Фойдали маслаҳатлар

Ўргимчаккана қандай зараркунанда?

 

Ўргимчаккана – ҳаммахўр  заракунанда бўлиб , у 248 турдаги ўсимликлар билан озиқланади айниқса ғўза, соя, ерёнғоқ, мош, кунжут, полиз экинлари, айрим вақтларда маккажўхори, шунингдек тут, ток, мевали ва манзарали дарахтларни зарарлайди.

Ғўза зараркунандалари ичида энг хавфлиларидан бири бу ўргимчакканадир. Зараркунанда баъзан пахта далаларида етиштирилаётган хосилни тенг ярмини йўқолишига сабаб бўлади. Ўргимчаккананинг зарари натижасида ҳар йили пахта ҳосили сезиларли даражада камаяди. Ўргимчаккана жуда майда зараркунанда бўлиб, уни оддий кўз билан кўриш қийин. Лупа орқали кўрилганда танаси овалсимон бўлиб, 0,4-0,65 мм катталикда. Ёз ойларида ўргимчаккана сарғиш-яшил, эрта баҳорда ва кеч кузда қизғиш рангда бўлади. Ўргимчаккананинг оталанган урғочилари сентябр ойи охирларида қишлашга кета бошлайди. Бу вақтида ўргимчаккана қизғиш рангга кириб озиқланишдан тўхтайди. Ўргимчаккана асосан кузда қаерда кўп ривожланиб тарқалган бўлса, ўша ерда қишлаб қолади, жумладан ғўзапоя ва унинг қолдиқларида, хайдовда ҳосил бўлган катта-катта кесаклар остида, дала қирғоқларидан тут дарахтлари пўстлоғи ва каллакларида, дарахтлар тагида, йўл қирғоқлари ва ариқ-зовурлар бўйларидаги кенг баргли ўтлар қолдиқларида қишлаб чиқади.

Ўргимчаккана одатда шамол ёрдамида ўзи ҳосил қилган иплари воситасида оқин сувлар, одамлар иш кийимлари ва иш қуроллари орқали тарқалади. Шунинг учун ғўза ва бошқа экинларни даставвал даланинг чекка қисмлари зарарланади. Дала ва йўл қирғоқларидаги ғўза ниҳоллари баргларига чанг ғубор тушиб, ўргимчаккана ипларига ёпишиб, уни йиртқич кушандалардан ҳимоя қилиб, кўпайиб ривожланишига имконият яратади. Ҳаво ҳароратининг иссиқ бўлиши ҳам ўргимчаккананинг ривожланиб тарқалишига қулай шароитни вужудга келтиради.   Ғўза экилган майдонларда ўргимчаккана аввал увватдаги 1-2 туп ғўзани баргларини зарарлашдан бошлайди. Ғўза ниҳолларини бу зараркунанда билан кўплаб зарарланиши ва тарқалиши ёзнинг ўрталарига тўғри келади. Чунки бу даврда ниҳоллар ўсиб ривожланиб барглари бир-бирига киришиб қолиши ўргимчакканани ҳаракатланиб юришига “кўприкча” ҳосил қилиб ўсимликдан-ўсимликка ўтишга имконият яратади.

Ўргимчаккананинг катта ва кичик ёшдагиси хам баргнинг орқа томонидаги барг оғизчаларидан ўсимлик ширасини сўриб зарар келтиради. Барг орқасига жойлашиб олган ўргимчаккана аввал ипларидан тўрлар ҳосил қилиб, ўзини ҳимоя қилиб ривожланишига шароит яратади, сўнг шу ерни узида тухум қуя бошлайди. Зараркунанда ўз хаёти давомида ўртача 140 дона, айрим вақтда эса 600 донагача тухум қўяди.

Ўргимчаккананинг тез ривожланиб тарқалиши, оз микдорда кўрингани ҳам қисқа муддатда кўпайиб, зарар келтириш даражасига етиши мумкин.

Ўргимчаккана билан зарарланган ғўза ниҳоллари соғлом ғўзага нисбатан ўсиш ва ривожланишдан орқада қолади. Зарарланган барглар сарғайиб қуриб тўкила бошлайди.  Ғўза нихолларини баргларда қизғиш-қўнғир доғлар ҳосил бўлганлигидан ўргимчаккана билан зарарланганлигини аниқлаш имкониятини беради. Ўргимчаккана ғўза нихолларининг ҳаёт фаолиятини ўзгартиради, яъни баргдаги фотосинтез фаолиятини ва модда алмашинувини бузиб, ўсимликнинг қуриб қолишига сабаб бўлади.  Аниқлаш усули – ўргимчаккана кўпайиб кўплаб майдонларга тарқалишини олдини олиш мақсадида мавсумда хар 5 кунда камида бир марта ғўза ва бошқа экинларни ўсиш даврида диққат билан синчиклаб текшириб чиқиш лозим. Аниқланган зараркунандага қарши ўз вақтида биологик ва кимёвий ишлов берилса, зараркунандани тарқалиши олди олинади.

И.Норбўтаев Сурхондарё вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси Қумқўрғон туман бўлими инспектори

Related Articles

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button