ҚИЗИРИҚДА ИШ ҚИЗҒИН

Сайхунобод тажрибаси ердан янада самарали фойдаланиш, деҳқонлар учун бозор топишга кўмаклашиш, тадбиркорларни сифатли уруғ ва дори воситалари билан таъминлаш, тадбиркорларнинг экспортига амалий ёрдам бериш, ер муносабатларини шакллантириш каби муҳим ислоҳотларни ўз ичига олади. Бугун ушбу тажриба бутун республикада оммалаштирилмоқда.

Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов “Сайхунобод тажрибаси” асосида аҳоли бандлигини таъминлаш, томорқадан самарали фойдаланиш тажрибасини оммалаштириш, даромадларини ошириш тадбирларининг бориши, шунингдек, янги лойиҳалар тақдимоти билан танишиш мақсадида Қизириқ туманига ташриф буюрди. Ташриф давомида тумандаги Такия ва Заробод маҳаллаларидаги аҳоли хонадонларида бўлинди. Хусусан, Такия маҳалласида яшовчи Жовли Алмардоновнинг томорқадан фойдаланиш фаолияти билан танишилди. Маълумки, маҳаллалардаги имкониятларни ишга солиб, аҳоли бандлигини таъминлаш бугун давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Бунда энг қулай ва ҳаммабоп имкониятлардан бири томорқадан фойдаланишдир.
Вилоят раҳбари Турсуной Пардаева хонадонида ташкил этилган “Аслбек Экспресс” биолаборатория фаолияти билан ҳам танишди. Ушбу хонадонлар эгаларининг меҳнаткашлиги, ўз ҳаракати билан бошқаларни ҳам ишли қилаётганлиги учун миннатдорчилик билдирилди.

– Бугунги кунда қишлоқ хўжалиги экинларини зараркунанда ва касалликлардан ҳимоя қилишда биологик усулнинг аҳамияти ортмоқда, – дейди Турсуной Пардаева. – Бу усул табиатдаги кушандалардан унумли фойдаланиш (қириб юбормаслик, экинлар орасига энтомофагларни жалб қилувчи ўсимликлар экиш), энтомофагларни (трихограмма, бракон ва олтинкўз) биолабораторияларда кўпайтириб, далага мавсумий чиқариш ҳамда микроорганизмлар асосида яратилган биопрепаратлар қўллашга асосланган. Биз бу борада вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси мутахассислари билан ҳамкорликда иш олиб бормоқдамиз.

Воҳа экин майдонларидаги мўл ҳосилдорликка эришишда биомаҳсулотларнинг ўрни беқиёс.

Сурхондарё вилоят Ўсимликлар карантин ва ҳимояси бошқармаси инспекторлари томонидан биомаҳсулотлар сифати ва ундан самарали натижага эришиш қоидаларига амал қилиш бўйича мунтазам назорат тадбирлари олиб борилмоқда. Энг муҳими, бугунги кунда фермерлар томонидан биомаҳсулотларга ва биологик усулда зараркунандаларга қарши курашишга қизиқиш янада ортган. Бу эса ғўза ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари майдонларини зарарли ҳашоратлардан сифатли ҳимоя қилиб, келгусида мўл ҳосил олишга замин яратиши билан аҳамиятлидир.
Д.Мирзақулов, Сурхондарё вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси Фитосанитория назорати ва мониторинг бўлими бошлиғи
Б. Тошбоев,Сурхондарё вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармасининг Зарарли органинзмларни прогноз қилиш ва мониторинг юритиш бўйича бош мутахассис



