Қалбаки ва сифатсиз препаратлар ҳосилдорликка путур етказади

Қишлоқ хўжалиги экинларидан юқори ва сифатли ҳосил олишда замонавий агротехнологиялар билан бир қаторда, ўсимликларни зараркунанда ва касалликлардан ҳимоя қилишда қўлланиладиган кимёвий препаратларнинг сифати ҳам муҳим аҳамият касб этади. Шу боис қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган кимёвий воситаларнинг сифатли, хавфсиз ва белгиланган талабларга мувофиқ бўлишини таъминлаш, қалбаки ва сифатсиз препаратларнинг муомалага кириб келишининг олдини олиш борасида назорат тадбирлари изчил давом эттирилмоқда. Сурхондарё вилояти Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги бош бошқармасининг Қумқўрғон туман бўлими инспекторлари томонидан тумандаги ердан фойдаланувчилар, фермер ва деҳқон хўжаликлари ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш билан шуғулланаётган тадбиркорлар ўртасида профилактик-тушунтириш ишлари олиб борилди.

Тадбирлар давомида қалбаки ва сифатсиз кимёвий препаратларнинг қишлоқ хўжалиги соҳасига кириб келиши, уларнинг ноқонуний равишда сақланиши ва савдога чиқарилишининг олдини олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Мутахассислар томонидан ердан фойдаланувчиларга кимёвий препаратларни харид қилишда, аввало, уларнинг қадоқланиши, ёрлиғи, ишлаб чиқарувчиси, яроқлилик муддати ва бошқа зарур маълумотларга эътибор бериш лозимлиги тушунтирилди. Шунингдек, маҳсулотларни фақат ишончли ва қонуний фаолият юритувчи савдо нуқталаридан харид қилиш, келиб чиқиши номаълум бўлган препаратлардан фойдаланмаслик бўйича тавсиялар берилди.

Қалбаки ёки сифат талабларига жавоб бермайдиган кимёвий препаратлардан фойдаланиш нафақат етиштирилаётган экинларга, балки фермер ва деҳқон хўжаликларининг иқтисодий манфаатларига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Бундай препаратлар кутилган натижани бермаслиги, экинларнинг зараркунанда ва касалликларга қарши ҳимоясини сусайтириши, натижада ҳосилдорликнинг пасайишига олиб келиши эҳтимолдан холи эмас. Айниқса, препарат таркибининг номаълумлиги ёки ундаги фаол моддалар миқдорининг белгиланган талабларга мос келмаслиги экинларга зарар етказиши, тупроқ ва атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шунинг учун қишлоқ хўжалигида қўлланиладиган кимёвий воситаларни танлаш ва улардан фойдаланишда масъулият билан ёндашиш муҳимдир.
Тушунтириш ишлари давомида тадбиркорларга кимёвий препаратларни сақлаш ва ташиш талабларига риоя қилиш, уларни озиқ-овқат маҳсулотлари, чорва учун ем-хашак ва бошқа маҳсулотлардан алоҳида сақлаш зарурлиги ҳам эслатилди. Препаратларни йўриқномада кўрсатилган меъёр ва усулларда қўллаш, белгиланган хавфсизлик чораларига амал қилиш бўйича ҳам тегишли тушунчалар берилди.



