СЕМИНАРЛАРДА ПАХТАЧИЛИКДАГИ МУАММОЛАР ЎРГАНИЛМОҚДА

Ўзбекистоннинг иқлим шароити қишлок хўжалиги маҳсулотларини етиштиришга жуда қулай бўлиши билан бир қаторда, табиатдаги ҳашарот ва зараркунандалар яшаши учун ҳам яхши муҳит ҳисобланади. Албатта, бу борада олимлар ҳамда соҳа мутахассислари томонидан ҳашарот ва зараркунандаларга қарши кураш чоралари жиддий ўрганилиб, ўсимликка етказадиган зиёнининг олдини олиш юзасидан биологик ва кимёвий ҳимоя чоралари бўйича тавсиялар белгилаб берилган.
Ваҳоланки, сўнгги йилларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи деҳқон ва фермерларимиз ушбу тавсияларга аҳамият бермай, ўз устиларида ишламай қўйишди. Оқибатда зараркунандалар ўсимликларга зарар келтиришининг олдини олиш (профилактика) билан эмас, балки ҳашарот зарар келтиргандан сўнг унга қарши курашмоқдалар. Бу эса ўз навбатида салбий натижаларга, яъни катта меҳнат ва маблағ сарф қилиб етиштирилаётган ҳосилимизнинг 30-40 фоизини йўқотишга олиб келмоқда. Ўзбекистон шароитида пахта етиштиришда асосий зараркунандалар аниқ бўлиб, булар кузги тунлам (илдиз қурти), шира, трипс, ўргимчаккана, беда ва ғўза қандаласи ҳамда кўсак қурти ҳисобланади. Республикамиз олимлари томонидан ушбу ҳашаротларга қарши биологик ва кимёвий кураш усуллари ҳамда тавсиялари берилган, лекин, яна такрор бўлса ҳам таъкидлаймиз, качонки ҳашарот ва зараркунандалар зиён келтираётганини кўрмасак, унга қарши кураш олиб борилмаётгани ва натижада ҳосилга сезиларли зарар келтириб улгурган ҳашаротни бартараф этиш билан шуғулланиб келмоқда.

Бу каби ҳолатларни олдини олиш борасида Сурхондарё вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси мутахассислари ва унинг туман бўлими инспекторлари томонидан қатор самарали ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, ғўза парвариши бўйича эълон қилинган “Долзарб 40 кунлик” тадбири доирасида амалга оширилаётган ишлар чуқур таҳлил қилинмоқда. Ферамон тутқичлардан фойдаланиш, садш қўйиш, ҳар бир ҳудудлардаги дала дафтарларнинг юритилиши, боғ ва токзорлардаги агротехник тадбирлар ўтказилиши, йўл четидаги “зарпечак” заракунандаси ва бегона ўтга қарши кураш ишлари бўйича мониторинг кузатувлар олиб борилмоқда.

Куни-кеча бошқарманинг Узун туман бўлими ходимлари томонидан семинар ташкил этилиб, фермер ва деҳқон хўжаликлари бошлиқларига ғўза майдонларига зараркунандалар ўрганилиб, уларнинг тезкор бартараф этилишига яқиндан кўмаклашиш юзасидан тушунчалар берилди. Муҳокамаларда мутахассисларнинг пахта ва ғалла парваришини олиб бориш, ўғитлаш, агротехник тадбирларни амалга ошириш борасидаги тавсиялари тингланди. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш, агротехник тадбирларни мутахассислар тавсияси асосида амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар белгилаб берилди.

Воҳанинг барча ҳудудларида шу каби ўқув – амалий семинарлар давом этмоқда. Пахта етиштиришда жойлардаги ҳашарот ва зараркунандалар тарқалган ўчоқ ҳудудлар ва контурлар ер эгалариларга маълум. Тавсия қилардикки, ушбу мавсум йилида ва бундан буён ҳашаротлар зиён келтириши билан эмас, зиён келтиргунига қадар (профилактик) кимёвий ишловлар ўз вақтида ўтказилишини ташкил қилайлик ва меҳнатимиз натижасини хирмонга тўлиб-тошиб кетадиган ҳосил билан ҳамда хонадонларимиздаги файзу-баракасида кўрайлик!
Бахтиёр Тошбоев, Сурхондарё вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси мутахассиси



