КУЛЬТИВАЦИЯ МУҲИМ ЖАРАЁН ҲИСОБЛАНАДИ

Ғўза ниҳоллари униб чиққач, парваришига алоҳида эътибор қаратиш зарур. Жорий йилда Сурхондарё вилояти пахтакорлари 62 минг 852 гектар майдонда ғўза парваришлаб, мўл ҳосил олишни мўлжалламоқда. Бунинг учун вилоятда ташкил этилган 167 та отрядга пахтачилик билан шуғулланадиган 1 минг 945 фермер хўжалиги бириктирилиб, баҳорги чигит экиш мавсуми тез ва сифатли амалга оширилди. Ғўза ниҳоллари ҳам эрта ва сифатли бўй кўрсатди. Воҳа далаларида чигит униб чиққан майдонларда дастлабки озиқлантириш, қатор ораларини культивация қилиш ва бошқа муҳим агротехник тадбирлар уюшқоқлик билан олиб борилмоқда. Вилоятда пахта етиштирилаётган майдонларнинг қарийб 30 минг гектарида Хитой-Шинжон технологияси асосида қолган майдонларда маҳаллий шароитга мослаштирилган хорижий ва маҳаллий навли ғўза ниҳоллари парваришланмоқда.

Ангор туманидаги “Zamin Angor Cluster” пахтачилик-тўқимачилик кластери даласида ғўза ниҳоллари парваришида муҳим тадбир – қатор оралари культивациясини сифатли ўтказиш ва унинг мўл ҳосил етиштиришдаги ўрнига бағишланган семинар бўлиб ўтди. Бу йил туман пахтакорлари 4 минг 450 гектар ерда ғўза парваришламоқда. Ана шу майдоннинг 3 минг 681 гектарида “Zamin Angor Cluster” пахтачилик-тўқимачилик кластери деҳқонлари чигит экиб, ундириб олди. Туманда бир текис униб чиққан ғўза ниҳолларини биринчи озиқлантириш, қатор ораларини культивация қилиб, юмшатиш ишлари бошланди. Пахта парваришлашда етарли тажрибага эга кластер даласида бўлиб ўтган семинарда туман иштирок этган мутахассислар, ғўзанинг ўсиш даврида ўғитланиши, минерал ўғитни ниҳоллар яхши жараёнларда қатор ораларини культивация қилишнинг аҳамияти ҳақида атрофлича сўз юритди. Маҳаллий ва минерал ўғитлар билан баҳорги озиқлантириш, қатор ораларини сифатли юмшатишнинг мўл ҳосил етиштиришдаги ўрни тўғрисида фикр алмашди. Кластер даласида илк культивацияни мавжуд агротехник тадбирларга мос ўтказиш жараёни билан яқиндан танишди. Бу борада Ангор туман Ўсимликлар карантини ва ҳимояси давлат карантин инспекторлари ҳам ўз тавсияларини берди. Таъкидландики, ғўза ниҳолларини униб чиққан илк 20-25 кунлик даврида тўғри парваришлаш пахта ҳосилининг мўл бўлишига замин яратади. Тажрибалардан маълумки, ғўза ниҳолларининг ўсиб-ривожланишини тезлаштириш ва пахта майдонларини бегона ўтлардан тозалашда қатор оралари тупроқларини тўлиқ, сифатли юмшатиш талаб этилади. Бу агротехник тадбир қатор ораларида майин, майдаланган тупроқ ҳосил қилиб, ундаги намликни узоқ сақлаб туришга, бегона ўтларнинг ўсиб чиқишига йўл қўймасликка хизмат қилади.
Бахтиёр Тошбоев, Сурхондарё вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бош мутахассиси



