855 гектарини пахта, 78 693 гектарини ғалла, 130 85 гектарини эса бошқа турдаги қишлоқ хўжалик экинлари ташкил қилади. Мавсум бошидан олтинкўз биомаҳсулотлари гектарига 500 донадан 78 703 гектар ғалла майдонига қўйилган. Айни кунларда эса ғўза парваришига қарши гектарига 1000-1500 донадан 82 730 гектар пахта майдонига олтинкўз, гектарига 1 гр дан 83 934 гектарга трихограмма, гектарига 1000-1500 донадан 34 625 гектарга бракон энтомофаглари чиқарилган. Мевали боғ, иссиқхона, аҳоли томорқа ва бошқа экин турлари учун 12 897 гектарга олтинкўз, 12 686 гектарга трихограмма, 11 786 гектарга эса бракон энтомофаглари чиқарилган. Бугунда қишлоқ хўжалик экинлари зараркунандаларига қарши курашиш мақсадида яна бир биоагент энтомопотоген нематода вилоятимизга кириб келди. Ҳозирда биолабораторияларда ушбу биомаҳсулотни оналик материалларидан кўпайтириш жараёнлари олиб борилмоқда.Тайёр бўлган маҳсулотлар эса экин майдонларига қўлланилмоқда. Жумладан, «Жомбой ўсимликлар клиникаси ва биолаборатория маркази» МЧЖ га қарашли биолаборатория томонидан 40 гектар, Каттақўрғон туманидаги «Пахтани зараркунандалардан тозалаш» УК (Унитар корхонаси) га қарашли бўлган биолаборатория томонидан 35 гектар , Пастдарғом туманидаги «Жума порлоқ» МЧЖ га қарашли биолаборатория томонидан 20 гектар, «Умида Содиқова баракаси» МЧЖ хонадонбай биолабораториясидан 50 гектар, Иштихон туманидаги «Мароқанд биомадад» МЧЖ биолабораторияси томонидан эса 50 гектар пахта майдони ва 2 гектар иссиқхона экинларига нематодалар қўлланилган. 2023- йил ҳосили учун экилган ғўза майдонларида зараркунандаларни аниқлаш юзасидан мониторинг ўтказиш ва уларга қарши курашиш бўйича 73 246 гектар ғўза майдонининг 164 012 гектарида яъни, (223,9%) мониторинг ишлари ўтказилган. “Ўргимчаккана”га қарши мавсум бошидан 101 452 гектарига олтинкўз биомаҳсулоти қўлланилган. 90 212 гектарга эса ИСО қайнатмаси билан ишлов берилган. 3 728 гектарда кимёвий ишлов бериш жараёнлари олиб борилган. Ғўза тунлами (кўсак қурти) га қарши 70 505 гектар майдонга феромон тутқичлар ўрнатилган. Мавсум бошидан 74 016 гектарга трихограмма билан, 27 166 гектарга бракон энтомофаглари билан ишлов берилган. 227 244 гектар майдондаги ғўза экинларига эса барг орқали (биостимулияторлар) билан озиқлантириш ишлари олиб борилди. Ҳозирда вилоятнинг барча туманлардаги хўжаликларда яхши ният қилиб қадалган ҳар бир чигитдан келгусида юқори ва фитосанитар тоза маҳсулот олиш режаси қўйилган. Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, бу каби тадбирларни тўғри ва самарали ташкил этиш билан келгусида қишлоқ хўжалик экинларидан фитосанитар тоза ва сифатли ҳосил олиб, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаган бўламиз.
Дарҳақиқат, келгуси ҳосил бугунги ҳаракат самарасига боғлиқ эканлигини унутмайлик!!!
БАХТИГУЛ ҒАНИЕВА,
Самарқанд вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси ахборот хизмати раҳбари



