Жамият

Наманганлик бободеҳқонлар воҳамизга ташриф буюрди

Бугун Сурхондарё вилоятининг  Бандихон, Қизириқ  ва Шерабод туманларида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 30 декабрдаги «Қишлоқ хўжалиги майдонларидаги қўшимча имкониятлардан фойдаланган ҳолда маҳсулот етиштиришни кўпайтиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижроси юзасидан семинар ташкил этилди. ПҚ-465-сон қарор 4-иловага асосан ташкил этилган тадбирда Сурхон воҳасига Наманган вилоятидан ташриф буюрган  уста деҳқонларнинг тажрибаси ўрганилди.

Унда Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги Ишчи гуруҳ раҳбари Улуғбек Машарипов, вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бошлиғи Усмон Туропов, Наманган вилоятидан ташриф буюрган деҳқончилик ҳадисини пухта эгаллаган, бу борада узоқ йиллик катта тажрибага эга бўлган И.Жабборов, О.Хошимовлар   ва Шерабод туман “Мустақиллик” ҳудудида  жойлашган  фермер хўжалиги аъзолари иштирок этишди.

Куннинг долзарб ва барча йиғилганларга бирдек қизиқ бўлган мавзу –  қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва кўпайтириш, бодом, ток, гилос, беҳи каби  кўчатларини экишни самарали ташкил қилиш, уруғ ва кўчатлар  билан ишлашда Наманганлик боғбонлар тажрибаси ўрганилди. Воҳамизга ташриф буюрган меҳмонлар томонидан йил давомида даромадли экинлар экиш ва уларни экспорт қилиш учун мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилувчи тадбиркорларнинг талабларини ўрганиш зарурлиги ва  ўсимликларни қай тарзда  ва нима билан озиқлантириш, ҳашорат ва касалликларга қарши курашиш, кўчатларни пайвандлаш усуллари ҳақидаги фикрлари тингланди.

Сўнгги йилларда тобора кучайиб бораётган иқлим ўзгариши, сув ресурсларининг танқислиги, ерларнинг мелоратив ҳолати бузилиши каби муаммолар сабаб, соҳада қатор муаммолар юзага келаётганлиги ҳам муҳокама қилинди. Айниқса, экспортбоп маҳсулотларнинг совуққа чидамсизлик ҳолатлари ҳам кузатилганлиги, ҳосилнинг катта қисмини йўқотишнинг олдини олишда қандай агротехник чора-тадбирларга риоя қилиш, дала маданиятини шакллантириш, йилнинг тўрт фаслига ҳам чидамли кўчатлар билан ишлаш, мўл ҳосил олиш сирлари  ҳақида  атрофлича фикр юритилди. Тупроққа  жадал ишлов беришга асосланган эскича ёндашувлар унинг емирилиши ва экинлар ҳосили камайиб кетишига сабаб бўлаётганлиги, қишлоқ хўжалик ишлаб чиқаришига бўлган ёндашув ўзгариши ва деҳқончилик маданиятининг янги усуллари татбиқ қилиниши бу борада ижобий натижа бериши таъкидланди. Янгича ёндашувлар тупроқдан жойига қараб оқилона фойдаланишга сабаб бўлади.

Шунингдек, семинарда мутахассислар томонидан ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитига мос уруғ ва кўчатлар танлаб олиниши бўйича тавсиялар бериш ҳамда агротехник тадбирларни субъектлар кесимида ташкил қилиш, ҳосилдор уруғ ва кўчат навларининг, шунингдек, минерал ўғит ва кимёвий препаратларнинг ўз вақтида етказиб берилишини ташкил этиш, етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг сотувини, шу жумладан, «Uzex Agro» электрон савдо платформаси орқали ташкил қилиш масалари ҳам ўрганилди. Тадбирда наманганлик миришкорлар томонидан намуна сифатида кўчатлар экиш усуллари ҳам кўрсатиб ўтилди. Семинар ўз ишини эртага Термиз туманида давом эттириради.

Бир сўз билан айтганда, давлатимиз раҳбарининг юқорида қайд этилган қарори мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, экспорт ҳажмини ошириш, қолаверса, аҳоли ва хўжаликлар даромадини янада кўтариш учун кенг имкониятлар эшигини очиб беради.

Хислат Чориев, Сурхондарё  вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бошлиғи ўринбосари

Related Articles

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button