Баҳорги ер ковлаш муҳим жараён

Баҳорги ер ковлаш ва намуна олиш ишлари – зараркунандаларга қарши курашда илмий асосланган ва самарали усул бўлиб, қишлоқ хўжалиги барқарорлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади. Республикамизнинг географик ўрни ва тупроқ иқлим шароитлари дехқончиликнинг барча турларини ривожлантириш учун жуда қулай ҳисобланади. Бу иқлим шароитида зараркунандалар тез ривожланиб, шимолий минтақаларга нисбатан бир неча марта кўп бўғин беради.
Қишлоқ хўжалик экинларини зараркунанлари, касаллик қўзғатувчилари ва бегона ўтларнинг тарқалиши, ривожланиши ҳамда зарарлилик даражаси об-ҳаво, тупроқ шароитлари ва уларни етиштириш агротехникасига ҳамда етиштирилаётган экин навига боғлиқдир. Шу сабабли ҳам ишлаб чиқаришга зараркунанда, касалликларга чидамли, серҳосил экин навларини, алмашлаб экиш тизимини, зарарли организмлардан ҳимоя қилишнинг илғор усулларини жорий этиш зарур. Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги томонидан ер остида яширин ҳолда ривожланадиган зараркунандаларни ўз вақтида аниқлаш энг муҳим агротехник тадбирлардан бири ҳисобланади. Шу мақсадда баҳор фаслида ердан намуна олиб ковлаш ишлари амалга оширишни янада кучайтириш учун “Долзарб 15 кунлик “ тадбирлари эълон қилинди. Сурхон воҳасининг барча ҳудудларида жараёнлар бошланиб кетди. Вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси мутахассислари ва туман бўлими прогнозчилари режа асосида ишларни ташкил қилмоқда.

Қишлоқ хўжалик экинлари зараркунандалари, касаллик қўзғатувчилари ва бегона ўтларга қарши курашда мунтазам равишда тўғри ўтказилган ҳар бир назорат ишлари ўта муҳимдир. Бундай назорат ишлари зарарли организмлар пайдо бўлиши ва тарқалишини олдиндан аниқлаш омилидир. Зараркунандаларни аниқлашда ердан намуна олишнинг аҳамияти катта. Қишловдан чиққан зараркунандаларнинг ҳисобига аниқлик киритиш мақсадидабаҳорги
кузатув-назорат ер ковлаш (раскопка) ишларини амалга ошириш бўйича кўргазмали ўқув семинарлар ташкил этилмоқда. Агрокластер фермер хўжаликлари ва бошқа субъектлар кесимида барча экин майдонларининг фитосанитар ҳолатини аниқлаш ва зарарли организмларнинг қишловдан чиқиш жараёнини ўрганишлар олиб борилмоқда.
Жорий йилида ўсимликларнинг қишловга кетган КЕМИРУВЧИ ва СЎРУВЧИ зараркунадалари миқдорини аниқлаш мақсадида баҳорги ер ковлаш (раскопка) қилиш ва ўсимлик қолдиқларидаги зарарли организмларни ҳисоб – китоби натижалари кунлик олиб борилди. Жорий йилда об-ҳаво шароитининг намгарчилик юқори бўлиши сабабли очиқ майдонларда февраль ойидан бошлаб занг касаллигининг тарқалиши прогноз қилиниб, туман прогнозлаштириш ва мониторинг мутахассисларидан буғдой майдонларида мунтазам ва тизимли кузатувларни ташкил этиш, касалликнинг илк белгилари аниқланганда тезкор ахборот бериб боришмоқда.

Қишлоқ хўжалигида юқори ҳосил олиш фақат экиш ва суғориш билан чекланмайди. Ер остида яширин ҳолда ривожланадиган зараркунандаларни ўз вақтида аниқлаш энг муҳим агротехник тадбирлардан бири ҳисобланади. Шу мақсадда баҳор фаслида ердан намуна олиб ковлаш ишлари амалга оширилади. Баҳорда тупроқ илиқлаша бошлаши билан кўплаб ҳашаротлар личинка ҳолатида фаоллаша бошлайди. Улар илдизларни кемириб, ёш ниҳолларни қуритиши мумкин. Айниқса, симқурт, турли қўнғиз личинкалари ва совка қуртлари экинлар учун катта хавф туғдиради. Агар зараркунандалар сони ўз вақтида аниқланмаса, майдонда катта иқтисодий йўқотишлар кузатилиши мумкин. Ердан намуна олиш тартиби муайян қоидалар асосида бажарилади.. Ердан намуна олиш орқали зараркунандаларнинг тури, зичлиги ва тарқалиш даражаси аниқланади. Бу маълумотлар асосида агротехник, биологик ёки кимёвий кураш чоралари белгилаб берилади. Шунингдек, мазкур тадбир профилактик аҳамиятга эга бўлиб, ҳосилни сақлаб қолиш ва сифатини оширишга хизмат қилади.
Ҳаммахўр зараркунандалар (чигирткалар, бузоқбошлар, симқуртлари, қора танли қўнғизлар, кузги тунлам қуртлари ва хоказо) кўпайиши ва тарқалишини башорат қилиш ишларини ўз вақтида амалга ошириш мавсум ҳосилдорлигини ошириш муҳим аҳамият касб этади. Биринчидан бу зараркунандалар миқдорини белгиланган муддатларда ҳисобга олиб, олинган маълумотлар қайта-қайта ишланиб кўп йиллик маълумотлар билан таққосланиб борилади.
Иккинчидан зараркунандаларнинг қишлашга кетиш, қишлаш ва қишлашдан чиқиш ҳолатлари ҳам ўрганилиб борилади. Учинчидан кутилаётган агрометеорологик ҳолат, экинлар структурасини ўзгариши, эрларга агротехник ишлов бериш ҳолатини бориши тўғрисида ҳам маълумотлар йиғилади. Агар куз илиқ келиб, озуқа этарли бўлса бу зараркунандалар қишга яхши тайёргарлик билан кетадилар. эрта баҳорда об-ҳаво қулай келса бу зараркунандалар қишлашдан эрта чиқиб тез ривожлана бошлайди. Бу зараркунандаларни қишлаш жойлари аниқланиб қишловга кетиш ҳолати ва миқдори пухта ўрганилиши лозим. Агар бу зараркунандаларнинг ривожланишига тўсқинлик қилувчи ташкилий хўжалик ва агротехник тадбирлар (бўш эрлар ўзлаштирилиши, эрларни ағдариб ҳайдаш, қишки яхоб сувлари, ўсимлик қолдиқларини йўқотиш, бегона ўтларга қарши кураш, алмашлаб экиш ишлари ва х.к.) ўз жойига қўйилса бу зараркунандалар кескин ривожланиб кетишига тўсқинлик қилинади.
Бахтиёр Тошбоев, Сурхондарё вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бўлим бошлиғи



