Қишлоқ хўжалиги

“ДОЛЗАРБ ЎТТИЗ КУНЛИК” ДАВОМ ЭТМОҚДА

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги томонида республика ҳудудида карантиндаги ва бошқа зарарли организмларга қарши ўз вақтида кураш тадбирларини ташкиллаштириш ҳамда фитосанитар хавфсизликни таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 7 июлдан 7 августига қадар “Долзарб ўттиз кунлик” ойлиги деб эълон қилинди.

“Долзарб ўттиз кунлик” тадбирлар доирасида мевали боғларда учрайдиган “Шарқ мевахўри” ҳамда полиз экинларидаги “Қовун пашшаси” зараркунандалари ҳамда маданий ўсимликларнинг ўсиши ва ривожланишига салбий таъсир қиладиган “Зарпечак”, “Судралувчи какра” бегона ўтларига оммавий профилактика ва қарши курашиш ишлари олиб борилмоқда.

Сурхондарё вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси мутахассислари ва туман давлат карантин инспекторлари томонидан ҳудудлардаги полиз далалари ҳамда мевали боғларда семинар ташкил этилиб, “Қовун пашшаси” зараркунандасига ҳамда маданий ўсимликларнинг ўсиши ва ривожланишига салбий таъсир этадиган “Зарпечак” ва “Судралувчи какра” бегона ўтларига қарши курашиш юзасидан тавсиялар берилмоқда.

Семинарларда шаҳар ва туман ўсимликлар карантини ва ҳимояси давлат инспекторлари полиз экинлари етиштириладиган далаларда ва зарарли бегона ўтлар тарқалиши мумкин бўлган майдонларда “Долзарб ўттиз кунлик” юзасидан дала назорати электрон дастури орқали ҳисобот юритиш, “Қовун пашшаси” зараркунандасини эрта аниқлаш ва қарши кураш олиб бориш учун феромон тутқичлардан кенг фойдаланиш, фитосанитар дала назоратини амалга ошириш, белгиланган тартибда намуналар олиб тегишли карантин лабораторияларида фитоекспертизадан ўтказилиб, зарарли организмлар аниқланган тақдирда карантин чораларини амалга ошириш вазифалари юзасидан атрофлича сўз юритилди.

Мутахассисларнинг фикрича, қовун пашшаси мамлакатимизнинг полиз етиштириладиган ҳудудларига тарқалса, ўз вақтида ҳимоя чоралари ўтказилмаса далаларда ҳосилнинг катта қисми нобуд бўлиши мумкин. Бугунги кунда бу зараркунанда барча вилоятларда учраб, личинкаси асосан қовунни ҳамда кам миқдорда тарвуз, ошқовоқларга сезиларли зарар етказмоқда.   Шу сабабдан, қовун пашшасининг ҳудудларга тарқалиш сабаблари, биоекологик хусусиятлари, зарар келтириш даражаси, унга қарши уйғунлашган кураш чора-тадбирлари “Долзарб ўттиз кунлик” ойида уюшқоқлик билан олиб борилиши режалаштирилган.

Бахтиёр Тошбоев, Сурхондарё вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси  мутахассиси

 

 

Related Articles

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button