8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни

8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси учун муҳим сана, Конституция-мамлакатнинг асосий қонуни қабул қилинган кун. Ушбу ҳужжат фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини кафолатлайдиган, жамиятнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётининг асосларини белгилайдиган давлат тизимининг асосидир.
Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши депутатлари томонидан 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси хорижий илғор тажриба ҳамда халқаро стандарт ва талабларга ҳар томонлама мос келган. Лекин ундаги баъзи нормаларни такомиллаштириш, бугунги кун талабларига мослаштиришни замон тақозо этганлиги сабабли, 2023 йил 30 апрель куни бўлиб ўтган референдумда халқимиз томонидан янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 8 майдаги “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида Конституцияни сўзсиз ва тўлиқ амалга ошириш, устувор конституциявий принципларни янги Ўзбекистон улуғвор ғоясига ҳамоҳанг тарзда рўёбга чиқариш, давлат органларининг фаолиятини янгича конституциявий-ҳуқуқий шароитларда йўлга қўйиш, Конституциянинг олий юридик кучга эга эканлигидан келиб чиқиб, давлат органлари ва ташкилотлари, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари фаолиятида тўғридан-тўғри ва сўзсиз қўлланилиши белгилаб берилди. Янги таҳрирдаги Конституцияга киритилган янги, замонавий ва муҳим нормаларнинг ҳаётга изчил татбиқ этилиши, хусусан, судлар томонидан ана шу конституциявий нормаларнинг тўғридан-тўғри қўлланилиши инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда янги даврни бошлаб берди. Конституциямизнинг янги нормаларида асосий эътибор инсон, жамият ва давлатнинг барқарор ривожланишига қаратилганлиги Янги Ўзбекистон ўзининг ушбу соҳалардаги халқаро мажбуриятларига қатъий содиқлигини намоён этди.
Хусусан, янги таҳрирдаги Конституцияга жиноий таъқибга учраган, ҳибсга олинган ёки қамоқда сақланаётган шахснинг адолатли суд орқали ҳимояланишига бўлган ҳуқуқини ифода этадиган халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган “Хабеас корпус” институти ва “Миранда қоидаси”нинг мамлакатимиз қонунчилигида жорий этилиши ва мустаҳкамланишига хизмат қиладиган қатор нормалар киритилди. Бу нормалар қонунларимизда аввалдан мавжуд бўлса-да конституциявий қоида сифатида киритилиши муҳим аҳамиятга эгадир. Шахсни суднинг қарорисиз қирқ саккиз соатдан ортиқ ушлаб туриш мумкин эмаслиги, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаб бериши шарт эмаслиги ва исталган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкинлиги, агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмаслиги, шахснинг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги ҳақидаги қоидалар айнан ушбу халқаро ҳужжатларнинг миллий қонунчилигимизда конституциявий қоида сифатида жой олганини кўрсатади.
Конституциянинг сиёсий ҳуқуқлар белгилаб берилган 8-бобига барча фуқаролар Ўзбекистон Республикасининг давлат хизматига киришда тенг ҳуқуққа эгалиги, давлат хизматини ўташ билан боғлиқ чекловлар қонун билан белгиланиши ҳақидаги янги норма киритилганлиги ҳам инсон ҳуқуқлари ҳимоясининг кафолати бўлиб хизмат қилади.
Конституциянинг иқтисодий, ижтимоий, маданий ва экологик ҳуқуқлар белгилаб берилган 9-бобига киритилган 47-моддасига кўра, ҳар ким уй-жойли бўлиш ҳуқуқига эга, ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмас, уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг қиймати ҳамда у кўрган зарарларнинг ўрни қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда олдиндан ҳамда тенг қийматда қопланиши таъминланади. Ушбу норма хусусий мулкнинг ҳимояси Конституция доирасида ҳимоя қилинишини кафолатлаш билан бир қаторда, мазкур Конституция лойиҳасининг 31-моддасида кўрсатилган “Ҳар ким уй-жой дахлсизлиги ҳуқуқига эга” эканлиги ҳақидаги қоидани мустаҳкамлаган ва тўлдирган.
Янги Конституциянинг яна бир диққатга сазовор қоидаси 67-моддада белгилаб берилган. Унга кўра, давлат қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминлайди. Тадбиркорлар қонунчиликка мувофиқ ҳар қандай фаолиятни амалга оширишга ва ўз фаолияти йўналишларини мустақил равишда танлашга ҳақли. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида иқтисодий макон бирлиги, товарлар, хизматлар, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланиши кафолатланади. Бу қоидалар халқ фаровонлигини ва мамлакат иқдисодиёти барқарорлигини таъминлашга хизмат қиладиган, тадбиркорлар ва уларнинг ҳимоясини таъминлайдиган, давлат органларининг бу борадаги масъулиятини оширадиган конституциявий меъёрлардир.
Таъкидлаш жоизки, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясини кафолатлайдиган, давлатнинг халқ олдидаги масъулиятини оширадиган, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қоидалари миллий қонунчилигимизга конституциявий қоида сифатида татбиқ қилинган Бош қомус бўлгани билан юртимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигига хизмат қилади.
Манзура Назарова ТерДУ ўқитувчиси



