ЗИЁРАТЧИЛАРИМИЗНИНГ ДАСТЛАБКИ ГУРУҲИ МАДИНА ШАҲРИГА ЕТИБ БОРДИ

Жорий йил 3 июндан 4 июнга ўтар кечаси маҳаллий вақт билан соат 02:00 да Uzbekistan Airways миллий авиакомпаниясининг бортида 240 нафар зиёратчи бўлган илк рейси Тошкентдан Мадинага (Саудия Арабистони) учиб кетди. Шу тариқа, 2023 йилги Ҳаж мавсуми очилди.
Қайд этилишича, 4-19 июнь кунлари Ўзбекистоннинг 10 та шаҳридан Мадинага парвозлар амалга оширилади. Бу йил энг кўп зиёратчилар Тошкентдан Ҳажга боради – 16 рейсда 5 575 нафар йўловчи ташилади. Намангандан 14 та, Фарғонадан 6 та, Самарқанддан 4 та, Бухоро, Урганч, Қарши ва Термиздан 3 тадан рейс, шунингдек, 2 та рейс Навоийдан, Нукусдан эса 1 та рейс амалга оширилади. 2023 йилда Ўзбекистондан жами 15 130 нафар зиёратчи Ҳаж зиёратини адо этади.
Бу йилги Ҳаж бошланиши билан Тошкент халқаро аэропорти жўнаб кетиш залининг стерил зонасида бир вақтнинг ўзида 80 ва 60 кишини сиғдира оладиган иккита, эркаклар ва аёллар учун намозхона очилди. Бундан ташқари, ибодатхоналар олдида энди таҳорат олиш учун – эркаклар ва аёллар учун ҳам махсус хоналар мавжуд. Шу билан бирга, ҳожатхоналарнинг катта блоки фойдаланишга топширилган.
Эслатиб ўтиш мумкин, мазкур рейслар давомида пойтахт аэропорти эстакадасида ҳаракатланиш вақтинча чекланади, терминалга кириш фақат йўловчилар учун очиқ бўлади. Шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси зиёратчиларнинг яқинларига терминалда тиқилинч ҳолатни ва аэропорт ён атрофида тирбандликларни олдини олиш учун аэропортга келмасдан, ўз яқинларини масжидлардан кузатишни тавсия қилди. Зиёратчилар аэропортга махсус автобусларда уюшқоқлик билан етиб келишади, рўйхатдан ўтгач етарлича ўриндиқлар жойлашган жўнаб кетиш зонасига боришади, самолётга чиқишни кутиш вақтида зиёратчиларга ичимлик ва газаклар ҳам таклиф этилади.



