2026 йил 13 апрелдаги ЎРҚ-1128-сон қонун билан айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди

Сурхондарё вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармасида қонун мазмун-моҳиятини тизимдаги барча ходимларга етказиш мақсадида йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишда бошқарма бошлиғи ўринбосари Акрам Абсаматов сўзга чиқиб, янги қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжат қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга, мамлакат экспорт салоҳиятини ошишига хизмат қилишини таъкидлади.
Юқоридаги кун тартибидаги масала мазмун-моҳиятини кенг ва атрофлича ходимларга етказиш учун маъруза қилиш учун навбатни бошқарма бош юрисконсульти О.Имамовга берди. О.Имамов ўз маърузасида, 2026 йил 13 апрель куни Ўзбекистон Республикасининг “Дала четларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-1128-сон Қонунининг қабул қилинганлиги кейинги йилларда мамлакатимизда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларининг дала четларидаги каналлар, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари атрофидаги майдонларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришни йўлга қўйиш орқали аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан кафолатли тарзда таъминлашга оид чора-тадбирлар амалга оширилишига хизмат қилишини таъкидлади.

Шу билан бирга озиқ-овқат маҳсулотларини етиштиришни кенгайтириш, хорижий бозорларда талаб юқори бўлган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш орқали экспорт кўламини кенгайтириш, айниқса иқтисодиёт ва аҳоли фаровонлиги учун энг муҳим манба бўлган ерлардан унумли фойдаланиш имкониятини оширади,-деди. – Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган қўшимчаларга кўра, иккиламчи ижарага олган ижарачилар томонидан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларининг дала четларидаги канал, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари атрофидаги қонунчиликка мувофиқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш белгиланган майдонларида ва муддатларда мақбул экин экилмагани БҲМнинг 1 бараваридан 3 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгиланди.

Солиқ кодексига киритилган қўшимчаларга кўра, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги юқорида келтирилган майдонларда ҳар йили 1 майгача мақбул экин экилмаган ер участкаси ва уларнинг мулкдорлари (эгалари) тўғрисидаги ахборотни давлат солиқ органларига реал вақт режимида, электрон шаклда тақдим этиши шартлиги кўзда тутилди. Мазкур ахборотга асосан ер участкасининг мақбул экин экилмаган қисми учун жорий йилги ер солиғи ставкаси 3 баравар миқдорда оширилган ҳолда ҳисобланиши белгиланди. Ушбу қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 3 ой ўтгач кучга киради.
Ушбу йиғилишда туман бўлимлари раҳбарлари ва карантин инспекторлари туман студияларидан иштирок этишди.



