“АНГОР ВА ЖАРҚЎРҒОН ТАЖРИБАСИ” ЯНАДА КЕНГ ЖОРИЙ ЭТИЛАДИ

Сурхондарё вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов, вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бошлиғи Усмон Туропов, туман ҳокимлиги вакиллари ва бир қатор бошқармалар мутасаддилари Жарқўрғон туманларида хизмат кўрсатадиган янги марказлар фаолияти билан танишди. Давлатимиз раҳбарининг видеоселектор йиғилишида белгилаб берган топшириқлари ижросини таъминлаш ва экспортёрларга янада қулай шароитлар яратиш учун вилоятда олтита экспорт-логистика марказидан бири айнан Жарқўрғон туманида ташкил этилганлиги, бу эса туман қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларнинг масъулиятини янада оширганлиги айтилди. Таъкидландики, бу йил вилоятда мавжуд томорқалардан янада самарали фойдаланиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари парваришлашда янги тартиб жорий этилмоқда.

Аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қоплаш ва экспорт ҳажмини ошириш учун 49,5 минг гектар томорқа ер майдонларидан камида икки марта алмашлаб экиш орқали ҳосил олиш йўлга қўйилаётир. Бу усул томорқаларда бир йилда экин экиладиган майдонларни 100 минг гектарга етказиш имкониятини беради. Шунингдек, “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида 572 та маҳалла маълум бир турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга ихтисослаштирилмоқда. 12,9 мингта аҳоли томорқасида ихчам иссиқхона ва плёнка остида маҳсулот етиштирилиб, “Ангор ва Жарқўрғон тажрибаси” кенг жорий этилаётир. Бу ишлар томорқа ер майдонларидан 2 миллион 173 минг тонна ҳосил етиштириш учун қулай имконият яратади. Мева-сабзавот етиштириш яхши ривожланган Ангор, Жарқўрғон, Қумқўрғон ва Денов туманларида дуга усулида ихчам иссиқхонлар ташкил этиш ҳам белгилаб олинди.



