Жамият

Зарарли чигирткаларга қарши кураш тадбирларини ўз вақтида ташкил этилмоқда

Мамлакатимиз чигирткаларнинг ривожланиши ва тарқалиши учун иқлим жиҳатидан қулай ҳисобланади. Ўзбекистонда 200 турдаги чигирткаларни учратиш мумкин, уларнинг тўда ҳосил қилувчи 6-8 турига қарши ҳар йили кимёвий кураш тадбирлари олиб борилади. Сабаби ҳашаротлар қишлоқ хўжалиги экинлари, саксовулзорлар ва яйловларга зарар етказиши мумкин.

Сурхондарё вилоятида зарарли чигирткаларга қарши кураш тадбирлари барча туманларда жадаллик билан давом эттирилмоқда. Зараркунандаларнинг кенг тарқалиши кузатилаётган ҳудудларда мавжуд техникалар тўлиқ сафарбар этилиб, кимёвий ишлов ишлари узлуксиз олиб борилмоқда.

Жумладан, Узун туманида 1 та ОВХ-600, 7 та ВП-600, 2 та УМО пуркагичи ва 3 та сув ташувчи трактор, жами 16 дона техника ёрдамида 26 205 гектар майдонда кимёвий ишлов ўтказилди. Шўрчи туманида эса 1 та ОВХ-600, 5 та ВП-600, 2 та УМО пуркагичи ва 2 та сув ташувчи трактор, жами 12 дона техника жалб этилиб, 23 754 гектар майдонда ишлов берилди.

Денов туманида 3 та ОВХ-600, 2 та ВП-600, 1 та УМО пуркагичи ва 2 та сув ташувчи трактор, жами 10 дона техника ёрдамида 9 663 гектар майдонда, Қумқўрғон туманида эса жами 6 дона техника иштирокида 8 485 гектар майдонда кимёвий ишловлар амалга оширилди.

Шунингдек, Бойсун туманида жами 5 дона техника ёрдамида 4 664 гектар, Музработ туманида 5 дона техника ёрдамида 287 гектар, Жарқўрғон туманида 4 дона техника ёрдамида 2 843 гектар майдонда ишлов ўтказилди. Бандихон, Олтинсой, Сариосиё, Термиз ва Шеробод туманларида ҳам моторли қўл пуркагичлари ҳамда махсус пуркагич техникалари ёрдамида зараркунандаларга қарши кураш ишлари давом эттирилмоқда.

Вилоят бўйича мавсум бошидан буён 87941 гектар майдонда кимёвий ишлов ўтказилди. Олиб борилаётган тадбирлар натижасида зарарли чигирткаларнинг қишлоқ хўжалиги экинлари ва яйловларга етказиши мумкин бўлган зарари камайтирилиб, вазият доимий назорат остида ушлаб турилмоқда.

Ҳозирда мутахассислар томонидан барча туманларда доимий мониторинг ишлари олиб борилиб, янги ўчоқлар аниқланиши билан тезкор равишда кимёвий ишловлар ташкил этилмоқда. Бу эса зарарли чигирткаларнинг янада кенг ҳудудларга тарқалишининг олдини олиш, қишлоқ хўжалиги экинларини сақлаб қолиш ва келгуси ҳосил хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Related Articles

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button