Йўлдан ўтаётганда огох бўлинг…

Бугунги кунда Ўзбекистон темир йўлларида йўловчи ва юк ташиш сифати жадал суратларда ривожланмоқда. Бу борада Сурхандарё вилояти Бойсун туманида жойлашган “Дарбанд темир йўл масофа корхонаси”да ҳам самарали натижаларга эришилди. Корхона томонидан ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, юкларни манзилларга бехавотир етказиш, йўловчиларга сифатли хизмат кўрсатишда ҳам қулайликларга эришилди. Хозирги кунда корхона ҳудудига қарашли “Оқробот-Қумқўрғон” ва “Қумқўрғон –Қудуқли” бекатлари йўналишида ҳам бир қатор самарали ишлар изчиллик билан давом этаётир.
Оқробот-Қумқўрғон ва Қумқўрғон –Қудуқли бекатлари йуналиши бўйича 40 та темир йўл кесишмаси мавжуд бўлиб, йўл кесишмаларида замонавий видио кузатув қурилмалари ўрнатилган. Бу ўз навбатида автомобил ҳайдовчилари ва пиёда йўловчилар хушёрлигини оширишига туртки бўлмоқда. Шунга қарамай хар ойда хар хил даражада қоидабузарликлар содир этилмоқда. Гарчанд темир йўл кесишмаларида поезд состави яқинлашаётганлигини билдирувчи чироклар ёниб турганига қарамай, баъзи хайдовчилар автомобил (техника) ларини тўхтатмай «тезроқ ўтиб олай» деган мақсадда тезликни ошириш ҳолатлари кузатилган. Ёки қўриқланадиган темир йўл кесишмаларида шлагбаунлар туширилганда ҳам поезд составини ўтишни кутиб турмай автотраспортларини хайдаб кетиш холлари рўй беряпти. Умумфойдаланиш темир йўлларидаги қўриқланмайдиган кесишмаларда сўнгги йилларда поездлар ва автотранспорт воситалари иштирокида кўплаб бахтсиз ҳодисалар содир бўлмоқда, бунинг натижасида эса инсонлар ўлимига (соғлигига) ёки поездлар ҳаракат хавфсизлигига жиддий хавф туғдирмоқда.
Маълумот учун: 2023 йилда жами 63 маротаба қўриқланмайдиган кесишмаларида автотранспорт воситаси билан тўқнашуви содир бўлиб, уларда 26 нафар инсон жабрланган ва 12 нафар инсонларнинг ўлими билан якун топган. Ўтган йили эса қўриқланмайдиган кесишмаларда 21 маротаба содир бўлган тўқнашувларда 7 нафар инсонларнинг ўлимига ва 5 нафар инсоннинг тан жароҳати олишига сабаб бўлган. Шундай холатлардан бири 2024-йил 6-август куни соат 12:19 ларда Элбаён-Қумқўрғон станциялар оралиғи 4544 км 9-пикетда жойлашган қўриқланмайдиган темир йўл кесишмасида, Сариосиё Термиз шаҳарлараро қатновчи 6375-сонли йўловчи поезди билан “Ласетти жентра” русумли автомобиль тўқнашган ва оқибатда ҳайдовчи вафот этган. Фуқоролар томонидан корхонамиз тасарруфидаги темир йўл изларидан ўтиш қоидаларини менсимаслик натижасида фуқаролар ва поездлар ўртасида содир бўлган тўқнашувлар натижасида 2024 йилда 9 та бахтсиз холатлар келиб чиқиш натижасида фуқороларнинг оғир тан жарохатлари олиш ҳамда ўлим холатларига олиб келган.
“Дарбанд темир йўл масофа корхонаси”да ходимлари томонидан йўл харакати қоидаларини менсимайдиган, уларга риоя қилмайдиган, шошқалоқ хайдовчилар ва фуқоролар томонидан содир этилаётган бундай нохуш холатлар юзасидан вилоят ЙХХБ га тўлиқ маълумотлар юборилмоқда. Ҳуқуқ- тартибот идоралари ходимлари томонидан бу тоифа хайдовчиларга нисбатдан қатъий чоралар кўрилмоқда. Темир йўлчилар томонидан кесишмалар ҳудудида жойлашган ташкилотлар, махаллалар, ўқув масканлари ва шахсий транспорти бўлган фуқоролар билан учрашувлар ташкил этилмоқда. Темир йўл кесишмаларидан ва темир йўл изидан ўтиш қоидалари бўйича тушунтириш ишларига олиб борилишига қарамай, маҳаллий аҳоли томонидан темир йўл атрофида чорва молларини боқиш ва қаровсиз қолдириш ёки ёш болаларга ишониб ташлаб кетиш натижасида моллар темир йўлга чиқиб поездлар харакатини қийинлаштирмоқда.
Азиз воҳадошлар! Ўз хаётимиз ва фарзандларимиз келажагига бефарқ бўлмайлик. Биргина хато орқасидан инсон тақдири ўзгариб кетиши мумкин…
Қ. Нормаматов, “Дарбанд темир йўл масофаси корхонаси” филиали раҳбари
О.Курбоназаров, Транспорт назорати инспекцияси Темир йўл транспортида назорат Қашқадарё вилояти ҳудудий бўлими бошлиғи



