Жамият

Ўтганларни хотирлаш, сафимизда юрганларнинг эса қадрига етиш керак

Инсонга ҳар куни тинчлик-осойишталик ва хотиржамлик керак. Тинчлигини йўқотган хонадон ҳам, мамлакат ҳам асло хотиржам бўла олмайди. Тинчлик-хотиржамлик – тараққиёт гаровидир.Биз азал-  тинчликсевар халқмиз. Айнан шу ғоя тарғибига бағишланган буюк миллий маънавий меросимиз бор. Уларнинг барида тинчликнинг қадрига етиш тарғиб этилади, уруш эса батамом қораланади.

9 майни Хотира ва Қадрлаш куни тарзида умумхалқ байрами сифатида нишонлаб келаётганимиз замирида ҳам айнан ана шу эзгу мақсад ётибди.

II жаҳон урушида Ўзбекистонимиздан 1 миллион 433 минг 230 нафар одам иштирок этди. 604 минг 52 нафар ҳамюртимиз уруш майдонларидан ногирон бўлиб қайтди, 450 мингдан ортиқ ватандошимиз эса қонли жангларда ҳалок бўлди. Ҳамон орамизда қанчадан-қанча уруш қатнашчилари, фронт ортида меҳнат-машаққат чекканлар бор. Ўтганларни хотирлаш, сафимизда юрганларнинг эса қадрига етиш керак. Мустақил Ўзбекистон халқи ва давлати аввал-бошдан тинчлик-тотувлик тарафдори сифатида майдонга чиқди.  Ана шу асосларга кўра, мустақиллик йилларида ҳам бизда 9 май умумхалқ байрами сифатида, 1999 йилдан бошлаб эса Хотира ва Қадрлаш куни сифатида нишонлаймиз. Дарҳақиқат, Мустақил давлатнинг байрамлари ҳам халқ табиати ва анъаналарига мос бўлиши керак. Чунки ҳар бир халқ қандай яшаши, нимани қадрлаши, қайси саналарни тантана қилишини ўзи ҳал этади. Бунда ўз тарихидан келиб чиқади, бугунини ўйлайди ва келажагини кўзда тутади.  Умуман, дунёқарашни, яъники тафаккурни миллийлаштириш, миллий мафкурани шакллантириш ярим мустамлака исканжасидан қутулган ёш давлат учун шу қадар муҳим эдики, бу – мамлакатнинг мамлакат, давлатнинг давлат бўлиб туришини таъминлайдиган бош омиллардан саналади.  Бугунги байрам муносабати билан жонажон Ўзбекистонимизда хотира маросимлари, турли маданий-маърифий тадбирлар, “уч авлод учрашувлари” ўтказилмоқда. Тегишли вазирлик, идора ва ташкилотлар, ҳарбий қисмлар раҳбарлари иштирокида уруш ва меҳнат фахрийлари, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг оила аъзоларига табрик ва совғалар топширишга бағишланган маросимлар тантанали вазиятда ўтказилмоқда.

Муҳтарам уруш фахрийлари халқимизнинг доимий эътибори ва эъзозида бўлиб келмоқдалар. Жумладан, ёлғиз яшаётган уруш ва меҳнат фахрийлари, истиқлолимиз ҳимояси йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг уй-жойлари таъмирланиб, обод қилинмоқда. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларининг ҳар бирига патронаж хизмати ва зарур тиббий муолажалар кўрсатилмоқда. Улар ўз хоҳишларига кўра санаторийларда даволанмоқда.  Ҳеч шубҳасиз, биз бугунги озод ва эркин ҳаёт учун азиз жонини аямасдан курашган бундай улуғ инсонлар олдида доимо қарздормиз, улар учун бундан буён ҳам барча шароитларни яратиб берамиз.

Ҳозирги ғоят мураккаб ва таҳликали замонда ёшларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, фарзандларимизни турли зарарли таъсирлардан ҳимоя қилиш, бебаҳо бойлигимиз бўлган тинчлик ва барқарорликни, миллатлар ва динлараро дўстлик ва аҳилликни асрашдек ўта муҳим вазифаларни бажаришда қаҳрамон фахрийларимизнинг жасорати, шонли анъаналари биз учун ҳамиша ибрат мактаби бўлиб хизмат қилади. Биз улардан руҳ ва куч олиб, Ватан ҳимоячилари, тинчлик посбонлари, Янги Ўзбекистон бунёдкорлари бўлишдек юксак бурчимизни албатта шараф билан адо этамиз.

Усмон Туропов, Сурхондарё вилоят  Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бошлиғи

Related Articles

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button