Маънавият ва маърифат

ҲАҚИҚИЙ ҲАЁТ ОШИҒИ….

   ҳаётий воқейликка асосланган ҳикоя

 

Бу воқеа 2018 йилнинг баҳорида бўлган эди.   Мағрибу машриқ орасида бир умр тижоратчилик қилиб бу дунёнинг барча неъматларига эришган қиёматли дугонам мияда қон айланиш бузилиши ташхиси билан тўсатдан  кома ҳолатига тушиб қолганининг хабарини беришди. Ғайрати авж, меҳру оқибати мавж дугонам билан орамизга қил, дўстлигимизга зил кетмаган ҳеч қачон. Дўст бўлсанг ёнимда тур, дарду пинҳонимда тур, дея уни йўқлаб етиб бордим. Дугонамнинг ҳовлисида ҳақиқий мотам маросимига тайёргарлик ишлари бошланиб кетган, шифокорлар унинг 5-10 соатлик умри қолганлигию яқинларига у билан  видолашиб қолишнинг хабарини беришганди. Дугонам  сўнгги дамларда хириллар, кўтарилиб тушаётган кўкракларига бир етиб, бир етмасдан, халқумдан қайтиб кетаётган охирги нафаслари — ғарғара товушларига айланиб ётарди. Кўзларимдаги ёшни тиёлмай, ўзимни бир жойга қўёлмай унинг юзларини силадим.

– Мендан рози бўл, дугонажоним. Мендан…

Шу пайт хонага шаҳд билан дугонамнинг 60 ёшлардаги опаси уввос солиб кирди.

–  Вой жигариммм, вой гўзалим… сен ўлгунча мен ўлсам бўлмасмиди… энди бу уй жойлар, бу мол-дунёни кимларга ташлаб кетаяпсан эгачим!!!!…

– Бўлди, бўлди, синглингиз жон таслим қилиш азобини тотаяпди, жони сачраб кетса баттар қийналади, ахир! Қишлоқ амбулаториясидан келиб турган навбатчи ҳамшира опани жон талвасасида хириллаётган сингилнинг вужудидан тўсишга уринади.

– Шошмачи, фалончибой қани, дейди  опа қандай важоҳат билан йиғлаётган бўлса, шундай шиддат билан ўзини йиғидан тўхтатиб.

– Нега фалончибой ўзини ўтга чўққа уриб ишлаб, жонини гаровга қўйган жигаргўшамнинг олдида эмас, дарвоқе синглимнинг тиллалари кимда экан!!!??

Мен ҳиққиллаб елка қисаман. Опа видолашишу, сингилнинг икки дунё орасидаги ҳолатини унутиб, куёвини излай бошлайди ва ёшига номутаносиб тарзда шиддат билан ўзини ташқарига уради.

Зум ўтмай ташқарида қиёмат қўпгандек шовқин кўтарилади. Нималар бўлаётганини идрок қилолмай деразадан ташқарига бўйлайман, не кўз билан кўрайки, опа дугонамнинг ҳомиладор келинининг сочларидан тутамлаб ҳовлини бошига кўтариб қарғанарди.

– Топиб бер тақинчоқларни ер ютгур, нега билмайсан, яхшигина биласанда, сен уларни беркитиб қўйгансан!!!! Бу ерга йиғилганларнинг бариси синглимнинг тиллоларининг исини олиб келган. Топиб бер, улар менда туриши керак. Опа  кўзларимга ёсуман кампирдек кўринади. Опа ҳовлида одам қиёфасидаги шайтон сувратида гавдалана бошлайди.

Типирчилаб дугонамга қарайман. Ёпирай икки дунё орасида аросатда ётган дугонам чинакамига йиғлаётганди. Афтидан у узоқ йўлга чиққан бўлса ҳам ҳамма бўлаётган воқеаларни идрок қила олаётганди. Чидаб туролмадим. Ташқарига ўқдек отилдим. Олтин талвасасида ҳовлини қиёматга айлантираётган опани бор кучим билан қучдим. Гўёки отилган вулқонни вужудим билан тўсиб овозини ўчирдим. Куч билан қўшни хонага олиб кириб ялиндим.

– Опажоним, оғир бўлинг, синглингиз жон талвасасида ётибди, ўтинаман бақирманг, у йиғлаяпди. Икки кўзи орқасида кетмасин, бемалол жон топшириб олишига ҳалал бермайлик. Опани тинчитиш осон бўлмади. Ичкарида сингил қай ҳолатда жон талваса қилаётган бўлса, опанинг бойлик талвасаси ундан кам эмасди. Зум ўтмай дугонамнинг жони узилганининг хабарини беришди. Бир қориндан талашиб тушган опа ҳам, орзу ҳавас билан йиққан бир ҳовуч тиллолари ҳам, опасини дод вой солишидан қайтариб турган мендек қиёматли дугона ҳам унинг ёнида туриб беролмадик.

Дугонамнинг  назари дунё ва дунё аҳлидан батамом узилган, тавба эшиклари унинг учун ёпилган, кўзлари ҳасрат ва надоматдан қотиб қолганди.

Воажаб, водариғ… Орзу ҳавасли дунё деймиз, сир-синоатли дунё, деймиз. Беш кунлик дунё деймиз, ҳисоб-китобли дунё деймиз. Ҳисоб-китобли дунёнинг аянчли имтиҳон манзарасини ўз кўзларим билан кўриб, қулоқларим билан эшитиб мутлақо бошқа дунёга тушиб қолгандек бўлдим.

Тангридан уялмаганларнинг ғафлат ва жаҳолат уйқуси бировнинг ҳисобига бойиб қолиш илинжида яшаётган одамларнинг борлигидан дилим ранжиди. Ғафлат оламида кунлари ва тунлари кепак баҳосида, арзон гаров одамларнинг борлигидан хушёр тортдим.

Ақлимизни эгаллаган моддий бойлик орзусидан воз кечдим. Кишиларни хушнуд қиладиган нарса олтину жавоҳир эмаслигини, улар одамларнинг ҳаёт кечириши учун бир восита, холос эканлигини англаб етдим. Соғлиқни, умрни, вақтни, оромни, роҳатни бой бериб топилган пул ва мол-давлатлари эгаларига  вафо қилмаганлиги тўғрисида китобларда ўқигандим, киноларда кўргандим. Энди уни дугонамнинг вафоти тимсолида ўз кўзларим билан кўриб тургандим. Дугонамнинг вафотидан  сўнг узоқ ўйладим. Тилло, бриллиант тақинчоқларнинг нақадар аянчли оқибатини кўриб, икки дунёда тилло тақинчоқ тақмайман ва ҳарид қилмайман, деб ўзимга ўзим сўз бердим.  Ўзим учун қадрли бўлган қимматбаҳо гавҳар кўзли узук сирға тўпламимни ўзим билиб таниб юрган 4 боласи билан эри оғир хасталикдан вафот этиб бева қолган аёлга ҳадя қилиб юбордим.

Орадан салкам 5 йил ўтиб бу воқеаларни ҳам деярли унутиб юборгандим. Тилло отлиқ тақинчоқлардан ҳоли яшаётганимга 5 йил бўлибдики, биров мени тилло тақмагансан,деб қатордан қолдирмабди.  Куни кеча ўша 4 болали бева аёл менга қўнғироқ қилиб қолди. Яшаш манзилимни сўради. 2018 йилдан буён 4 маротаба яшаш жойим ўзгарганлиги учун мени топишга қийналаётганини айтди. Манзилимни айтдим. Қизиқ. Нега излаётган экан, тинчликмикан, анчадан бери аҳволлашмаганлигимдан афсус қилдим. Манзилимни топиб келса 300-400 минг сўм илиниб юборишни кўнглимга тугдим. Аёл тўнғич қизи ва ўғли билан келди.  Шафтоли, қароли каби мева-чеваю ўз қўллари билан қаймоқли  патир пишириб келибди.

– Бекор қилибсиз, нега оввора бўлиб буларни кўтариб юрибсиз? Аёл қўлларимдан тутди. Меҳр билан кўзларимга боқди. Сиздан миннатдорман, энг қийин дамда қўллаб юборгандингиз. Бизга берган узук сирғаларингизни яхшигина пуллаб қизимга тикиш машинаси ҳарид қилдик. Ўғлим  ҳовлига 2 сотих иссиқхона қуриб ишга туширди. Тиришиб тирмашиб ишладик. Ўз даромадимизни йўлга қўйдик. Ҳаётимизга файз киргандек бўлди. Ўғлим ҳам қизим ҳам битта мақсадни олдига қўйиб ишлашди. Яхши даромад қилсак, Райҳон опага тилло зирак совға қиламиз, деб аста-секинлик билан пул жамғариб боришди. Бугун шу мақсадларига етиб сизга ўзингизникидек қимматбаҳо бўлмасада, кичикроқ гавҳар кўзли зирак сотиб олдик. Бу зиракни қиёматли опа сингил бўлиб қолишимизнинг тимсоли, деб қабул қилсангиз… Рухсат берсангиз, шуни ўз қўлларим билан қулоқларингизга тақиб қўйсам…

Бўғзимга нимадир тиқилди. Аёл ва унинг фарзандлари кўз ўнгимда ҳақиқий ҳаёт ошиғи бўлган ҳазрати инсонлар бўлиб гавдаланди. Дарвоқе кейинги 10 кунликда аёл қизини узатаётган экан.  Қиёматли синглимга нима совға қилишни ўйлаб дилим ёришди.

Райҳона Раҳимова

Related Articles

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button