Узун туманида ғаллачилик соҳасига бағишланган ўқув семинари бўлиб ўтказилди

Тадбир тумандаги “Хожиакбар Нарзулло Файз” фермер хўжалигида ташкил этилди. Ўқув семинарида вилоятдан келган соҳа олимлари, туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Ш.Аллабердиев, Фермерлар кенгаши раҳбарлари, қишлоқ хўжалиги бўлими мутахассислари, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги вилоят ва туман бўлими мутахассислари, соҳага дахлдор ташкилотлар ҳамда фермер хўжаликлари раҳбарлари қатнашдилар. Бошоқли дон экинлари навларини ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитини ҳисобга олган ҳолда жойлаштириш, мақбул муддатларда экиш ва парваришлаш, бунинг учун зарур бўлган моддий-техника ресурсларини ўз вақтида ва тўлиқ етказиб бериш, бошоқли дон ҳосилдорлигини ҳамда фермер хўжаликлари ва ғаллачилик кластерларининг манфаатдорлигини оширишга қаратилган ушбу семинарда зараркунанда ва касалликларга қарши курашда замонавий перепаратларни ишлатиш ҳам муҳокама марказида бўлди.

Тадбирда ғаллачиликда мавсумий агротехник тадбирларни белгиланган муддатларда ва сифатли амалга ошириш, ер ресурсларидан самарали фойдаланиш масалалари юзасидан атрофлича фикр алмашилди. Шу билан бирга, соҳада замонавий ёндашувлар ва илғор тажрибаларни амалиётга татбиқ этиш бўйича тавсиялар берилди. Фермерларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан батафсил изоҳлар берилиб, мавжуд муаммоларни бартараф этишга қаратилган таклифлар илгари сурилди.



