Қишлоқ хўжалиги

Пахта ва бошоқли экинлар экилган дала четларида мош ва ловия экинларини етиштириш

Дала четларида озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришни кенгайтириш, хорижий бозорларда талаб юқори бўлган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш орқали экспорт кўламини кенгайтириш, иқтисодиёт ва аҳоли фаровонлиги учун энг муҳим манба бўлган ерлардан унумли фойдаланиш имкониятини оширишга қулай муҳит яратди. Ўзбекистон Республикасининг “Дала четларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонуни айнан юрт фаравонлиги йўлида хизмат қилади.

Фермер хўжаликларининг ер участкаларидан янада самарали фойдаланиш ва қўшимча даромад олишни ташкил этишда дала четлари, суғориш ва коллектор-дренаж атрофларида озиқ-овқат ва ем-хашак экинларини экиш муҳим аҳамиятга эга. Хусусан, дала четлари, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари атрофида дуккакли экинларни етиштириш билан қўшимча даромад олиш мумкин.

Дала четларига мош ва ловия етиштириш агротехнологияси. Пахта ва бошоқли экинлар экилган далаларнинг икки четидаги эгатларга қўл ёрдамида уруғлар 1 метр жойга мошда – 20 дона (10 см га хар бир уяга 2 донадан), ловияда – 12 дона (15 смга хар бир уяга 2 донадан), экиш чуқурлиги нам тупроқларда 3-4 см, тупроқ қуруқ бўлса 5-6 см чуқурликка экилади.  Даланинг тўрт тарафидаги эгатларнинг узунаси 100 метр масофада бўлса, бир гектар майдон дала четлари переметри бўйича 400 метр бўлади (аслида, даланинг переметри умумий майдоннинг 2 фоизини ташкил этади), мошда уялар сони 4000 та бўлса, хар бир уяга 2 донадан уруғ экилса 8000 дона (0,6 кг), ловияда уялар сони 2650 та бўлса, хар бир уяга 2 донадан уруғ экилса 5300 (1 кг) дона уруғ сарфланади.

Экинни парваришлаш. Икки марта қўл кучи ёрдамида: майсалар тўлиқ униб чиқканда ва шоналаш даврида чопиқ қилинади. Ўғитлаш ҳам икки марта: биринчи ва иккинчи чопиқдан сўнг амалга оширилади (1,2 кг азот, 2,4 кг фосфор, 1,2 кг калий солинади). Суғориш ишлари ўсув даврида тупроқ-иқлим шароитларини инобатга олган ҳолда 3-4 марта амалга оширилади.

Мош ва ловияда учрайдиган касалликларга илдиз чириш, фузариоз ва антракнозлар киради. Зараркунандалардан асосан ўсимликнинг вегетация даври давомида ўргамчаккана, тунламлар ва кўсак қурти катта зарар келтиради, унга қарши биологик кураш бўйича Габрабракон, Олтинкўз қўлланилади, кимёвий қарши курашда эса Омайт 1 л/га, Ортус 0,750 л/га ҳисобида 300 литр сувга ишчи эритмасини тайёрлаган ҳолда эрталаб сепилади.

Ҳосилни йиғиштириб олиш. Мош дуккаклари бир текис етилмайди. Пишган дуккаклар қораяди, донлар ўз навига хос тусга киради. Дуккакларнинг 70% и етилганда ўрим-йиғим бошланади. Пишиб етилган мош ва ловия донлари қўл кучи ёрдамида йиғиштириб олиниб, махсус майдонларда қуритилади ҳамда дони қўл кучи ёрдамида йиғиштириб олинади.

Исроил Норбўтаев, Сурхондарё вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси Қумқўрғон туман бўлими фитосанитар давлат карантин инспектори

Related Articles

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button