Ҳайвонлар идентификациянинг асосий мақсадлари ва вазифалари

Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 6-августдаги “Ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш тўғрисида”ги Қонунда ҳайвонларни идентификация қилиш муддатлари, ҳайвон эгасининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари, масъул органларнинг ваколатлари белгилаб берилган.
Қонунга кўра, қорамол, қўй, эчки ва туялар туғилганидан 14 кун, отлар 4 ой, чўчқалар 1 ой, ит ва мушуклар эса 3 ой ўтгач, белгиланган муддат тугаганидан кейин бир ойдан кечиктирмай идентификация қилиниши ва рўйхатга олиниши лозимлиги белгилаб қўйилган.
Бу тизимнинг асосий мақсади ҳайвон эгасига жарима солиш ёки аҳолига ортиқча муаммо яратиш эмас. Мазкур қонуннинг асосий мақсади ҳайвонларни алоҳида (индивидуал) идентификация рақами орқали рўйхатга олиш, уларнинг ҳаракати, соғлиғи ва ветеринария тадбирларини электрон тизимда кузатиб боришдан иборатдир. Қонун мамлакатда эпизоотик хавфсизликни таъминлайди. Юқумли касалликлар аниқланган ҳолатларда идентификация тизими орқали касаллик манбаи, у билан боғлиқ бошқа ҳайвонлар ва ҳудудлар тезкор равишда аниқланади. Бу эса хавфли касалликларнинг кенг тарқалишининг олдини олиш имконини беради. Чорвачилик маҳсулотларининг келиб чиқиши кафолатланади. Гўшт, сут ва бошқа ҳайвонот маҳсулотларининг қайси хўжаликда етиштирилгани, ҳайвоннинг соғлиғи, эмлаш ва ветеринария кўрикларидан ўтганлиги тўғрисида тўлиқ маълумот шаклланади. Бу ҳолат истеъмолчилар ишончини оширади ва назоратсиз маҳсулотларнинг бозорга кириб келишини чеклайди.
Шу билан бирга чорвачилик маҳсулотлари сифати ва хавфсизлигини назорат қилиш кучаяди. Идентификация қилинган ҳайвонлардан олинган маҳсулотлар ветеринария-санитария талабларига мувофиқлиги бўйича доимий назорат қилинади. Натижада инсон саломатлиги учун хавф туғдирувчи маҳсулотлар ўз вақтида аниқланиб, муомаладан чиқарилади. Давлат назорати ва режалаштириш самарадорлиги ошади. Ҳайвонларнинг жойлашуви, ҳаракати ва ҳолати бўйича аниқ маълумотлар шаклланади. Ҳайвонларни идентификация қилиш шунчаки рақам бериш эмас, бу “фермадан дастурхонгача” бўлган занжирда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминловчи асосий механизми бўлиб қолади. Ҳозирги замон истеъмолчиси маҳсулотнинг келиб чиқиши ҳақида маълумотга эга бўлишни хоҳлайди. Ўз навбатида ҳалоллик ва сифат, сотилаётган гўштнинг (сўйилган молнинг ёши, жинси ва зоти ҳақидаги маълумотларнинг аниқлиги фирибгарликнинг, масалан, қари ҳайвон гўштини ёш мол гўшти деб сотиш) келиб чиқишига аниқлик киритилади.
Хулоса қилиб айтганда, ҳайвонларни идентификация қилиш тизими республикада эпизоотик барқарорликни таъминлаш, ҳайвонлар соғлигини ҳимоя қилиш ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлашда асосий таянч механизмлардан бири бўлиб, у ветеринария назоратини кучайтириш, соғлом чорвачиликни ривожлантиришга хизмат қилади.
2028-йил 1-январдан идентификация қилинмаган ва рўйхатга олинмаган ҳайвонларни сақлаш ёки кўпайтиришга йўл қўймаслик ҳақидаги талаб кучга киради.
Отажон Имомов, Сурхондарё вилоят озиқ-овқат маҳсуотлари хавфсизлиги бош бошқармаси мутахассиси



